Маҳаллий

«Миллий филмларимиз томошабин талабига жавоб беряптими? Афсуски, йўқ!» – Президент

Давлат раҳбари «Ўзбекфилм» киностудияси миллий кино тарихимиз, бир неча авлод ижодкорларининг меҳнати ва халқимизнинг орзу-интилишларини

«Миллий филмларимиз томошабин талабига жавоб беряптими? Афсуски, йўқ!» – Президент

Президент Шавкат Мирзиёев 26-октябр куни «Ўзбекфилм» киностудиясида киноижодкорлар билан учрашув ўтказмоқда. Унда миллий кинематографиянинг бугунги аҳволи, соҳада амалга оширилган ислоҳотлар ҳамда мавжуд муаммолар муҳокама қилинмоқда.

Давлат раҳбари «Ўзбекфилм» киностудияси миллий кино тарихимиз, бир неча авлод ижодкорларининг меҳнати ва халқимизнинг орзу-интилишларини ўзида мужассам этган маскан эканини таъкидлади.

«Маҳаллада дув-дув гап», «Ўтган кунлар», «Шум бола», «Чинор остидаги дуел», «Суюнчи» каби филмлар халқ хотирасида алоҳида ўрин тутиши қайд этилди.

Президент сўнгги ўн йилда «Ўзбекфилм» киностудияси тўлиқ реконструксия қилингани, соҳани ривожлантиришга қаратилган иккита фармон ва саккизта қарор қабул қилинганини маълум қилди.

2016-йилда филмлар ишлаб чиқариш учун давлат буджетидан 10 миллиард сўм ажратилган бўлса, 2026 йилда бу кўрсаткич 218 миллиард сўмга етган.

Шунингдек, сўнгги йилларда «Исломхўжа», «Ибрат», «Авлоний», «Абдулла Қодирий», «Қўқон шамоли», «Муқимий», «Илҳақ», «Ўзбек қизи» ва «Баҳодир Ялангтўш» каби тарихий филмлар яратилгани таъкидланди.

Учрашувда миллий кино санъатидаги муаммоларга ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, Президент ижтимоий тармоқлар ривожлангани сабабли одамлар кинотеатрларга бормай қўйгани ҳақидаги қарашларга муносабат билдирди.

«Демак, томошабин кинодан, кинотеатрларга боришдан воз кечгани йўқ, фақат унинг диди ва талаби ўзгарди. Миллий филмларимиз ана шу талабга жавоб беряптими? Афсуски, йўқ!» – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, бунинг асосий сабабларидан бири филмларни ишлаб чиқаришдан тортиб, уларни томошабинга етказишгача бўлган яхлит тизим – дистрибуция шаклланмаганидир.

Президент миллий кино санъатини янги босқичга олиб чиқиш учун ҳали кўп ишларни амалга ошириш зарурлигини қайд этди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.