Мудофаа вазирига янги ўринбосарлар тайинланди
Ўзбекистон мудофаа вазирига қуролланиш ва коррупсияга қарши кураш йўналишларида икки ўринбосар тайинланди

Мудофаа вазирига янги ўринбосарлар тайинланди
Президент Шавкат Мирзиёевнинг тегишли қарорларига асосан, Ўзбекистон мудофаа вазирига янги ўринбосарлар тайинланди.
Жумладан, полковник Зоидов Қаҳрамонжон Обиджонович мудофаа вазирининг қуролланиш ва қуроллантириш бўйича ўринбосари этиб тайинланди.
Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати Kun.uz мухбирига маълум қилишича, вазирнинг қуролланиш ва қуроллантириш бўйича ўринбосари лавозими вакант бўлган. Қаҳрамонжон Зоидов тайинловга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университетининг Қуруқликдаги қўшинлар институти бошлиғи сифатида фаолият юритган.
Шунингдек, адлия полковниги Муратов Жаҳонгир Дилшодович мудофаа вазирининг комплаенс ва коррупсияга қарши ички назорат бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.
Жаҳонгир Муратов тайинловга қадар Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурорининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.
Мудофаа вазирининг комплаенс ва коррупсияга қарши ички назорат бўйича ўринбосари лавозими эса янги жорий этилди.

