Маҳаллий

Наманганда 577 млн сўмлик ҳужжациз ва сифати кафолатланмаган дори воситалари аниқланди

Наманганда 577 миллион сўмлик ҳужжациз ва сифати кафолатланмаган дори воситалари топилди.

Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) хабарига кўра, Наманган шаҳрида санитария қоидаларига зид равишда сақланаётган ва келгусида сотишга мўлжалланган, умумий қиймати 577 миллион сўмдан ортиқ бўлган дори воситалари аниқланган.

Аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида ДХХ, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Божхона қўмитаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбир давомида Наманган шаҳридаги уйлардан бири холислар иштирокида кўздан кечирилган. Текширув натижасида 1996-йилда туғилган фуқаро томонидан сотиш мақсадида санитария қоидаларига риоя қилинмаган ҳолда сақланаётган дори воситалари борлиги аниқланган.

Жумладан, тегишли ҳужжатлари бўлмаган ва сифати кафолатланмаган 56 турдаги жами 13 184 дона дори воситаси ашёвий далил сифатида олиб қўйилган. Улар орасида "Сефотаксим", "Бифидумбактерин", "Атропин", "Тидомет форте" каби препаратлар ҳам мавжуд.

Маълум бўлишича, ушбу дори воситалари қўшни республика ҳудудидан айланма йўллар орқали олиб кирилиб, "яширин омбор" сифатида фойдаланилган хонадонда сақланган.

Баҳолаш хулосасига кўра, олиб қўйилган дори воситаларининг умумий қиймати 577 миллион 381 минг сўмни ташкил этган.

Мазкур ҳолат юзасидан ушбу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси 3-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

ДХХ фуқароларни шу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келганда 1520 қисқа рақамига мурожаат қилишга чақирди. Мурожаат қилган шахснинг маълумотлари сир сақланиши кафолатланади.

Эслатиб ўтамиз, 2026-йил феврал ойида Тошкентдаги хонадонда сифат сертификатига эга бўлмаган 3 миллиард сўмлик дори воситалари яширин омбори ташкил қилингани аниқланиб, бу дорилар савдоси билан шуғулланувчилар фаолиятига чек қўйилгани ҳақида хабар берилганди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш учун cookie файлларидан фойдаланамиз. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сиз қабул қилмагунингизча ҳеч нарса ўлчанмайди.