Фарғона ва Наманганда гиёҳвандлик воситалари сотувчи уч киши ушланди

Фарғона ва Наманганда гиёҳвандлик воситаларини сотаётган уч нафар шахс қўлга олинди
Давлат хавфсизлик хизмати Фарғона ва Наманганда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасини фош қилди.
Маълум қилинишича, ДХХ Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари Ички ишлар ва Божхона органлари билан ҳамкорликда Қўқон шаҳрида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши тезкор тадбирлар ўтказган.
Хусусан, муқаддам судланган 44 ёшли фуқаронинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг ертўласида 782 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланган.
Яна бир ҳолатда 1975-йилда туғилган шахснинг яшаш хонадонида 758 грамм гашиш моддаси, гиёҳвандлик воситалари қолдиқлари бўлган 6 дона пичоқ ва 4 дона электрон тарози борлиги аниқланиб, улар тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.
ДХХ Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари Ички ишлар ва Божхона органларини жалб қилган ҳолда ўтказган тезкор тадбирда Фарғона—Наманган йўналишида ҳаракатланаётган Ласетти Наманган тумани ҳудудида тўхтатилиб, кўздан кечирилганда 1998-йилда туғилган шахс бошқарувидаги автомашина салонидан 465 грамм гашиш моддаси ашёвий далил сифатида олинган.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

