«Ногиронлиги бўлган шахсларга васийлик эмас, балки қўллаб-қувватлаш зарур». Ногиронлиги бўлган шахсларни муомала лаёқатидан маҳрум қилиш тўғрисида экспертлар фикри
Ўзбекистон қонунчилиги муомала лаёқатидан тўлиқ маҳрум қилишга йўл қўяди, бу эса БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига зиддир. Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳуқуқларидан маҳрум қилиш муаммоси ва васийлик ўрнига қўллаб-қувватлаш моделлари Самарқанд инсон ҳуқуқлари форумида муҳокама қилинди. «Газета» экспертларнинг асосий фикрларини тўплади.

«Ногиронлиги бўлган шахсларга васийлик эмас, балки қўллаб-қувватлаш керак». Ногиронлиги бўлган шахслардан муомала лаёқатини олиб қўйиш бўйича экспертлар фикри
Ўзбекистон қонунчилиги суд қарори билан муомала лаёқатидан маҳрум қилишга йўл қўяди, бу эса БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси 12-моддасига мос келмайди. Бу ҳақда ногиронлик масалалари бўйича халқаро эксперт Янина Арсеньева 28−29 сентябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган Самарқанд инсон ҳуқуқлари форумида маълум қилди.
12-модда инсоннинг ҳуқуқий жиҳатдан аҳамиятли қарорларни мустақил қабул қилиш ҳуқуқига бағишланган.
Сессияни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жасур Жумаев ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси (ИҲОКБ) минтақавий вакили Эннио Боати олиб борди. Жумаев ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун 2020 йилда қабул қилинганини, Ўзбекистон конвенцияни 2021 йилда ратификация қилганини эслатиб ўтди.
Унинг сўзларига кўра, парламент ва маҳаллий кенгашларга ўтказилган сайловларда мамлакат тарихида илк бор ногиронлиги бўлган 138 нафар шахс депутат бўлди, улардан уч нафари Қонунчилик палатасида фаолият юритмоқда. Мамлакатда 1,06 миллиондан ортиқ ногиронлиги бўлган шахс истиқомат қилади.
Боати бутун конвенцияни қамраб олишга уринмасдан, 12-моддани муҳокама қилишни таклиф этди. У ушбу модда нафақат интеллектуал ёки психоижтимоий ногиронлиги бўлган шахсларга тегишли эканини таъкидлади.
«12-модда ногиронлиги бўлган барча шахсларга нисбатан қўлланилади. Оддийроқ айтганда, муомала лаёқати — бу инсоннинг қонун томонидан тан олинадиган ва унинг ҳаёти учун оқибатларга эга бўлган қарорларни қабул қилиш қобилиятидир. Бу соғлиқ, пул, мол-мулк, таълим, оилавий ҳаёт, ижтимоий хизматлар ва бошқа кўплаб масалалар бўйича қарорлардир», — деди Эннио Боати.
Унинг сўзларига кўра, қўллаб-қувватлаш инсон ўрнига қарор қабул қилиш билан тенг эмас. У маълумотни тушунишга, вариантларни баҳолашга ва ўз хоҳиш-иродасини ифодалашга ёрдам беради. Бу қулай шаклдаги маълумот, мулоқотда кўмаклашиш, сурдотаржима, оқилона мослаштириш ёки ишончли вакилнинг ёрдами бўлиши мумкин.
Янина Арсеньева ИҲОКБ топшириғига биноан Ўзбекистонда 12-модданинг қўлланилишини ўрганди. Тадқиқот тез орада тайёр бўлади. У конвенция қандай яратилганини эслатиб ўтди.
«12-модда конвенциянинг энг радикал ва ҳатто инқилобий моддаси экани билан машҳур. Бундан 20 йил аввал БМТга аъзо давлатлар бўлажак конвенция матнини тайёрлаш учун Нью-Йоркда учрашганларида, 12-модда давлатлар келишиб олган энг сўнгги модда бўлган эди. Чунки у ногиронликка бўлган ёндашувни мутлақо радикал тарзда ўзгартиради», — деди Арсеньева.
Экспертнинг сўзларига кўра, тарихан муомала лаёқати муаммоси барча мамлакатлар учун умумийдир. Ногиронлиги бўлган шахслар кўпинча муассасаларга муддатсиз, қарор устидан шикоят қилиш имкониятисиз жойлаштирилади. Улар мажбурий даволанишга, баъзан эса, у таъкидлаганидек, шафқатсиз муомала ёки қийноқлар даражасига етадиган муносабатга дучор қилинади. Пулни тасарруф этиш, оила қуриш ва фарзанд тарбиялаш учинчи шахсларга топширилади.
Янина Арсеньева инсон ўрнига қарорлар нафақат эзгу ниятлардан келиб чиқиб қабул қилинишини таъкидлади: васийга бу қулай ёки фойдали бўлиши мумкин, баъзан уни шахсий манфаат ёки қасос ҳаракатлантиради. Масалан, қариндоши ўзига юк бўлаётган, лекин унинг пенсиясини олишни яхши кўрадиган васий уни интернатга жойлаштириши ёки кам пул билан таъминлаши мумкин. Муомала лаёқатидан маҳрум қилиш кўпинча «фуқаролик ўлими» деб таърифланади.
«Кўпинча бундай қарорлар, таъбир жоиз бўлса, инсоннинг энг олий манфаатлари йўлида қабул қилинади. Яъни, васийлар ва давлат бу қарорларни қабул қилади, чунки уларга инсоннинг ўзи буни қила олмайдигандек туюлади. Қўллаб-қувватлаш тақдим этиш ўрнига, шунчаки муомала лаёқати олиб қўйилади», — деди у.
Тадқиқот Ўзбекистонда муомала лаёқатидан маҳрум қилишга йўл қўйилишини, қонунчилик эса 12-моддага мос келмаслигини кўрсатди. Эксперт бузилишнинг учта шаклини ажратиб кўрсатди.
Биринчиси — расмий равишда муомала лаёқатидан маҳрум қилиш.
Фуқаролик кодексига кўра, суд фуқарони муомалага лаёқатсиз деб топиши мумкин, бу кўпинча интеллектуал ёки психоижтимоий ногиронлиги бўлган шахсларга тегишли бўлади. Кейин васий тайинланади. Шахс овоз бера олмайди, уйлана олмайди, қаерда ва ким билан яшашни ҳамда нечта фарзанд кўришни ҳал қила олмайди. Бунда муаммонинг кўлами номаълум.
«Мен Ўзбекистоннинг БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича қўмитасига тақдим этган маърузаси билан танишдим, бироқ унда рақамлар ҳақида гапирилмаган: қанча одам муомала лаёқатидан маҳрум қилинган, қандай сабабларга кўра, қанча муддатга, одамларга муомала лаёқати қачондир қайтариладими ёки йўқми. Бу маълумотлар шунчаки йўқ, ҳар ҳолда, очиқ манбаларда мавжуд эмас», — деди эксперт.
Арсеньева ҳисобни Адлия вазирлиги юритиши мумкинлигини тахмин қилди ва БМТда маъруза ҳимоя қилинаётганда ушбу маълумотлар тақдим этилишига умид билдирди.
Бузилишнинг иккинчи шакли — «ҳимоя ниқоби остидаги» чекловлар.
«Ногиронлиги бўлган шахс ҳуқуқий жиҳатдан тўлиқ муомала лаёқатига эга. Аммо ногиронлиги сабабли унга қонунда кўзда тутилмаган қандайдир қўшимча талаблар қўйилади», — деди Арсеньева.
У шу ёзда шов-шувга сабаб бўлган воқеани мисол қилиб келтирди. Кўзи ожиз шахс Тошкентдаги нотариусга ишончнома расмийлаштириш учун келганида, унга рад жавоби берилган ва кўзи ожизлар жамиятидан одамларни бошлаб келиш талаб қилинган. Арсеньеванинг сўзларига кўра, қонунда бундай нарса кўзда тутилмаган, бу талаб Адлия вазирлигининг нотариал йўриқномаларида мавжуд. Унинг баҳолашича, улар нафақат конвенцияни, балки миллий қонунчиликни ҳам бузади. Хавфсизлик кафолатлари инсон керакли ҳужжатни имзолаганига ишонч ҳосил қилиш учун керак, лекин улар автономияни тортиб олиш эмас, балки уни ҳимоя қилиши лозим.
Учинчи шакл — муомала лаёқати қоғозда мавжуд бўлса-да, лекин қулайликлар йўқлиги сабабли ундан фойдаланиб бўлмаслиги. Аравачадаги инсон пандуссиз нотариал идорага кира олмайди ёки лифт бўлмаган жойга кўтарила олмайди. Кар инсонга судда сурдотаржимон берилмайди ва у бунинг учун ўзи пул тўлашига тўғри келади. Кўзи ожизларга ҳужжатлар улар учун қулай форматда берилмайди. Унинг сўзларига кўра, инсон агар унга жуда зарур бўлса, кўпинча чиқиш йўлини топади, лекин унинг айланма йўлларни излашга мажбур бўлган вазиятининг ўзини у ҳуқуқларнинг бузилиши деб атади.
Эксперт тиббий ёрдам билан боғлиқ мисолни алоҳида келтириб ўтди. Сир сақлаган ҳолда тиббий аборт қилдирмоқчи бўлган кар аёл барибир қабулга мулоқотда ёрдам берадиган ишончли вакили билан келиши керак бўлади — кўпинча бу оила аъзоси бўлади, чунки яқинлари ишора тилини бошқалардан кўра яхшироқ билишади. Натижада қабулнинг махфийлиги бузилади — худди махфий тиббий ёрдам олиш ҳуқуқи каби.
Янина Арсеньева мавжуд вазиятни тузатиш учун босқичма-босқич ёндашувни таклиф қилди, чунки ислоҳотни бир кунда ва, эҳтимол, ҳатто ўн йилда ҳам амалга ошириб бўлмайди.
«Бу жуда мураккаб масалалар ва кўпинча улар дастлабки босқичларда деярли ҳаммада, жумладан, адлия вазирликлари, судлар, парламент вакилларида ҳам қандайдир рад этишни келтириб чиқаради. „Биз доим шундай қилганмиз, бизда доим васийлик институти бўлган, буни бошқача қандай қилиш мумкинлигини билмаймиз. Қандай қилиб Даун синдроми бўлган одам сайловга боради, ментал ногиронлиги бўлган одам қандайдир қарорлар қабул қилади? Ахир улар хавфли-ку, уларга ишониб бўлмайди-ку!“ Стигма мавжуд — ҳамма жойда, бутун дунёда, нафақат Ўзбекистонда», — дея таъкидлади эксперт.
Янина Арсеньева таклиф қилган биринчи қадам — маълумотлар.
Ногиронлиги бўлган шахслар иштирокида, ўқитилган органлар ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари кучи билан муаммо кўламининг мустақил мониторинги зарур. Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, ҳозирнинг ўзидаёқ камситувчи йўриқномалар ва шароитларни, масалан, нотариусларда аниқлаш ва бартараф этиш мумкин. Оқилона мослаштириш ва қулайлик кўпинча таъминланмайди, чунки бу ҳақда ҳеч ким ўйламаган, санкциялар ва молиялаштириш йўқ, деб қайд этди эксперт.
Иккинчи қадам — ислоҳотни илгари сурадиган одамлар доирасини яратиш.
Ҳозирда муомала лаёқати масалалари билан жуда кам одам шуғулланмоқда, ногиронлиги бўлган фаоллар ва экспертлар, интеллектуал ва психоижтимоий ногиронлиги бўлган шахслар манфаатларини ифодаловчи ташкилотлар керак. Судьялар, нотариуслар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, ижтимоий қўллаб-қувватлаш мутахассислари ва муомала лаёқатига эга бўлмаган шахслар яшайдиган оилаларни жалб қилиш зарур. Бунда, унинг сўзларига кўра, қаршилик кучли бўлиши мумкин: мамлакат учун бу янги ва қийин масала.
Учинчи қадам — қўллаб-қувватлаш тизими.
Арсеньева бўлиши мумкин бўлган шаклларни санаб ўтди: ногиронлиги бўлган шахслар ташкилотлари, «Инсон» марказлари, ишончли вакиллар, мутахассислар, оила аъзолари.
Қўллаб-қувватлаш шакллари ногиронлиги бўлган шахснинг ўзининг хоҳиш-истакларига мос келиши муҳим. Эҳтимол, қандайдир оилавий низолар туфайли улар қариндоши томонидан қўллаб-қувватланишини истамасликлари мумкин. Унда бу ногиронлиги бўлган шахс ишонадиган, мулоқот қила оладиган, қўллаб-қувватлаш зарур бўлган масалаларни биладиган кимдир бўлиши керак.
Қўллаб-қувватловчининг вазифаси, деб тушунтирди у, инсон ўрнига қарор қабул қилиш эмас, балки маълумотни олиш ва тушунишга, вариантларни кўриб чиқишга, қарор қабул қилишга ва ногиронлиги бўлган шахснинг хоҳиш-иродасини расмийлаштиришга ёрдам беришдир. Ўзбекистонда ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва «Инсон» марказлари ташкил этилиши туфайли тез ривожланмоқда, бироқ, унинг сўзларига кўра, улар ягона механизм бўлиб қолмаслиги керак.
Васийларни «ҳуқуқий ёрдамчилар» билан алмаштиришда юзага келиши мумкин бўлган коррупция хавфлари ҳақидаги саволга жавоб берар экан, эксперт таъкидлади: суиистеъмол қилиш хавфи айнан амалдаги тизимда сезиларли даражада юқори.
«Ҳозир, агар мени муомала лаёқатидан маҳрум қилишса ва васий тайинлашса, у мен учун мутлақо ҳамма нарсани ҳал қилади: таътилга бориш ва нонушта каби кундалик майда-чуйдалардан тортиб, яшаш ва тиббий аралашув масалаларигача», — деб тушунтирди Арсеньева.
Қўллаб-қувватланадиган қарор қабул қилиш эса, аксинча, ёрдамчи иштирок этадиган масалалар доирасини торайтиради. Ўзбекистонда амалдаги назорат механизмлари «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги қонунда белгилаб қўйилган, бироқ улар фақат васийлик тизимига тааллуқлидир. Расмий равишда муомала лаёқатига эга бўлган, лекин ёрдамга муҳтож бўлган одамлар ҳозирда ҳам қўллаб-қувватлашдан, ҳам ҳуқуқий кафолатлардан маҳрум.
Қайта кўриб чиқилиши керак бўлган қонунларнинг тўлиқ рўйхати якуний ҳисоботга киритилади. Экспертнинг сўзларига кўра, ислоҳотни Фуқаролик кодекси ва суд тартиб-таомилларидан бошлаш керак, шундан сўнг аста-секин бутун қонунчиликни мослаштириш лозим.
Бу ерда ягона универсал ечим йўқ: «қанча мамлакат бўлса, шунча вариант бор». Айрим давлатларда Фуқаролик кодексидаги васийлик ҳақидаги модда қўллаб-қувватлаш ҳуқуқи билан алмаштирилади, бошқаларида эса алоҳида қонун қабул қилинади. Бунда қўллаб-қувватлаш инсоннинг ўз танловига кўра, муайян муддатга ва қатъий равишда аниқ масалалар бўйича тақдим этилиши керак.
Бироқ, қонунларни ўзгартиришнинг ўзи кифоя эмас — мутахассисларни ўқитиш ва маҳаллий хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда амалиётни жорий этиш зарур. Ўзбекистонда, деб таъкидлади эксперт, муайян хонадонлар ва ижтимоий ёрдам олувчиларнинг эҳтиёжлари яхши маълум бўлган маҳалла тизими бундай таянчга айланиши мумкин.
БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг 2027−2030 йилларга сайланган аъзоси Ляззат Калтаева қўмита томонидан 12-модданинг талқинини эслатиб ўтди: ногиронлик, жумладан, интеллектуал ёки психоижтимоий ногиронлик қарор қабул қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш учун асос бўлмаслиги керак. Агар инсонга ёрдам керак бўлса, давлат қарор қабул қилиш ҳуқуқини бошқа шахсга топширмасдан, муомала лаёқатини амалга оширишда қўллаб-қувватлашни таъминлаши лозим.
Унинг сўзларига кўра, инсон ё тўлиқ муомала лаёқатига эга бўлган, ёки ҳуқуқлардан бутунлай маҳрум бўлган «ё ҳаммаси, ё ҳеч нарса» тизимидан воз кечиш ХХ асрнинг охирида бошланган. 2006 йилда конвенция қабул қилиниши билан у глобал ислоҳотга айланди. Ляззат Калтаева бир нечта моделларни тавсифлаб берди.
«Ҳали 1992 йилда Германия муомала лаёқатидан маҳрум қилиш институтини бутунлай бекор қилган ва инсон учун ҳамма нарсани ҳал қиладиган васий ўрнига суд ҳуқуқий ёрдамчи тайинлайди. Инсон муомала лаёқатига эга бўлган мақомини сақлаб қолади, ёрдамчи фақат инсоннинг ўзи уддалай олмайдиган муайян ҳаёт соҳалари учун тайинланади. Масалан, фақат молияни бошқариш ёки фақат соғлиқни сақлаш масалалари. Қолган соҳаларда инсон қарорни ўзи қабул қилади», — деди Ляззат Калтаева.
Швецияда «таклиф этилган дўст» (годман) институти инсоннинг ўз розилигини талаб қилади, ёрдамчи маслаҳатчи сифатида иштирок этади ва тўловларни амалга оширишда, ишларни юритишда, шартномаларни имзолашда ёрдам беради. Агар инсон мулоқотга киришмаса ва ўзига зарар етказиши мумкин бўлса, бошқарувчи (форвальтаре) тайинланади, лекин ўшанда ҳам чекловлар вақт ва соҳалар бўйича қатъий меъёрланган бўлади.
Буюк Британияда ментал муомала лаёқати тўғрисидаги қонун амал қилади, унда муомала лаёқати ҳар бир муайян қарор учун баҳоланади. Инсон ипотека шартларини тушунмаслиги мумкин, лекин ким билан яшаш ва мулоқот қилишни ҳал қила олади. Қонун инсонни фақат ташхиси, ташқи кўриниши ёки атрофдагиларга аҳмоқона туюладиган хулқ-атвори сабабли муомалага лаёқатсиз деб топишни тақиқлайди.
Чехияда суд муомала лаёқатидан бутунлай маҳрум қила олмайди, балки фақат вақтинчалик, кўпи билан 3−5 йилга маҳрум қилиши ва аниқ молиявий чеклов белгилаши мумкин, масалан, ёрдамчининг розилигисиз 500 доллардан юқори бўлган битимларни тақиқлаш.
Литвада 2016 йилда муомала лаёқатидан тўлиқ маҳрум қилиш имконияти бутунлай бекор қилинди.
Унинг сўзларига кўра, асосий мезон бошқа нарсада: қўллаб-қувватлаш инсон устидан янги назорат шаклини яратиш эмас, балки унинг мустақиллигини кенгайтириши керак.
Ляззат Калтаева суиистеъмолликлардан ҳимоя қилишни 12-моддани амалга оширишнинг энг муҳим қисми деб атади ва унда учта асосий элементни ажратиб кўрсатди: ваколатларни тақсимлаш, ташқи аудит ва инсоннинг ўз хоҳиш-иродаси устуворлиги.
Германияда, унинг сўзларига кўра, васийлик масалалари бўйича ихтисослаштирилган судлар фаолият юритади, ёрдамчига универсал ҳуқуқлар берилмайди, йирик битимлар учун суд рухсати керак бўлади, ҳар йили батафсил молиявий ҳисобот топширилади.
Буюк Британияда давлат назорати ишончномалар ва далолатномаларни рўйхатдан ўтказади, банк ҳисобварақларини ва васийликдаги шахснинг яшаш шароитларини текширади, васийга эса манфаатлар тўқнашуви юзага келганда, масалан, квартирасини ўзига ёки қариндошларига сотишда қарор қабул қилиш тақиқланади. Швецияда мустақил ҳимоя институтлари ишлайди, васийлик муддати эса чекланган ва қайта кўриб чиқилади.
«Афсуски, бизнинг мамлакатларимизда ҳали жуда кичик бўлган болаларнинг ота-оналари ўзлари шундай қарорга келишади ёки уларга кейинчалик қандайдир ҳужжатлар билан югуриш, ижтимоий нафақалар олиш ва ҳоказолар осонроқ бўлиши учун болани тезроқ муомалага лаёқатсиз деб топиш анча қулайроқ эканини маслаҳат беришади. Муомала лаёқатини қайтариш, афсуски, деярли кўриб чиқилмайди. Баъзан бола ўз ҳаётида қарор қабул қилиш учун етарлича қобилиятли бўлиб улғаяди, лекин унда аллақачон муомалага лаёқатсизлик мақоми мавжуд бўлади», — деди мутахассис.
Ляззат Калтаева бу масала интеллектуал ва психоижтимоий ногиронликдан кўра кенгроқ эканини таъкидлади. Оила, масалан, аравачадаги инсондан унга қулайми-йўқми деб сўрамасдан, иккинчи қаватдан ёки ундан юқоридан квартира сотиб олиши ёки унга атрофида танишлари бўлмаган бошқа шаҳарга кўчиб ўтишни таклиф қилиши мумкин. Қозоғистонда, унинг сўзларига кўра, давлат биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсга парвариш қилиш бўйича нафақа тўлайди, лекин оила ҳақиқатан ҳам парвариш қиляптими, у кўчага қанчалик тез-тез чиқади ва яқинларидан ташқари ким биландир мулоқот қиладими-йўқми, текширмайди.
Марказий Осиё ҳақида гапирар экан, у бу ерда тарихан васийлик институти кучли эканини, оила эса қўллаб-қувватлашнинг муҳим манбаи бўлиб қолаётганини айтди. Бу ресурсни, унинг сўзларига кўра, сақлаб қолиш керак, лекин қўллаб-қувватлаш ва инсон ўрнига қарор қабул қилиш ўртасидаги чегара жуда нозик. Минтақавий ислоҳотлар, унинг фикрича, Европа моделларини кўчириб олишдан иборат бўлиб қолмаслиги керак: қўллаб-қувватлаш, назорат ва танлов турларининг ўз «экотизими» керак.
«Ногиронлиги бўлган қизлар ва аёллар учун муомала лаёқатини чеклаш айниқса жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Афсуски, кўплаб тадқиқотлар ногиронлиги бўлган қизлар ва аёлларга нисбатан яширин, латент зўравонлик мавжудлигини кўрсатмоқда, жумладан, ва бу жуда муҳим, ёпиқ тиббий-ижтимоий муассасаларда. Аёл ўрнига қарорлар никоҳ, оилавий ҳаёт, оналик, репродуктив саломатлик, тиббий аралашув, даромадлар ва мол-мулкни тасарруф этиш масалаларида қабул қилинади», — деди Ляззат Калтаева.
Шу боис, унинг сўзларига кўра, ногиронлиги бўлган аёлда доим оиладан ташқарида қўллаб-қувватлаш олиш имконияти бўлиши керак. Калтаева инсон ўрнига ким қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга деган саволдан, инсон ўз қарорларини қабул қилиши ва амалга ошириши учун нима қилиш керак деган саволга ўтишни таклиф қилди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи Урал Худайбердиев ўз чиқишини таълимсиз 12-моддани амалга ошириб бўлмаслигига бағишлади: инсон ўз ҳуқуқларини билиши керак.
Унинг маълумотларига кўра, 2026 йил 15 сентябрь ҳолатига кўра, мамлакатда 10 100 дан ортиқ умумтаълим мактаби мавжуд бўлиб, уларнинг 3500 дан ортиғида инклюзив таълим жорий этилган. Мактабгача таълим тизимида у 2025 йил 1 январдан бошланган: 248 та болалар боғчасида 1700 дан ортиқ бола қамраб олинган.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва вазирлик ҳамкорлик қиладиган «Инсон» марказлари маълумотларига кўра, мамлакатда 142 мингдан ортиқ ногиронлиги бўлган болалар бор. Таълим ва хизматлар билан 123 мингдан ортиғи (87%) қамраб олинган. Улардан 98 мингдан ортиғи умумтаълим мактабларида, жумладан, 10 мингдан ортиғи инклюзив модел бўйича, 16 мингдан ортиғи махсус мактабларда, 1300 дан ортиғи махсус техникумларда таҳсил олмоқда. 7000 га яқин бола парвариш ва назорат хизматларини олмоқда. 19−20 минг бола таълимдан ташқарида қолмоқда.
Болаларнинг бир қисми қамраб олинмагани сабаблари қаторида Урал Худайбердиев оилаларнинг, айниқса, чекка ҳудудлардаги қўрқувини тилга олди.
«Бизда ҳали ҳам муайян анъанавий қарашлар сақланиб қолмоқда: оила баъзан алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болани кўрсатишдан қўрқади ва уни яширади. Айниқса, бу қизларга тегишли: агар мен ногиронлиги бўлган қизимни боғчага ёки мактабга олиб чиқсам, уни турмушга бериш вақти келганда нима бўлади? Ёки уни ҳозир кўрсатсак, кейинчалик уни жамиятга қандай қўшамиз?», — деди мутахассис.
Унинг сўзларига кўра, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ушбу қўрқувларни енгиш бўйича ишлар олиб борилмоқда, таълим муассасалари эса бундай болаларни «қучоқ очиб» кутиб олишга ҳаракат қилмоқда.
«Бизда ҳали ҳам бу сиёсатни тушунмайдиган мутахассислар ва раҳбарлар бор. Улар аста-секин камайиб бормоқда. Очиғини айтганда, бундай одамларга сафимизда жой йўқ», — деди у.
Худайбердиев жамият ва таълим тизимидаги ўзгаришлар бир неча йил талаб қилишини, шунингдек, халқаро экспертлар ва ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватловчи ташкилотлар билан ҳамкорлик зарурлигини таъкидлади.
Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси раиси Ойбек Исақов Ўзбекистон конвенцияни истисно билан ратификация қилганини эслатиб ўтди.
«Истисно — бу давлат ҳозирги вақтда ушбу моддани амалга ошира олмаганида, лекин уни амалга оширишга тайёргарлик кўриш учун тайм-аут, вақт олганидадир. Истисно абадий бўлиши мумкин эмас», — деб тушунтирди Исақов.
У 12-моддани икки қисмга ажратди. Биринчиси, муомалага лаёқатсиз деб топилган одамлар ҳам ҳуқуқларга эга экани ҳақида гапиради. Иккинчиси — ногиронлиги бўлган барча шахсларга ўз муомала лаёқатини амалга оширишлари учун қандай қўллаб-қувватлаш кўрсатилиши кераклиги ҳақида.
Ойбек Исақов фарқни тушунтирди: ҳуқуқ лаёқати — бу инсон ҳатто туғилишидан олдин ҳам эга бўлган ҳуқуқнинг мавжудлиги, муомала лаёқати эса — ҳуқуқни амалга оширишдир. Ментал ногиронлиги бўлган шахслар учун у чекланган, улар, масалан, овоз бера олмайдилар ёки мол-мулкни тасарруф эта олмайдилар.
Муҳитнинг қулай эмаслигини ҳам Ойбек Исақов камситиш деб атади: инсон пандуссиз сайлов участкасида овоз бера олмайди, лифтсиз мактабда эса аравачадаги бола таълим ололмайди. Давлатнинг конвенция бўйича асосий мажбуриятини у молиявий мажбурият деб атади. У кўпинча давлатнинг БМТ қўмитаси олдидаги ҳисоботларида қатнашади, унда мулозимлар барча мактаблар ва давлат муассасаларида қулай муҳит яратилгани ҳақида гапиришади.
«Мулозимга савол беришади: „Сизнинг бюджетингизда дастур борми? Бюджетда қулай жисмоний муҳит яратиш бўйича алоҳида сатр борми?“ Агар йўқ бўлса, маърузада айтган ҳамма нарсангиз нолга тенглаштирилади. Чунки молиявий таъминланмаган мажбуриятларни амалга ошириб бўлмайди», — деди раис.
Инклюзив таълимдаги муваффақиятлар, унинг сўзларига кўра, мактабларни реконструкция қилиш, пандуслар, ҳожатхоналар, кўтаргичлар ва лифтлар ўрнатишни молиялаштирадиган махсус жамғарма ташкил этилгани билан изоҳланади. Жамғарма, Исақовнинг айтишича, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори, президент маслаҳатчисининг хоҳиш-иродаси билан пайдо бўлган. Бундай мақомга эга бўлмаган бошқа вазирнинг маблағ оладиган жойи йўқ, шунинг учун, унинг фикрича, Молия вазирлиги республика ва маҳаллий бюджетларни тўсиқсиз муҳит ва инклюзив таълим учун таъминлаши керак.
Конвенцияни амалга оширишнинг иккинчи шарти — жамият муносабатининг ўзгариши.
«Давлат хизматчиси кўплаб имтиёзлар бераётгани билан мақтанади. Лекин умуман имтиёз нима ўзи? Имтиёз — бу давлат қила олмайдиган нарсанинг компенсациясидир. Инклюзив таълимни таъминлай олмайди — олий ўқув юртларига кириш учун икки фоизли квота беради. Имтиёзлар билан мақтаниб бўлмайди. Сиз „биз кўп имтиёзлар беряпмиз“ деганингизда, бу сиз ҳеч нарса қилмаётганингизни, шунинг учун буни имтиёзлар билан компенсация қилаётганингизни англатади», — деб ҳисоблайди Исақов.
Ассоциациянинг учинчи таклифи конвенциянинг мувофиқлаштирувчи органни назарда тутувчи 33-моддаси билан боғлиқ.
«Токи биз ушбу мувофиқлаштирувчи органни ташкил этмас эканмиз, ўйлайманки, биз олдинга силжий олмаймиз. Бу давлатнинг ўз зиммасига олган мажбуриятидир. Ва биз велосипедни қайта кашф қилмасликни таклиф қиламиз: бизда ҳозир ногиронлик масалалари бўйича идоралараро кенгаш бор. Биз уни конвенцияни амалга ошириш бўйича мувофиқлаштирувчи орган қилиб белгилашимиз мумкин эди», — дея хулоса қилди Исақов.

