Дунё

Непалда сув тошқинлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 900 нафардан ошди

Непалда сув тошқинлари оқибатида вафот этганлар сони 900 дан ошди. ДВ хабарига кўра, Катмандудаги фавқулодда вазиятлар идораси 31-август, душанба куни мамлакат ҳудудидан 903 кишининг жасади топилганини эълон қилди.

Хитойда расман тасдиқланган қурбонлар билан бирга, табиий офат натижасида ҳалок бўлганларнинг умумий сони камида 919 нафарга етди.

Непалда бедарак йўқолганлар сони ҳам сезиларли даражада ошиб, 4 247 кишини ташкил этмоқда, улардан 592 нафари хориж фуқароларидир. Хитойда эса 546 киши бедарак йўқолган деб қайд этилган, улар орасида уч нафар Германия фуқароси ҳам бор.

**Қутқарув ишларига минглаб одам жалб қилинган**

Тибетнинг жануби-ғарбий қисми ва Непалдаги сув тошқинларидан зарар кўрган ҳудудларда минглаб қутқарувчилар бедарак йўқолганларни қидириш ишларига жалб қилинган.

Қутқарувчиларнинг асосий эътибори бир нечта шикастланган гидроелектр стансияларига қаратилган. Тахминларга кўра, тўғонлардан бирининг туннелида юзлаб ищилар қолиб кетган.

Қутқарув ишлари сув сатҳининг кўтарилиши ва ноқулай об-ҳаво шароитлари туфайли қийинлашмоқда. Янги кўчкилар ва сув тошқинлари хавфи ҳам жиддий ташвиш уйғотмоқда. Келгуси кунларда минтақада яна ёмғир ёғиши кутилмоқда.

Жабрланганларга ёрдам етказиш ҳам мураккаб кечмоқда. Сув тошқинлари ва кўчкилар муҳим йўллар ва кўприкларни, жумладан, Непал пойтахти Катмандуни мамлакатнинг жанубий ҳудудлари билан боғловчи асосий магистрални вайрон қилган.

**Шахси номаълум жасадлар умумий қабрларга дафн қилинмоқда**

Ахборот агентликлари ва маҳаллий ОАВ хабарларига кўра, Непалда шахси аниқланмаган қурбонларнинг жасадларини умумий қабрларга дафн этиш бошланган.

Шу билан бирга, марҳумлардан ДНК намуналари олинмоқда ва жасадларга махсус идентификация белгилари қўйилмоқда. Бу қариндошлари кейинчалик жасадларни таниб, олиб кетиши учун амалга оширилмоқда.

Ҳиндуизм кенг тарқалган Непалда марҳумларни одатда кремация қилишади. Шу сабабли умумий қабрларга дафн этиш жасадларни вақтинча сақлаш усули сифатида кўрилмоқда. Бироқ бу қарор ижтимоий тармоқларда анъанавий дафн маросимларига риоя қилинмагани учун танқидга учраган.

Непал расмийларига кўра, кўплаб жасадлар мамлакат жанубида, сув тошқинлари юз берган ҳудудлардан ўнлаб километр узоқликда топилган. Ҳиндистон билан чегарадош Читван тумани маъмурияти кўплаб жасадлар кучли чириган ҳолатда топилаётгани сабабли уларни тезда аниқлашнинг имкони бўлмаётганини билдирган.

Мутахассислар юқумли касалликлар тарқалиши хавфидан ҳам огоҳлантирмоқда.

**Непал ва Хитойдаги сув тошқинлари**

Непалнинг Тибет билан чегарадош баланд тоғли Расува ҳудудида сув тошқини 26-август куни эрталаб юз берди.

Непал ташқи ишлар вазири Шишир Ханала маълумотларига кўра, табиий офат кўчки оқибатида юзага келган бўлиши мумкин. Хитойнинг Тибет автоном ҳудудидан бошланиб, Непалнинг Багмати провинсияси орқали оқиб ўтувчи Бҳоте-Коши дарёсига зилзила ёки музлик эриши сабабли улкан миқдордаги лой ва тошлар қулаб тушган. Натижада дарё ўз ўзанидан чиқиб кетган.

Айни пайтда Тибет хорижлик журналистлар учун деярли ёпиқ бўлиб қолмоқда. Бу эса минтақадаги табиий офат кўламини мустақил ёритишни қийинлаштирмоқда.

Ўзбекистоннинг Деҳлидаги (айни пайтда Непалда ҳам фаолият юритади) элчихонаси маълумотларига кўра, фалокат оқибатида ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар орасида ўзбекистонликлар тўғрисида маълумот келиб тушмаган.

Хитойдан Непалга гуруҳ таркибида ўтган қозоғистонлик сайёҳ ҳам қидирилмоқда. Қозоғистон ТИВга кўра, ҳозирда яна бир қозоғистонлик бедарак йўқолган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.