Мирзиёев Бухородаги туризм маркази қурилиши билан танишди
Бухорода 105 миллион доллар инвестиция билан 50 гектар майдонда туризм маркази қурилмоқда. Лойиҳада меҳмонхоналар, меҳмон уйлари ва маданият объектлари назарда тутилган.

Мирзиёев Бухородаги туризм маркази қурилиши билан танишди
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Бухорода туризм инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда йирик халқаро маданий ва ишбилармонлик тадбирларини ўтказишга мўлжалланган янги туристик марказ қурилиши жараёни билан танишди.
Марказ 50 гектар майдонда барпо этилмоқда. Лойиҳага киритилаётган инвестицияларнинг умумий ҳажми 105 млн долларга баҳоланмоқда.
Лойиҳага кўра, бу ерда қабуллар уйи, кўргазмалар зали, музей, иккита замонавий меҳмонхона, 80 та оилавий меҳмон уйи ва 2 минг ўринли амфитеатр қад ростлайди. Бундан ташқари, 70 дан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, сайр ҳудудлари, ҳунармандчилик марказлари ҳамда сунъий кўл ташкил этилиши кўзда тутилган.
Мажмуанинг меъморий қиёфасида Бухоро меъморчилиги анъаналари ва замонавий ечимлар уйғунлашади.
Ҳозирги вақтда 10 гектар майдонда муҳандислик-коммуникация тармоқлари ётқизилмоқда. Ишларга 50 га яқин махсус техника жалб этилган.
Прогнозларга кўра, марказ тўлиқ фойдаланишга топширилгач, 2 мингта иш ўрни яратилади, Бухорога келувчи сайёҳлар оқими эса 2 млн кишига кўпаяди. Маҳаллий бюджетга йиллик тушумлар 288 млрд сўмга етиши кутилмоқда.
Обидъектни кўздан кечириш чоғида Мирзиёев бу лойиҳа нафақат инфратузилмани кенгайтириши, балки Бухоронинг тарихий ва маданий меросини муносиб намойиш этишни таъминлаши кераклигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, мажмуани ривожлантириш туризм ҳисобидан иш ўринлари яратиш ва маҳаллий аҳоли даромадларининг ўсишига хизмат қилиши лозим. Масъул шахсларга лойиҳани ушбу вазифаларни инобатга олган ҳолда амалга ошириш топширилди.
Давлат раҳбари, шунингдек, Бухоро инфратузилмасини 2027 йилга мўлжалланган саммитларга тайёрлаш бўйича ҳисоботларни тинглади ва тегишли топшириқлар берди.

