Дунё

Непалдаги фожиа Сарезда ҳам такрорланиши мумкинми?

**Непалдаги фожиа Сарезда ҳам такрорланиши мумкинми?**

26-август куни Непал ва Тибет чегарасида юз берган табиий офат бутун дунёни ларзага солди. Музликнинг бир қисми қулаб, улкан муз ва тош массаси дарё водийсига тушди. Натижада дарё вақтинча тўсилиб, кейин ҳосил бўлган табиий тўсиқ бузилди ва пастга томон улкан сув, лой ҳамда тош оқими ёпирилди.

Фожиа оқибатида 1 341 дан ортиқ одам ҳалок бўлди, бедарак йўқолганлар сони ҳам кескин ошиб, 5000 кишига етди. Дастлаб ҳодисага зилзила сабаб бўлгани тахмин қилинган бўлса-да, АҚШ Геология хизмати кейинроқ қайд этилган сейсмик силкинишнинг ўзи музлик ва тоғ жинсларининг қулашидан келиб чиққанини маълум қилди.

Непалдаги ҳодиса Марказий Осиё, хусусан, Тожикистондаги Сарез кўли ҳақида яна бир бор ўйлашга мажбур қилади. Сабаби, Непалдаги ҳолат Сарездаги вазиятга жуда ўхшайди.

### Сарез кўли қандай пайдо бўлган?

Сарез — оддий кўл эмас. У инсон қўли билан қурилган сув омбори ҳам эмас. Бу кўлни табиатнинг ўзи, аниқроғи, улкан тоғ кўчкиси яратган. 1911-йилда ҳозирги Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон автоном вилоятида, Помир тоғларида кучли зилзила содир бўлади.

Зилзила оқибатида улкан тоғ массаси қулаб, Мурғоб дарёси водийсини тўсиб қўяди. Шу тариқа баландлиги юзлаб метрга етадиган Усой табиий тўғони ҳосил бўлади ва унинг ортида вақт ўтиши билан Сарез кўли шаклланади.

Бугунги кунда Сарез кўлининг узунлиги қарийб 60 километр, энг чуқур жойи эса 500 метрдан ошади. Кўлда тахминан 16–18 куб километр, яъни 16–18 миллиард куб метр сув мавжуд.

Бу рақамнинг катталигини тасаввур қилиш учун оддий таққослаш кифоя. Тошкент вилоятидаги Чорвоқ сув омборининг тўлиқ сиғими — қарийб 2 миллиард куб метр. Яъни Сарез кўлида тўпланган сув ҳажми Чорвоқ сув омборининг максимал сиғимидан тахминан 8–9 баравар кўп.

### Непал ва Сарез ўртасидаги асосий ўхшашлик

Непалда тоғ ёнбағрининг бир қисми музлик ва тоғ жинслари билан бирга сув ҳавзасига қулаб тушиши ортидан юзага келган жараён Марказий Осиёдаги Сарез кўли билан боғлиқ хавотирларни ҳам эсга солади. Чунки ҳар икки ҳолатда ҳам асосий хавф — катта ҳажмдаги тоғ массасининг сув ҳавзасига қулаб, сувни сиқиб чиқариши ва кучли тошқин тўлқинини юзага келтириши билан боғлиқ.

Непалда кўчки сув ҳавзасига тушиши натижасида сувнинг бир қисми ҳавзадан юқорига кўтарилиб, тўғон ёки табиий тўсиқ устидан ошиб кетган. Агар бундай жараён Сарез кўлида содир бўлса, оқибатлари янада жиддий бўлиши мумкин. Сабаби Сарез кўли ўнг қирғоғида катта ҳажмдаги тоғ жинслари кўчиши эҳтимоли мавжуд бўлган ҳудудлардан бири сифатида тилга олинади.

Бу ерда хавфнинг моҳияти шундаки, кўчкининг ўзи кўлга тушганда, у улкан сув массасини бир зумда силжитиши мумкин. Натижада кўл юзасида кучли тўлқин пайдо бўлиб, сувнинг табиий тўсиқ — Усой тўғони томон сурилиши эҳтимоли мавжуд. Энг ёмон ссенарийда эса тўлқин тўғон устидан ошиб, унинг барқарорлигига путур етказиши ёки қуйи оқим бўйлаб катта сув тошқинини юзага келтириши мумкин.

Бундан ташқари, Помир тоғ тизмаси сейсмик жиҳатдан кўп зилзила содир бўладиган ҳудуд ҳисобланади. 2015-йил 7-декабр куни Тожикистонда 7,2 магнитудали кучли зилзила содир бўлган. Унинг эписентри Сарез кўлидан тахминан 105 километр узоқликда жойлашган эди.

Географ ва гидрометеоролог Ҳумоюн Мағрипов “Дарё” билан суҳбатда Непалдаги фожиа билан Сарез кўли атрофидаги вазиятнинг ўхшаш ва фарқли жиҳатларини тушунтириб, бу икки ҳодисани бир-бирига тўғридан тўғри таққослаш ўринсиз эканини таъкидлади.

“Сарез кўли ва Непалдаги фожианинг ўхшаш жиҳати — ҳар иккала ҳолатда ҳам кўчки юз бериши натижасида тоғ водийси ёпилиб қолган. Фарқли жиҳатлари эса шундаки, Сарездаги кўчки тўлиқ тоғ жинсларидан иборат бўлган. Непалдаги кўчки эса тахминан 20–23 миллион куб метр муздан иборат эди. Муз эрийди, тоғ жинси эса мустаҳкам. Сарез кўлидаги табиий тўғон 115 йилдан бери турибди. Непалдаги тўғон эса бир кунга ҳам чидамади.

Сарез кўлининг ўнг қирғоғида 0,5–0,6 миллион куб метр атрофидаги тоғ жинсининг силжиши қайд этилган. Бироқ буни Непалдаги кўчки билан таққослаш ўринсиз. Тўғри, бу силжиш вақт ўтиши билан қачондир кўчиб тушиш эҳтимоли бор. Лекин унгача биз фалокатнинг олдини олиш учун тегишли чора-тадбирларни кўриш имконига эгамиз. Ҳеч бўлмаганда, сенсорлар ўрнатиш орқали унинг йилига қанча силжиётганини кузатиб боришимиз мумкин.

Шунинг учун Сарезни тўғридан тўғри Непал билан солиштириб бўлмайди. Сарез атрофида ёғингарчилик жуда кам. Ёғингарчилик миқдори кам бўлгани сабабли бу ҳудудда тошқин юз бериш эҳтимоли ҳам нисбатан паст”, деди у.

### Сарезда Непалдаги вазият бўлса нима юз беради?

Агар Сарез кўли атрофида йирик кўчки содир бўлса, унинг оқибатлари, аввало, Тожикистон, шунингдек, Афғонистон, Ўзбекистон ва Туркманистон ҳудудларига таъсир қилиши мумкин. Агар кўчки оқибатида кўлдаги сув тўғондан ошиб кеца, Бартанг дарёсининг Панж дарёсига қуйилиш ҳудудида сув сатҳи 100 метр баландликка кўтарилиши мумкин.

Ҳумоюн Мағрипов, шунингдек, Сарез кўли билан боғлиқ фавқулодда ссенарий юз берган тақдирда қайси ҳудудлар хавф остида қолиши мумкинлигини ҳам айтиб ўтди.

“Аввало, бундай ҳолат ҳеч қачон кузатилмасин. Аммо агар кўчки юз берса, биринчи навбатда тўғонга яқин жойлашган Барчилов қишлоғи хавф остида қолади. Тоғли ҳудудларнинг ўрта оқимлари жуда тик бўлгани сабабли сув сатҳи дастлаб баланд бўлиши мумкин. Тўғоннинг юқори қисмида сув баландлиги 50–100 метрга етиши эҳтимоли бор. Бироқ ўзан кенгайгани сари сув сатҳи пасайиб боради. Сув тошқини эса ярим метр баландликда Орол денгизигача етиб бориши мумкин.

Сарез кўли атрофида фалокат юз берса, унинг таъсири бир мамлакат билан чекланиб қолмайди. Бундай ҳодиса Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Афғонистон ҳудудларига таъсир қилиши мумкин.

Ўзбекистонда биринчи навбатда Сурхондарё вилояти хавф остида қолади. Сув Қашқадарё вилоятига етиб бормаслиги мумкин, бироқ Амударёдан сув олувчи Аму-Қарши канали орқали вилоятнинг ирригация тизимига зарар етказиши эҳтимоли бор. Шунингдек, Бухоро вилоятининг Амударёга туташ ҳудудларига ҳам сув чиқиши мумкин. Энг катта таъсир эса Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида кузатилиши эҳтимолдан холи эмас”, деди мутахассис.

### Сарез атрофидаги ўрганишлар

Сарез кўли атрофидаги хавф-хатарларни ўрганиш ва мониторинг қилиш сўнгги йилларда Тожикистон ҳамда халқаро ҳамкорлар учун муҳим йўналишлардан бирига айланган. Бу борадаги ишлар нафақат кўлнинг ўзини, балки унинг атрофидаги тоғ жинслари, юқори қисмдаги кўллар ва эҳтимолий кўчки жараёнларини ҳам қамраб олмоқда.

Хусусан, 2021-йилда Сарез кўли учун мониторинг ва эрта огоҳлантириш тизими ишга туширилган. Осиё тараққиёт банки кўмагида амалга оширилган лойиҳа доирасида кўлнинг сув сатҳи ва бошқа хавф кўрсаткичларини кузатиш, фавқулодда вазият юзага келганда аҳолини тезкор огоҳлантириш имконини берувчи тизим ўрнатилган. Тизим 2023-йил ҳолатига кўра ҳам фаол ишлаётгани қайд этилган.

Бундан ташқари, 2025-йил сентябрида Тожикистон Фавқулодда вазиятлар қўмитаси, Геология бош бошқармаси ва Марказий Осиё Экология ва атроф-муҳитни ўрганиш маркази мутахассислари Сарез кўли ва унинг юқори қисмида қўшма экспедиция ўтказди. Тадқиқот давомида дронлар ёрдамида аерофотосуратлар олинди, геологик ва батиметрик тадқиқотлар олиб борилди ҳамда тоғ кўлларидаги табиий тўғонларнинг ҳолати баҳоланди. Марказ бундай тадқиқотлар келгусида ҳам давом эттирилишини билдирган.

Яна бир муҳим йўналиш — Сарез атрофидаги тоғ жинслари деформациясини космик технологиялар ёрдамида кузатиш. 2025-йил июнида Тожикистон ва Хитой мутахассислари Сарез кўли ҳудудидаги деформация жараёнларини Хитойнинг БеиДоу сунъий йўлдош тизими ёрдамида мониторинг қилиш бўйича қўшма лойиҳаларни муҳокама қилган.

Шу билан бирга, Сарез фақат хавф манбайи сифатида эмас, минтақанинг сув ресурси сифатида ҳам ўрганилмоқда. 2024-йил августида Тожикистон ва Ўзбекистоннинг сув ресурсларидан комплекс фойдаланиш бўйича қўшма ищи гуруҳи Сарез кўли сувини келажакда минтақани тоза ичимлик суви билан таъминлашда фойдаланиш имкониятини муҳокама қилган. Ҳозирча бу амалий лойиҳа эмас, балки ўрганилаётган ва муҳокама қилинаётган истиқболлардан биридир.

Сарез кўли билан боғлиқ хавфларни фақат кузатишнинг ўзи етарлими? Кўл сув сатҳини назорат қилиш ёки уни пасайтириш орқали эҳтимолий хавфни камайтириш мумкинми? Ҳумоюн Мағриповнинг таъкидлашича, бу масала техник жиҳатдан ниҳоятда мураккаб бўлиб, ҳозирча асосий эътибор кузатув ва мониторингга қаратилмоқда.

“Сарез кўлининг сув сатҳини пасайтириш ва уни бошқариш масаласидаги ишлар жуда мураккаб кечмоқда. Ҳозирча бу борада деярли амалий иш амалга оширилмаган, асосан кузатув билан чекланилмоқда. Чунки кўл билан боғлиқ муаммони амалда бартараф этишга ҳозирги замонавий технологияларнинг ҳам имконияти етарли эмас. Бунинг асосий сабабларидан бири — Сарез кўлининг ноқулай ҳудудда, денгиз сатҳидан 3 000–3 200 метр баландликда жойлашганидир.

Сарез масаласида биргина давлат мустақил равишда чора кўра олмайди. Бу бутун Марказий Осиёнинг умумий масаласи. Ҳатто Афғонистон ҳам бу жараёнга алоқадор. Агар минтақа давлатлари ушбу муаммони ҳал қилишни истаса, ягона дастур доирасида ўз мутахассислари билан биргаликда ишлаши, зарур технологиялар мамлакатларнинг ўзида мавжуд бўлмаса, уларни таъминлай оладиган давлатлар билан ҳамкорликда ечим ишлаб чиқиши керак.

Аслида, Тожикистоннинг ўзи ҳам бу масалада Европа Иттифоқига бир қанча ташаббуслар билан мурожаат қилган. Аммо вазиятнинг мураккаблигидан келиб чиқиб, уларга ҳозирча жиддий эътибор қаратилмаяпти.

Бироқ бундан ваҳимага тушиш ҳам керак эмас. Сарез кўли беш-олти йил олдин пайдо бўлган ҳодиса эмас. У 1911-йилдан бери мавжуд ва шу вақт давомида бир неча табиий жараёнларга бардош бериб келган, жумладан, кучли зилзилалардан бирига ҳам дош берган”, — дея хулоса қилди Ҳумоюн Мағрипов.

### Непал бизга нимани кўрсатди?

Непалдаги фожиадан олинадиган энг катта сабоқ шуки, тоғли ҳудудларда табиий офатлар қисқа вақт ичида бир-бирини қўзғатиб, занжирли тус олиши мумкин. Биргина музлик ёки тоғ жинсларининг қулаши дарё ўзанини тўсиб, вақтинчалик табиий тўғон ҳосил қилиши, унинг бузилиши эса бир неча дақиқада қуйи оқимда ҳалокатли тошқинга сабаб бўлиши мумкин. Непалда айрим ҳудудларда сув сатҳи атиги 30 дақиқа ичида 9 метрга кўтарилгани ҳам бундай жараёнларнинг нақадар тез ривожланишини кўрсатди.

Сарез кўли билан боғлиқ вазиятни ҳам айнан шу нуқтаи назардан жиддий ўрганиш зарур. Бу ваҳимага сабаб эмас, балки эҳтимолий хавфга олдиндан тайёр туриш учун огоҳлантиришдир. Эрта огоҳлантириш тизимлари, доимий мониторинг, аҳолини эвакуация қилишнинг аниқ режаси ва қуйи оқимдаги инфратузилманинг фавқулодда вазиятга тайёрлиги — Сарез каби табиий хавф мавжуд ҳудудлар учун энг муҳим чоралар ҳисобланади.

Непал фожиаси Сарезга айнан шундай қараш кераклигини яна бир бор кўрсатди: фалокатни кутиш эмас, унинг эҳтимолини олдиндан ўрганиш ва унга тайёр туриш керак.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.