Нави Пиллей 2026 йилги Тинчлик бўйича Нобел мукофотига сазовор бўлди
Нави Пиллей халқаро ҳуқуқни мустаҳкамлаш, тинчликни илгари суриш ва оғир жиноятлар учун жавобгарликни таъминлашга қўшган ҳиссаси учун мукофотланди.

Нави Пиллей 2026 йилги Тинчлик бўйича Нобел мукофотини олди
2026 йилги Тинчлик бўйича Нобел мукофоти ҳуқуқшунос ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Наванетхем “Нави” Пиллейга халқаро ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, тинчликни илгари суриш ҳамда ҳарбий жиноятлар, инсониятга қарши жиноятлар ва геноцид учун жавобгарликни таъминлашга қўшган ҳиссаси учун топширилди. Бу ҳақда 9 октябр куни Норвегия Нобел қўмитаси хабар берди.
Қўмита баёнотида айтилишича, Пиллей умумеътироф этилган ҳуқуқий тамойилларни изчил ҳимоя қилиб, алоҳида жасорат ва қатъият кўрсатган. У фаолияти давомида халқаро одил судловни ривожлантириш ва оғир жиноятлар учун жазосиз қолиш ҳолатларига қарши курашишда қатнашган.
Пиллей апартеид даврида Жанубий Африканинг Дурбан шаҳрида тамил келиб чиқишига эга ҳинд оиласида туғилган. У ҳуқуқшунос бўлиб етишди ва тизимли камситиш, ирқий сегрегация ҳамда ижтимоий четлатишга қарши курашди. Унинг фаолияти йўналишлари орасида Нелсон Мандела каби апартеидга қарши курашган шахсларни ҳимоя қилиш ва халқаро суд жараёнларида иштирок этиш ҳам бор эди.
Пиллей ўз фаолияти давомида Жанубий Африка Олий суди, Руанда бўйича Халқаро жиноий трибунал ва Халқаро жиноий суд судяси сифатида ишлаган. Шунингдек, у БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари лавозимини эгаллаган, кейинчалик эса БМТнинг Фаластиннинг босиб олинган ҳудудидаги вазиятни текшириш бўйича мустақил халқаро комиссиясига раҳбарлик қилган. Бундан ташқари, у Мянма геноцидда айбланаётган иш бўйича БМТ Халқаро судидаги жараёнда иштирок этмоқда.
Норвегия Нобел қўмитаси таъкидлашича, Пиллейнинг фаолияти халқаро ҳуқуқ имкониятларини кенгайтириш ва одил судлов институтларини мустаҳкамлашга хизмат қилган. Қўмита баҳосига кўра, унинг иши суд механизмлари зўравонликнинг олдини олиш ва айбдорларни жавобгарликка тортишда муҳим ўрин тутиши мумкинлигини кўрсатган.
Унинг фаолиятидаги муҳим воқеалардан бири Руанда бўйича Халқаро жиноий трибуналдаги иши бўлди. Суд жараёнлари давомида трибунал номусга тегиш ва жинсий зўравонлик инсониятга қарши жиноятлар ҳамда геноцид сифатида таснифланиши мумкинлигини тан олди. Пиллей, шунингдек, айбланувчига фақат тарғибот тарқатгани учун геноцидга ундаш айблови биринчи марта қўйилган ишда муҳим рол ўйнади.
Қўмита қайд этишича, Пиллей халқаро ҳуқуқга риоя этилиши учун алоҳида шахслар ва давлатларнинг жавобгарлиги тамойилини изчил ҳимоя қилиб келган. Баёнотда таъкидланишича, унинг мустақиллиги, профессионаллиги ва қатъияти Пиллейни халқаро одил судлов соҳасидаги энг ҳурматли ҳуқуқшунослардан бирига айлантирган.
Қарорни асослар экан, Норвегия Нобел қўмитаси низоларнинг олдини олишда халқаро ҳуқуқнинг тарихий аҳамиятини эслатди. Низоларни ҳуқуқий механизмлар орқали ҳал қилиш ғояси 125 йил аввал Тинчлик бўйича Нобел мукофоти таъсис этилганидан бери муҳим мавзу бўлиб келган.
Иккинчи жаҳон урушидан кейин халқаро ҳуқуқ тизими, жумладан, БМТ институтларининг ташкил этилиши туфайли кенгайди. Кейинги ўн йилликларда ҳуқуқий тартибга солишнинг қўшимча механизмлари пайдо бўлди, совуқ уруш тугаганидан сўнг эса бу жараён тезлашди.
Шу билан бирга, қўмита ҳали ҳам ҳал этилмаган зиддиятлар мавжудлигини таъкидлади: йирик давлатлар кўпинча жавобгарликдан қочган, халқаро ҳуқуқнинг амалда қўлланилиши эса вазият ва низо иштирокчиларига боғлиқ бўлган. Шунга қарамай, дипломатия, халқаро шартномалар ва суд жараёнлари таҳдидлар ҳамда қуролли зўравонликка муқобил восита бўлиб хизмат қилишда давом этмоқда.
Қўмита баҳосига кўра, урушлар ва низолар сони ортиб бораётган шароитда халқаро ҳуқуқ тинчлик ва хавфсизликни таъминлашнинг зарур шартига айланди. Халқаро институтларга босим ўтказиш ва куч ишлатиш сиёсатига ўтиш барқарорлик, ишонч ва тинч-тотув яшаш имкониятларига путур етказади.
Пиллейга мукофот бериш орқали қўмита миллий ва халқаро даражада қонун устуворлигининг аҳамиятини таъкидлашга интилмоқда. Баёнотда қайд этилишича, барқарор тинчлик адолатни талаб қилади, ҳуқуқий институтлар эса ўзбошимчаликнинг олдини олиш ва қоидабузарликлар учун жавобгарликни таъминлашга ёрдам беради.
Қўмита судялар ва халқаро суд муассасалари дуч келаётган босимга ҳам эътибор қаратди. Баёнотда таъкидланишича, бундай шароитда одил судлов мустақиллигини ҳимоя қилаётган инсонларнинг жасорати, узоқни кўра билиши ва қатъияти айниқса муҳимдир.
Қўмита фикрича, Нави Пиллейнинг фаолияти инсон қадр-қиммати ва халқаро ҳуқуқий тамойилларни изчил ҳимоя қилиш намунасидир. Унинг иши низоларни тинч йўл билан ҳал қилиш асоси сифатида халқаро ҳуқуқ-тартиботни қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлаш зарурлигини эслатади.
Хулоса қилиб, Норвегия Нобел қўмитаси Пиллейнинг адолат ва инсон қадр-қимматига содиқлиги яна-да тинч дунё қуришга интилаётганлар учун илҳом манбаи бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

