Ноябрь ойида қандай об-ҳаво кутилмоқда? Ўзгидромет шарҳи
Ноябрь ойида Ўзбекистонда об-ҳаво жуда ўзгарувчан бўлади — турли йилларда ҳам иссиқ, ҳам кучли совуқлар кузатилган. Охирги 50 йил ичида ҳароратнинг сезиларсиз, аммо барқарор ўсиши кузатилмоқда. Бу йил ҳарорат меъёр атрофида, баъзи жойларда меъёрдан 1−1,5 даража юқори бўлиши кутилмоқда. Айрим кунларда ёғингарчилик кутилмоқда.

Ноябрь ойида қандай об-ҳаво кутилмоқда? Ўзгидромет шарҳи
Ўзгидромет ноябрь ойида об-ҳаво қандай бўлиши мумкинлиги ҳақида шарҳ тақдим этди.
Охирги кузги ой давомида одатда ҳаво ҳароратининг босқичма-босқич пасайиши давом этади, бу қиш даврига ўтиш билан боғлиқ.
Иқлимий маълумотларга кўра, ноябрь ойида ўртача ҳаво ҳарорати октябрь ойидагига қараганда 6−7 даражага, шимолда ва чўл зонасида эса 8−9 даражага паст бўлади.
Ой давомида шимолий ва шимоли-ғарбий йўналишлардан келадиган совуқ ҳаво массаларининг таъсири кучаяди, шу сабабли кескин совуш эҳтимоли сезиларли даражада ортади.
Ноябрь ойининг иқлим шароитлари мамлакат ҳудудлари бўйича сезиларли даражада фарқ қилади: жанубда юмшоқроқ ҳарорат режими сақланиб қолади, шимолий ҳудудларда эса совуш одатда вақтлироқ бошланади ва кучлироқ намоён бўлади. Текислик ва тоғли ҳудудлар ўртасидаги ҳарорат контрастлари кучаяди.
Ноябрь ойининг ҳарорат режими юқори ўзгарувчанлик билан тавсифланади: нисбатан иссиқ об-ҳаво даврлари совуқ ҳавонинг кириб келиши билан ўрин алмашиши мумкин, бу ҳароратнинг сезиларли даражада пасайиши билан жўр бўлади.
Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ҳаво ҳароратининг абсолют минимуми ўтган асрда қайд этилган. Энг совуқ ноябрь ойларида ҳарорат −19…−24 даражагача, Қорақалпоғистон шимолида −28…−31 даражагача, энг чекка жанубда эса −12…−15 даражагача тушган.
Ушбу асрда Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида энг паст ҳаво ҳарорати −10…−15 даражани ташкил этди. Бундай қийматлар 2020 ва 2016 йилларнинг ноябрь ойларида кузатилган. Фақат Қорақалпоғистон ва Хоразм вилояти бўйича ушбу асрда бутун тарихий кузатувлар қаторидаги рекорд қийматларга яқин бўлган жуда паст ҳаво ҳароратлари кузатилган. 2006 ва 2016 йилларда ноябрь ойида ҳаво ҳарорати −18…−21 даражагача, Устюртда эса −26…−28 даражагача пасайган.
Бутун метеорологик кузатувлар қаторидаги ҳароратнинг абсолют максимуми +30…+33 даражани, Қорақалпоғистон ва Фарғона водийси бўйича эса +26…+28 даражани ташкил этади. Республика ҳудудининг катта қисмида ушбу рекордлар ушбу асрда ўрнатилган.
Ўзбекистонда метеорологик кузатувларнинг барча йиллари давомида энг иссиқ ноябрь 2023 йилда бўлган, ўшанда ўртача ойлик ҳарорат иқлимий меъёрдан 3−6 даражага юқори бўлган. Республика ҳудудининг катта қисмида, шимолий ҳудудлар ва чўл зонасидан ташқари, 2023 йилнинг ноябрь ойида ҳаво ҳарорати биррор марта ҳам манфий қийматларга тушмаган.
Тошкентда ноябрь ойининг ўртача ҳарорати охирги 50 йилда ижобий, аммо нисбатан кучсиз кўтарилувчи трендга эга. Ноябрь ойида ўртача ойлик ҳаво ҳароратининг кўтарилиши чизиқли тренди ўн йилликда тахминан 0,14 даражани ташкил этади.
Ноябрь ойида ёғингарчилик (ёмғир, вақти-вақти билан қорга айланиши мумкин) октябрь ойидагига қараганда тез-тез ёғади ва давомлироқ ҳамда жадалроқ бўлади.
Ҳудуднинг катта қисми бўйича ойлик ёғингарчилик меъёри 30 мм дан 55 мм гача, тоғолди ва тоғли ҳудудларда эса 60 мм дан 110 мм гачани ташкил этади.
Кўп йиллик давр учун ўртача ҳисобда энг кам ёғингарчилик республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудларида ва чўл зонасида — 8 мм дан 17 мм гача, Фарғона водийсининг баъзи жойларида ва республика жанубининг айрим ҳудудларида эса 20 мм дан 30 мм гача ёғади.
Ёғингарчилик асосан ёмғир кўринишида, совуш даврларида эса қорга айланиб ёғади.
Тоғли ҳудудларда биринчи қор қоплами шаклланиб бўлган.
Пастки зоналарда у беқарор бўлади, 2000−2200 м дан юқори баландликларда эса ой охирига келиб унинг баландлиги 25−40 см га этади.
Республика ҳудудининг катта қисми бўйича кузатувларнинг барча йилларида энг кўп ёғингарчилик бўлган ноябрь 2011 йилда қайд этилган. Ўша ноябрда ойлик ёғингарчилик меъёрининг 3−3,5 бараваригача, энг чекка жанубда эса ойлик меъёрнинг 4−7 бараваригача ёғин ёғган.
Тошкентда, масалан, 2011 йил ноябрида меъёр 51 мм бўлгани ҳолда 167 мм ёғингарчилик ёққан ва меъёр 11 кун бўлгани ҳолда 19 кун ёғингарчилик кузатилган.
Ёғингарчилик ҳам ёмғир, ҳам қор кўринишида ёққан. Ой давомида бир неча бор беқарор қор қоплами шаклланган ва ой охирида қор қопламининг баландлиги 20 см га етган, тўғри, бу кўринишда у атиги 2 кун сақланиб турган.
Термизда 2011 йил ноябрида меъёр 20 мм бўлгани ҳолда 148 мм ёғингарчилик ёққан.
Аммо метеорологик кузатувлар тарихида аномал қуруқ ноябрь ойлари ҳам бўлган, ўшанда ёғингарчилик меъёрдан 1% дан 30% гача ёққан.
Ноябрь ойида ўртача ойлик ҳаво ҳарорати меъёр атрофида, баъзи жойларда меъёрдан 1−1,5 даражага юқори бўлиши кутилмоқда.
Ойнинг биринчи ўн кунлиги нисбатан иссиқ бўлади, устувор ҳарорат кечаси +5…+10 даража, кундузи — +17…+22 бўлади.
Ойнинг иккинчи ва учинчи ўн кунликларида ҳарорат фони пасаяди, ҳарорат кечаси +3…+8 даражадан −2…+3 даражагача, кундузи — +15…+20 даражадан +5…10 даражагача ўзгариши кутилмоқда.
Ёғингарчилик, асосан ёмғир кўринишида, ойнинг айрим кунларида кутилмоқда. Ҳарорат пасайганда ёмғирнинг қисқа муддатга қорга айланиши истисно қилинмайди.
Ойлик ёғингарчилик миқдори меъёр атрофида, баъзи жойларда меъёрдан кам бўлиши прогноз қилинмоқда.

