Норвегияда Украина талаби билан Россия кемаси қўлга олинди

Норвегияда Украина сўрови асосида Россия кемаси қўлга олинди
Норвегиянинг Норд-Тромс округ суди 31-август куни Украинанинг “Нафтогаз” компанияси даъвосини қаноатлантирди. Суд Шпицберген архипелагидаги Баренцбург шаҳрида жойлашган Россиянинг “Профессор Молчанов” тадқиқот кемасини қўлга олиш ҳақида қарор чиқарди.
Маълум бўлишича, 2-сентябр куни Шпицберген губернатори кемани мусодара қилган. Кема алоҳида кўрсатма берилгунга қадар Баренцбургда лангар ташлаб туради. Ҳокимият баёнотига кўра, губернатор Арктикугол трести билан биргаликда кема бортидаги экипаж ва йўловчилар ҳолидан хабар олиб туради.
Губернатор сайтида тушунтирилишича, кеманинг қўлга олиниши “Нафтогаз” компаниясининг 2014-йилда Россия томонидан тортиб олинган маблағларни қайтариш бўйича олиб бораётган курашининг бир қисмидир.
Россиянинг Узоқ Шарқ ва Арктикани ривожлантириш вазири Алексей Чекунков Норвегия судининг қарорини “Ғарб мамлакатларининг қонунларни менсимаслиги ва ўзбошимчалигининг навбатдаги исботи” деб баҳолади.
“Биз Норвегиянинг Шпицберген архипелагида 95 йилдан бери мавжудмиз. У ерда Арктикугол трести 1931-йилдан бери фаолият юритмоқда. Росгидрометнинг ъПрофессор Молчановъ кемаси компаниямиз билан алоқа ўрнатиш учун ишлатилган”, деб тушунтирди Чекунков.
У Арктикугол трести Норвегия судининг кема қўлга олиниши бўйича қарори устидан шикоят қилишини қўшимча қилди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова кеманинг қўлга олинишига жавобан Россия “тегишли тарзда жавоб қайтаришини” билдирди.
“Профессор Молчанов” қутб ва океанографик тадқиқотлар ўтказувчи илмий-тадқиқот кемасидир. У Шимолий гидрометеорология ва атроф-муҳитни мониторинг қилиш бошқармаси флотига киради. 2025-йилдан бери кема Мурманск ва Баренцбург портлари ўртасида мунтазам қатнаб келади.
У Шпицбергенга туристлар, олимлар, Арктикугол трести ходимлари ва уларнинг оилаларини ташиб келган. 2026-йил учун шундай саёҳатлардан 10 таси режалаштирилган эди.

