Непалдаги сув тошқини оқибатида ҳалок бўлганлар сони 538 нафарга етди
Непалда юз берган сув тошқини қурбонлари сони 538 нафарга етди. Яна қарийб 1000 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда, улар орасида 517 нафар хориж фуқароси бор.

Непалда сув тошқини қурбонлари сони 538 нафарга етди, 977 киши бедарак йўқолган. Бу ҳақда Ратопати нашри Непал Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Фавқулодда вазиятлар миллий операция маркази (НЕОС) ҳисоботига таяниб хабар берди.
Бедарак йўқолганлар орасида 517 нафар хорижий фуқаро бор. Шунингдек, 73 киши тан жароҳати олган, 3742 киши қутқарилган. Қидирув-қутқарув ишларига Непал армияси, полицияси ва қуролли полициясининг 15 минг ходими жалб этилган.
Сув тошқини 26-август куни эрталаб Непал ва Тибет чегарасида бошланган. Дастлабки маълумотларга кўра, Ленде-Кхола дарёсига муз ва тошлардан иборат кўчки тушган. Натижада лой, тош ва сув аралаш кучли сел оқими юзага келган. Табиий офат уйлар, йўллар, кўприклар ва энергетика инфратузилмаси обьектларига зарар етказган.
Хитой оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, Тибетдаги сув тошқини оқибатида беш киши ҳалок бўлган, 558 киши бедарак йўқолган.
Ўзбекистоннинг Непални ҳам қамраб олувчи Деҳлидаги элчихонаси аввалроқ тошқинда ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари борлиги ҳақида маълумот келиб тушмаганини маълум қилганди.

