Наманган ва Фарғонада фуқароларни хорижга ишга юбориш ҳамда умрага жўнатиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари аниқланди

Наманган ва Фарғонада фуқароларни хорижга ишга юбориш ҳамда умрага жўнатиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари аниқланди
Наманган ва Фарғона вилоятларида фуқароларни хорижга ишга юбориш ҳамда Умра зиёратига жўнатишни ваъда қилиб, пул олган шахслар аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Наманган шаҳрида яшовчи, 2004-йилда туғилган шахс Тўрақўрғон туманида яшовчи икки фуқарони танишлари орқали Хорватияга ишга юборишни ваъда қилиб, бунинг эвазига 3 600 доллар сўраган. ДХХ ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда у 1 000 долларни олдиндан олаётган пайтда ушланди.
Фарғона вилоятининг Бувайда туманида эса 1969-йилда туғилган шахс тегишли ваколатга эга бўлмаган ҳолда икки фуқарони Умра зиёратига Саудия Арабистонига юборишни ваъда қилган. У бунинг эвазига 2 200 доллар олаётган вақтида ДХХ ва ИИБ ходимлари томонидан ушланди.
Ҳар икки ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

