“Маслаҳат берувчилар кўп, лекин судда ҳимоя қиладиганлар кам”. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари қандай ҳимоя қилинмоқда?
Ўзбекистонда ногиронлиги бор шахсларнинг ҳуқуқлари қонунлар билан кафолатланган бўлса-да, уларни амалда ҳимоя қилишда муаммолар сақлаб қолиняпти. Фаолларга кўра, ногиронлар суд жараёнларларида тўсиқларга дуч келмоқда. Ечим сифатида huquqplus.uz лойиҳаси доирасида бепул юридик ёрдам кўрсатиляпти.

“Маслаҳат берувчилар кўп, лекин судда ҳимоя қиладиганлар кам”. Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари қандай ҳимоя қилинмоқда?
Тошкент шаҳри Шароит плюс ногиронлар жамоат бирлашмаси ва Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси ҳамкорлигида 29-сентабр куни “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва уларга бепул юридик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги муаммолар ва ечимлар” мавзусида конференсия бўлиб ўтди. Унда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишида фаолият юритувчи жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди, дея хабар берди Газета мухбири.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда расмий рўйхатдан ўтган ногиронлиги бўлган шахслар сони 2025-йил 1-август ҳолатига кўра 1 055 770 нафарни ташкил этади.
Уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунлар ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамлаб қўйилган. Жумладан, 2024-йилда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди. 2021-йилда мамлакат БМТнинг “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенсиясини ратификация қилди. Янги Конституцияда ҳам ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари алоҳида қайд этилди. Шунга қарамай, бу борада бир қатор масалалар ҳануз ечимини топмаган.
Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси раиси Ойбек Исоқовнинг айтишича, илгари ногиронлиги бўлган шахсларга ёрдам берувчи ташкилотлар асосан гуманитар масалалар билан шуғулланган. Ўзбекистон 2021-йилда БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенсиясини ратификация қилганидан сўнг эса уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий жиҳати янада долзарб бўлиб қолган.
“Агар саводхонлигимиз паст бўлса, конвенсия тамойиллари ва моддаларини, қонун талабларини билмасак, ногиронларнинг ҳуқуқларини қандай ҳимоя қиламиз ёки улар ўз ҳуқуқини қандай ҳимоя қилади?” — дейди Исоқов.
Унинг сўзларига кўра, ногиронликни белгилашда инсоннинг соғлиғи билан бирга, у яшайдиган муҳитдаги тўсиқларни ҳам ҳисобга олиш муҳим. Чунки бир хил касалликка эга бўлган икки шахснинг имкониятлари ва дуч келадиган тўсиқлари яшаш муҳитига қараб фарқ қилиши мумкин.
“Мисол учун, иккита ногироннинг бири қишлоқда, иккинчиси шаҳарда яшайди. Касаллиги бир хил, лекин улар дуч келадиган тўсиқлар бир хил эмас. Шаҳарда тўсиқсиз муҳит, транспорт озми-кўпми бор, қишлоқда эса бундай имкониятлар умуман бўлмаслиги мумкин”, — дейди у.
Исоқовнинг айтишича, ногиронликни белгилашнинг янги тизимида бундай тўсиқларни ҳам инобатга олиш кўзда тутилган. Бироқ унинг таъкидлашича, бу тартибдан барча тиббиёт ходимлари бирдек хабардор эмас.
Ассоциация раиси ногиронлиги бўлган шахсларнинг суддаги ҳуқуқларини таъминлаш бўйича қонун ижодкорлиги доирасида таклифлар илгари сурилаётганини билдирди.
Унинг сўзларига кўра, жиноят ишларида айрим тоифадаги шахсларга давлат ҳисобидан ҳимоячи жалб қилиш имконияти мавжуд. Ассоциация шундай механизмни ногиронлиги бўлган шахслар учун фуқаролик ишларида ҳам жорий этишни таклиф қилмоқда.
“Конвенсияда одил судловдан фойдаланиш деган модда бор. Шунга асосланиб, ногиронлиги бўлган шахслар учун фуқаролик судларида ҳам давлат ҳисобидан ҳимоячи жалб қилиш механизмини жорий этишни таклиф қиляпмиз”, — дейди ассоциация раиси.
Исоқовнинг таъкидлашича, давлат божи ҳам ногиронлиги бўлган шахсларнинг суд орқали ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишига тўсқинлик қилаётган омиллардан бири. Айрим ҳолларда шахс судга мурожаат қилиш учун белгиланган давлат божини тўлаш имконига эга бўлмагани сабабли ўз ҳуқуқини суд орқали ҳимоя қила олмайди.
“Божини тўлай олмайди ногиронлар. Масалан, уй-жой билан боғлиқ низода давлат божи уйнинг қийматига нисбатан ҳисобланади. Бу баъзи ҳолларда жуда катта суммани ташкил этади. Шунинг учун биз ногиронлиги бўлган шахсларни давлат божидан озод қилиш бўйича ҳам таклиф беряпмиз”, — дейди у.
Ассоциация раиси ҳозир ногиронлиги бўлган шахсларга ҳуқуқий маслаҳат берадиган ташкилотлар кўплигини, бироқ уларнинг суд жараёнларидаги манфаатларини бевосита ҳимоя қилиш масаласи мураккаблигича қолаётганини айтди. У судда вакил сифатида иштирок этиш амалиёти кенг йўлга қўйилмаганини таъкидлади.
“Маслаҳат берувчилар жуда кўп. Лекин судда қатнашиб бериш — энг қийин масала”, — дейди Исоқов.
Унинг айтишича, Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси юридик таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилса-да, суд жараёнларида ногиронлиги бўлган шахсларга бевосита ёрдам беришга тайёр мутахассислар масаласи очиқ қолмоқда.
Исоқов huquqplus.uz лойиҳаси доирасида айнан суд жараёнларида ногиронлиги бўлган шахсларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш механизмларини ривожлантириш муҳимлигини қайд этди.
“Маслаҳат бериш билан чекланиб қолмасдан, судда қатнашишга ёрдам берадиган механизмларни ишлаб чиқиш керак. Чунки бизга энг кўп керак бўлаётгани ҳам шу”, — дейди ассоциация раиси.
Шароит плюс ногиронлар жамоат бирлашмаси раиси Муҳаббат Раҳимованинг таъкидлашича, мамлакатда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари бўйича тарғибот ишлари етарли даражада олиб борилмаяпти. Шунингдек, мутасаддиларнинг ногиронлик масалаларига эътибори ҳам етарли эмас.
“Бизга ногиронлиги бўлган шахслар кўп мурожаат қилади. Улар билан суҳбатлашганимизда, ўз муаммосига ечим излаб ёки маслаҳат олиш учун турли давлат ташкилотлари ва ҳокимликларга борганида, у ердагилар қонуний асосларни кўрсатмаган ҳолда рад жавобини айтганини таъкидлашади”, — дейди у.
Раҳимованинг сўзларига кўра, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат транспортидан фойдаланиши ва кундалик ҳаёти билан боғлиқ бошқа масалаларда ҳам ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари учрамоқда.
Унинг айтишича, 2025-йилда “Ҳуқуқ Плус” лойиҳаси доирасида 4211 та бирламчи мурожаат қабул қилинган. Уларнинг 2060 таси аёллардан, 2151 таси эркаклардан келиб тушган. Мурожаатларнинг асосий қисмини ИИ гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ташкил этган.
Раҳимованинг таъкидлашича, ташкилот бир йилда ўртача 4−5 мингта мурожаат қабул қилади. 2025-йилда келиб тушган 4211 та мурожаатнинг барчаси кўриб чиқилган.
Унинг сўзларига кўра, мурожаатларнинг айримлари ижобий ҳал этилган. Бироқ баъзи ҳолатларда кўрилган чораларга қарамай, мавжуд муаммони ҳал қилиш имкони бўлмаган.
Тадбирда қайд этилишича, 2023-йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган huquqplus.uz лойиҳаси жорий йилда ҳам ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ишларни давом эттиради.
Лойиҳа раҳбари Дилмурод Юсуповнинг айтишича, “Ҳуқуқ Плус” БМТ Тараққиёт дастурининг Финляндия ҳукумати кўмагида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасидаги кичик грантлар танловида ғолиб бўлди. Лойиҳанинг умумий буджети 238 млн 254 минг 600 сўмни ташкил этади. У жорий йилнинг 1-августидан 31-декабрига қадар амалга оширилади.
“Лойиҳа доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар, аёллар ва ёшларга бирламчи юридик ёрдам кўрсатиш, ҳуқуқий саводхонликни оширишга қаратилган тадбирлар ўтказиш, қонунчиликка оид босма ва электрон материаллар тайёрлаш ва тарқатиш кўзда тутилган”, — дейди Дилмурод Юсупов.
Лойиҳанинг асосий мақсадларидан бири — махсус Телеграм-бот орқали беш ой давомида республика бўйлаб ногиронлиги бўлган шахсларнинг 1500 та мурожаатига бирламчи ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш. Шунингдек, 400 нафар ногиронлиги бўлган шахсга бепул чуқур, яъни иккиламчи ҳуқуқий маслаҳат ва амалий ёрдам бериш режалаштирилган. Уларнинг камида 100 нафарига юзма-юз, қолган 300 нафарига эса Телеграм, телефон ва веб-портал орқали масофавий ёрдам кўрсатилади.
Эшитиш бўйича ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳам алоҳида видео-қўнғироқ маркази ишга туширилган. Улар Телеграм ёки ВҳацАпп орқали видеоалоқага чиқиб, имо-ишора тили таржимони иштирокида ҳуқуқий ёрдам олишлари мумкин. Келиб тушган мурожаатлар ҳуқуқшуносларга етказилади.
Юсуповнинг таъкидлашича, материалларни тайёрлашда турли категориядаги ногиронлиги бўлган шахслар учун ахборотни қулай форматларда тақдим этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ҳуқуқий маълумотлар матн, аудио, видео, “Осон матн” ва имо-ишора тили форматларида эълон қилинади.
Лойиҳа давомида ногиронлиги бўлган талабалар, ногиронлар жамоат бирлашмалари аъзолари, ногиронлиги бўлган фарзанди бор ота-оналар ва бошқа мақсадли гуруҳлар учун тренинг-семинарлар ўтказилади.
Дилмурод Юсуповнинг сўзларига кўра, лойиҳанинг мақсади фақат ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш билан чекланмайди. Унинг яна бир муҳим йўналиши — ногиронлиги бўлган шахсларнинг ўз ҳуқуқларини билиши ва уларни мустақил ҳимоя қила олиш имкониятини оширишдан иборат.
Лойиҳада кўнгилли адвокат сифатида фаолият юритаётган Зарнигор Қодированинг тушунтиришича, ногиронлиги бўлган шахс лойиҳага мурожаат қилганида, аввало у билан про боно, яъни бепул юридик ёрдам кўрсатиш бўйича шартнома тузилади.
“Бу шартнома орқали ордер олиб, судда бемалол қатнашаман. Ордер учун ҳам, адвокатнинг иштироки учун ҳам ногиронлиги бўлган шахсдан ҳеч қандай хизмат ҳақи талаб қилинмайди”, — дейди Қодирова.
Унинг айтишича, суд жараёнида иштирок этиш учун ҳар доим ҳам ишончнома талаб этилмайди. Агар ногиронлиги бўлган шахснинг ўзи ҳам судда қатнашса, адвокат ордер асосида процессуал ҳаракатларни амалга ошириши мумкин. Ишончнома эса шахс судда умуман иштирок этмайдиган ва адвокат унинг номидан мустақил равишда ҳужжат имзолаши ёки ариза киритиши зарур бўлган ҳолатларда керак бўлади.
Лойиҳа доирасида фуқароларнинг мурожаатлари бир неча босқичда кўриб чиқилади. Аввало мурожаат ўрганилиб, зарур ҳолларда оғзаки ҳуқуқий маслаҳат берилади. Агар давлат ташкилотига ариза ёки бошқа ҳужжат тайёрлаш талаб этилса, бу ҳам бепул амалга оширилади.
“Ариза ёзиб берганимиздан кейин ҳам фуқаронинг мурожаатини ташлаб қўймаймиз. Тахминан 15 кундан сўнг у билан қайта боғланиб, берган аризамиз бўйича нима бўлганини, муаммоси ҳал этилган ёки этилмаганини сўраймиз”, — дейди адвокат.
Агар масала ҳал қилинмаган бўлса, кейинги чора белгиланади. Жумладан, юқори турувчи ташкилотга мурожаат қилиш ёки судга ариза киритиш зарурати туғилса, фуқарога бу жараёнда ҳам ёрдам кўрсатилади.
Судга мурожаат қилиш зарур бўлган ҳолатларда аризани адвокатлар тайёрлаб беради, фуқаронинг ўзи эса уни имзолаб, судга тақдим этади. Агар у суд жараёнида адвокат иштирок этишини хоҳласа, про боно шартнома тузилиб, адвокат ордер асосида процессда қатнашади.
Қодированинг таъкидлашича, адвокатларнинг суд жараёнларида иштирок этиши Тошкент билан чекланмайди. Видеоконференсалоқа орқали бошқа ҳудудлардаги суд процессларида ҳам масофадан туриб қатнашиш мумкин.
Лойиҳа доирасида фуқаролар ҳар шанба куни соат 10:00 дан 12:00 гача юрист-адвокатлар қабулига ёзилиши мумкин. Оддий ҳуқуқий саволларга махсус бот орқали ёзма жавоб олиш имконияти мавжуд.
Мураккаброқ ҳолатларда эса фуқаро ҳужжатлари билан лойиҳанинг бош офисига келиб, юрист-адвокатдан бевосита маслаҳат олиши мумкин. Жумладан, мерос масалалари, ногиронлик билан боғлиқ ҳуқуқий муаммолар ёки судга мустақил равишда мурожаат қилишда қийинчиликка дуч келган шахсларга амалий ёрдам кўрсатилади.

