2026-йилги Нобел мукофоти кимларга ва нима учун берилди?
Ҳар йили октабр ойида дунё олимлари, адиб ва сиёсатчиларнинг нигоҳи Норвегия ва Швецияга қадалади: айнан шу вақтда инсониятга энг катта наф келтирган кашфиёт ва хизматлари учун Нобел мукофоти ғолиблари эълон қилинади.

2026-йилги Нобел мукофоти кимларга ва нима учун топширилди?
2026-йилги мавсум ғолиблари 5–12-октабр кунлари эълон қилинди. Олти йўналишдаги мукофот олимлар, шоира ва ҳуқуқшуносга насиб этди. Тинчлик мукофотига Ғазода геноцид содир этилган, деган хулосага келган БМТ комиссияси раҳбари муносиб деб топилди. Бу сафар ҳам мукофоциз қолган президент Трамп Нобел қўмитасини кескин танқид қилди. Мукофотлар ўз эгаларига 10-декабр — Алфред Нобел вафот этган куни Стокголм ва Осло шаҳарларида топширилади.
Нобел танлови очиқ конкурс эмас: унга ариза топшириб ҳам, ўзини ўзи кўрсатиб ҳам бўлмайди.
Физика, кимё ва иқтисодиёт бўйича лауреатларни Швеция Қироллик Фанлар академияси, физиология ёки тиббиёт бўйича эса Каролинска институтининг 50 профессордан иборат Нобел ассамблеяси танлайди. Адабиёт бўйича ғолибни 18 аъзоли Швеция академияси белгилайди. Тинчлик мукофотини эса Нобел васиятига кўра Норвегия парламенти тайинлайдиган беш кишилик Нобел қўмитаси беради.
Фан ва адабиёт йўналишларида номзодларни таклифнома олган академия аъзолари, аввалги лауреатлар ва соҳа профессорлари, адабиётда эса ёзувчилар уюшмалари раислари ҳам кўрсата олади. Тинчлик мукофотида доира кенгроқ: парламент ва ҳукумат аъзолари, давлат раҳбарлари, тарих, ҳуқуқ ва фалсафа профессорлари каби ўн минглаб киши номзод кўрсатишга ҳақли.
Номзодлар номи 50 йил сир сақланади. Битта мукофот кўпи билан уч кишига берилади. Лауреат диплом, ўртача 175 граммли олтин медал ва пул мукофотини олади. 2026-йилда мукофотнинг 125-йиллик юбилейи муносабати билан Нобел жамғармаси ҳар бир мукофот миқдорини 11 миллиондан 12 миллион Швеция кронасига оширди. Бу тахминан 1,2 миллион АҚШ долларига тенг.
Мукофотлар ҳафтасини анъанага кўра тиббиёт йўналиши очди: 5-октабр куни Каролинска институти мукофот «нур ёрдамида очиладиган ион каналлари ва оптогенетика соҳасидаги кашфиётлар учун» берилганини маълум қилди.

