Микротўлқинли печда овқат иситиш соғлиқ учун зиёнми?

Микротўлқинли печда овқат иситиш соғлиқ учун зиёнми?
Ўтган асрнинг 50-йилларида яратилган микротўлқинли печлар овқатни иситиш, гўштни эритиш каби кўплаб уй юмушларини енгиллаштирди. Шунга қарамай, айримлар бу техника хавфсизлигидан ҳануз хавотирда.
АҚШнинг Кливленд клиникаси диетологи Пейж Уелш микротўлқинли печлардан озиқ-овқат ва ичимликларни иситишда фойдаланиш саломатлик учун хавфсиз эканини тушунтирди.
Микротўлқинлар — паст частотали нурланишнинг бир тури бўлиб, улар ионлаштирувчи бўлмаган тўлқинлар сифатида таснифланади. У саратонга олиб келмайди, озиқ-овқатларни радиоактив нурлантирмайди ва ДНКни ўзгартирмайди. Бу турдаги нурланиш уяли телефонлар, телевизорлар ва лампочкаларда ҳам мавжуд.
Мутахассиснинг изоҳига кўра, рентген нурларида ишлатиладиган ионлаштирувчи нурланиш юқори дозаларда ҳужайраларга зарар етказиши мумкин, бироқ микротўлқинлардан келадиган ионлаштирувчи бўлмаган нурланиш молекуляр тузилмани ўзгартирмайди ва соғлиқ учун хавф туғдирмайди.
Микротўлқинли печ магнетрон деб аталадиган қурилма ёрдамида ишлайди. У электр энергиясини микротўлқинли энергияга айлантиради. Озиқ-овқат микротўлқинли печга қўйилганда, бу энергия овқатдаги сув молекулаларини тебратади. Мазкур тебранишлар озиқ-овқат тузилишини ўзгартирмасдан иссиқлик ҳосил қилади. Бундай энергия миқдори одамга зарар етказиши учун сезиларли даражада паст.
Агар микротўлқинли печ шикастланган бўлса, унинг ичида чуқурчалар, ёриқлар мавжуд бўлса ёки бўёқ қисми кўчган бўлса, унда техника зарарли бўлиши мумкин.

