Ўзбекистонда ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар бермаганларга жарима жорий этилиши мумкин
Ўзбекистонда вояга етмаганлар никоҳи ва бошқа ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар бермаганлар учун 1,32 млн сўмдан жарима жорий этилиши мумкин.

Ўзбекистонда ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар бермаганларга жарима қўлланиши мумкин
Ўзбекистон Бош прокуратураси «Вояга етмаганларнинг никоҳга кириши, уларнинг ҳомиладорлиги ва туғиши ҳолатлари ҳақида хабар бермаганлик учун жавобгарлик чораларини белгилаш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига чиқарди.
Ҳужжатда аниқланган ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар бермаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш кўзда тутилган.
Лойиҳа доирасида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни янги 188-5-модда билан тўлдириш таклиф қилинмоқда. Унга кўра, зиммасига тегишли мажбурият юклатилган мансабдор шахс ёки давлат органи, бошқа ташкилот ходимининг ҳуқуқбузарлик ҳақида ички ишлар органлари ва “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларига хабар бермаслиги ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.
Мазкур қоидабузарлик учун фуқаролар ва ходимларга 3 баравардан 5 бараваргача базавий ҳисоблаш миқдорида (БҲМ) — 1,32 млн сўмдан 2,2 млн сўмгача жарима солиш таклиф этилмоқда. Мансабдор шахслар учун эса жарима 5 баравардан 10 бараваргача БҲМ, яъни 2,2 млн сўмдан 4,4 млн сўмгача бўлади.
Маъмурий жазо қўлланганидан кейин бир йил ичида ҳуқуқбузарлик қайта содир этилса, фуқаролар ва ходимларга 5 баравардан 10 бараваргача БҲМ — 2,2 млн сўмдан 4,4 млн сўмгача жарима белгилаш таклиф қилинмоқда. Мансабдор шахслар учун жарима 10 баравардан 15 бараваргача БҲМ, яъни 4,4 млн сўмдан 6,6 млн сўмгача бўлади.
Таклиф этилаётган модда бўйича ишларни кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича судларга юбориш режалаштирилмоқда.
Тушунтириш материалларига кўра, қонун лойиҳаси 2026 йил 3 мартда қабул қилинган, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазьиқ ва зўравонликнинг олдини олишга қаратилган президент фармони ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Фармонда вояга етмаганларнинг никоҳга кириши, 16 ёшга тўлмаган қизларнинг ҳомиладорлиги, туғруқ ҳолатлари ва бошқа ҳуқуқбузарликлар ҳақида ички ишлар органлари ҳамда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларига хабар бермаганлик учун жавобгарлик жорий этиш назарда тутилган.
Ҳужжатга мувофиқ, тегишли мажбурият фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва ФҲДЁ органлари, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари, шунингдек, диний ташкилотлар вакилларига юкланади.
Бош прокуратурада таъкидланишича, амалдаги қонунчиликда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахслари ҳамда ходимлари томонидан аниқланган ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар бермаганлик учун алоҳида маъмурий жавобгарлик мавжуд эмас.
Қонун лойиҳаси муаллифларининг баҳолашича, айрим ҳолатларда бундай жавобгарликнинг йўқлиги ҳуқуқбузарликларни яшириш ёки зарур чораларни ўз вақтида кўрмасликка олиб келмоқда. Лойиҳа муаллифлари фикрича, ўз вақтида хабар бериш ҳуқуқбузарликларни эртароқ аниқлаш ва уларнинг олдини олиш, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш имконини беради.
Қонун қабул қилинса, у расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

