Украина дронлари Новороссийск портига ёппасига ҳужум қилди
Зарбадан кейин порт «машғулотлар» баҳонасида ёпилган. «Энди Қора денгиз флоти қаёққа қочиши савол остида», – дейишмоқда З-каналлар.

12-августга ўтар кечаси Украина қуролли кучлари Новороссийск портидаги Россия ҳарбий-денгиз флотининг базасига кенг кўламли ҳужум уюштирди. Ушбу ҳужумдан сўнг, 13-август куни порт "машғулотлар даврида" ёпилиши эълон қилинди. "Интерфакс" хабарига кўра, порт акваториясида кемалар ва бошқа сузиш воситаларининг ҳаракатланиши 14-августдан бошлаб тақиқланади.
Севастопол акваториясининг Украина қуролли кучлари томонидан мунтазам ўққа тутилиши сабабли Новороссийск Россия Қора денгиз флоти кемалари учун асосий жойлашув нуқтасига айланган эди.
Украина президенти Володимир Зеленский 12-август оқшомидаги баёнотида ушбу ҳужумда "Паляница" реактив дронлари, "Нептун" ракеталари ва сувости дронлари ишлатилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, "Ҳаво ҳужумидан мудофаа позициялари, причаллар ва денгиз порти инфратузилмасига зарба берилгани тасдиқланди". Зеленский турли қуроллар иштирокидаги бундай комбинацияланган ҳужум илк бор амалга оширилганини таъкидлади.
Украина қуролли кучлари бош штаби зарбалар натижасида "Адмирал Макаров" ва "Адмирал Эссен" фрегатлари, "Буян-М" кичик ракета кемаси ҳамда "Васил Биков" патрул кемаси шикастланганини тасдиқлади.
Украина мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Евгений Хмара ҳужумга изоҳ берар экан, Украина қуролли кучлари "Россия ҳарбий машинасини ишдан чиқаргани"ни айтди. У ҳам Зеленский каби бу амалиётни "ноёб" деб атади ва "Комбинацияланган зарба ракеталар, реактив дронлар ва сувости дронлари орқали берилди", деб қайд этди.
Украина разведка бошқармаси эса зарбалар оқибатида "Грушовая" нефт базаси инфратузилмалари ҳамда Россиянинг Қора денгиздаги энг йирик терминали бўлган "Шесхарис" нефт қуйиш терминали аниқ нишонга олинганини маълум қилди.
Ҳужум оқибатлари Вантор компанияси томонидан олинган тезкор сунъий йўлдош тасвирларида акс этди. Россиядаги ҳарбий мавзуга ихтисослашган "Ҳарбий даракчи" телеграм-канали кадрларда "Адмирал Эссен" ва "Адмирал Макаров" кемалари зарбага учраганини кўриш мумкинлигини, аммо шикастланиш даражасини аниқлаб бўлмаслигини қайд этди. Шунингдек, ғалла терминали инфратузилмаси, нефт қуйиладиган причалдаги танкер ва нон маҳсулотлари комбинати биноларида зарба излари кўриниб туради.
"Кемалар мунтазам зарбалар туфайли Қримдан Новороссийскка олиб чиқилганди, катта савол шуки, Қора денгиз флоти энди қаёққа қочиши керак?" – дея қайд этади "Ҳарбий даракчи" муаллифи.
Реутерс агентлиги соҳадаги манбаларга таяниб ёзишича, Украина қуролли кучлари ҳужумлари натижасида Россиянинг иккита энг йирик ғалла терминали ўз фаолиятини тўхтатган. Шикастланиш кўлами ва ишни қайта тиклаш муддати ҳозирча номаълум. Таҳлилчилар июл ойидаёқ Украина дронларининг ҳужумлари яқин келажакда Қора денгиз орқали дон экспортини тўхтатиб қўйиши – бу эса Африка ва Яқин Шарқ мамлакатларида нархлар кўтарилишига ва очарчилик хавфига олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди.

