Маҳаллий

Бухорода замонавий гастрономик марказ барпо этилади

Саида Мирзиёева Бухоро вилоятига ташрифи давомида ҳудудда туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва меҳмонлар учун замонавий шароитлар

Бухорода янги, замонавий гастрономик марказ қурилади.

Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Бухоро вилоятига ташрифи чоғида ҳудудда туризм инфратузилмасини ривожлантириш, сайёҳлик салоҳиятини ошириш ва меҳмонлар учун замонавий шароитлар яратишга қаратилган лойиҳалар билан танишди.

Шу доирада Бухоро шаҳрида Тошкентдаги машҳур Чорсу бозори ва Чиғатой мавзеси муҳитига мос, миллий таомлар ва гастрономик анъаналарни ўзида мужассам этган замонавий мажмуа барпо этиш режалаштирилган.

Бир гектар майдонни эгаллайдиган ушбу йирик гастрономик марказ инвестиция маблағлари ҳисобидан қурилади. Лойиҳа Бухоронинг туризм жозибадорлигини ошириш, маҳаллий аҳоли ва меҳмонлар учун сифатли дам олиш ҳамда миллий таомлардан баҳраманд бўлиш имкониятини яратишга хизмат қилади.

Янги мажмуада Бухоро воҳасининг энг сара ва машҳур миллий таомлари бир жойга жамланади. Ташриф буюрувчилар афсонавий Ғиждувон шашлиги, хуштаъм Олот сомсаси, анъанавий "Оши софи" палови, шунингдек, яхна, ҳалиса, гумма ва барак каби миллий пазандалик намуналаридан баҳраманд бўлишлари мумкин.

Лойиҳанинг ижтимоий-иқтисодий аҳамияти ҳам юқори. Мажмуада 50–60 нафар тадбиркорнинг ўз фаолиятини йўлга қўйиши учун шароит яратилади. Натижада қарийб 200 та янги иш ўрни ташкил этилиши кутилмоқда. Замонавий инфратузилма билан жиҳозланадиган гастрономик марказ кунига 3–5 минг нафаргача меҳмонга хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлади.

Мазкур лойиҳа Бухоронинг бой пазандалик меросини сайёҳларга кенг намоён этиш, миллий таомларнинг ўзига хос брендини шакллантириш ва шаҳарнинг туризм салоҳиятини янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этиши кутилмоқда.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.