Мевага айланган вазир ва “шағал” таъмли шакар: тилимиздаги санскритча сирлар

Мевага айланган вазир ва “шағал” таъмли шакар: тилимиздаги санскритча сирлар
“Қудратли рожа шатранж ўйнаб, шакардек ширин мандарин еяётганида бахши жасорат ҳақида куйларди”. Бу жумланинг қарийб ярми санскрит сўзлари эканига ишонасизми? Энг қадимий тиллардан бири бўлган ва дунёнинг жуда кўп тилларига сўзлар ҳадя қилган санскрит тили ўзбекчага ҳам бегона эмас.
Ҳинд заминидан чиққан эгизаклар
Ўтиб бўлмас тиканли бутазор ва қалин тўқайларни чангал ёки чангалзор деймиз. Қизиғи, бу сўз аслиятда қалин ўрмонни эмас, аксинча, ери қуруқ, дарахтлари сийрак майдонни билдирган. Унинг илдизи қадимги санскрит тилидаги жангала – қурғоқчил, сийрак бутали, ишлов берилмаган ер атамасига бориб тақалади. Бу сўз форс тили орқали тилимизга ўзлашган. Жонли тилда уни жингил, жангал шаклларида ҳам ишлатамиз.
Хориж киноларидан яхши таниш бўлган жунгли сўзи чангал билан ака-ука. ХВИИИ асрда Ҳиндистонга борган инглизлар бу сўзни ўзлаштирди. Вақт ўтиб инглиз тилида у қалин, ёввойи ўсимликлар босган жойни англатадиган бўлди.
Зўравонлик ва қонунсизлик ҳукм сурган муҳитни тасвирлашда жунгли қонунлари деган иборани ишлатамиз. Бу ибора Редярд Киплингнинг 1894-йилда чоп этилган “Жунгли китоби” асари билан оммалашган. Унинг қонунсизлик рамзига айланиши эса америкалик ёзувчи Аптон Синклернинг 1906-йилда чоп этилган “Жунгли” романи билан боғлиқ. Муаллиф бу ном орқали ўша давр жамиятидаги шафқациз тартибларни фош этган эди.
Шу маънодаги сўз ўзбекчада бўлмаганми? Минг йил олдин аждодларимиз бундай қалин бутазор ва тўқайларни нима деб атаган? Маҳмуд Кошғарий луғатида ўтиб бўлмас қалин тўқайзор маъносида бук сўзи қайд этилган. Бироқ асрлар ўтиб бу туркийча сўз унутилди, унинг ўрнини ўзлашма сўзлар эгаллаб олди.
Боламизни “шағал” деб эркалаймизми?
Шакар – энг қадимий ширинликлардан бири. Македониялик Искандар ва унинг сафдошлари уни боларисиз бол дея таърифлаган. Милодий И асрда яшаган римлик ёзувчи Катта Плиний шундай ёзади: “Шакар Арабистонда ҳам тайёрланади, лекин Ҳиндистон шакари яхшироқ. У қамишда учрайдиган асал туридир. Шакар смола каби оппоқ бўлиб, тишлар орасида ғичирлайди. Ёнғоқ катталигидаги бўлакларда сотилувчи шакардан фақат тиббий мақсадларда фойдаланилади”. Плинийнинг бу сўзлари бизга ажабланарли туюлиши мумкин. Сабаби у яшаган Рим империясига бу маҳсулот Ҳиндистондан Миср орқали етказилган, ўта қиммат бўлгани боис кўпинча дорилик учунгина истеъмол қилинган. Кейинчалик мусулмонлар Сицилия ва Испанияда шакарқамиш етиштиришни йўлга қўйгач, у оддий халқ дастурхонига ҳам кириб келди.
Шакар санскритча шаркара – шағал, қум, қанд уни сўзидан келиб чиққан, ҳинд ва форс тиллари воситасида ўзбекчага ўзлашган. Бу сўз “Қутадғу билиг”да учрайди, “Девону луғатит турк”да эса шакар қўшиб пишириладиган таомлар ҳақида маълумот берилади. Алишер Навоий асарларида шаккар, шаккарафшон, шаккарбор, шакаргуфторлиғ, шакарлаб, шаккаристон, шакарханда, шакаршикан каби сўзларга дуч келамиз.
Вақтлар ўтиб атама дунё тилларини забт этди. Европага форс ва араб тиллари оралаб ўрта лотин тили орқали тарқалган бўлса, яна кўплаб тиллар уни бевосита арабча ёки юнончадан ўзлаштирган. Масалан, қадимги рус тилига у юнонча сакхарон сўзидан сахар шаклида кўчиб ўтган.
Кундалик ҳаётда эркалаш-мақташ маъносида шакар қизим, шакарим, шакардай ширин каби ибораларни кўп ишлатамиз. Қизиғи, шундай мурожаат шакли инглиз тилида ҳам бор. Инглиз тилида сугар сўзининг эркалаш маъносида қўлланиши 1930-йиллардан урфга кирган.
Санскритчадаги маъноси шағал экани ва иккала сўзнинг талаффузи ўхшашлигини кўриб, тилимиздаги шағал атамаси ҳам айни шу ўзакдан чиқмаганмикан деган фараз туғилиши табиий. Бироқ буни исботловчи илмий далил йўқ, бу – шунчаки тасодиф. Айримлар қумга алоқадорлиги сабабли шакар ва саҳро сўзларини ҳам бир илдизга боғлашга уринади. Лекин бу сўзлар ўртасида қариндошлик йўқ.
Пўсти арчилган “амалдор”
Хушбўй мандариннинг пўстини арчиб, иштаҳа билан еяётган киши бу сўз аслида жиддий давлат амалдорини англатишини хаёлига ҳам келтирмаса керак. ХВИ асрга оид португал ёзма манбаларида хитойлик амалдорлар мандаринлар деган ном билан қайд этилган. Кейинчалик Ғарбда Мин ва Син империяси амалдорларининг тили ҳам шу номни олди. Вақт ўтиб, мандарин атамаси Хитой амалдорлари ва билимли кишилари сўзлашадиган хитой тили номи сифатида ҳам қўллана бошлади.
Португаллар бу сўзни малай тилидан олган. Малакка султонлигида яшовчи португаллар хитойлик амалдорлар билан учрашганда уларга мандарин деб мурожаат қилади. Бу малайча ментери сўзининг португалчага мослашган талаффузи эди. Малайларнинг ментери атамаси эса қадимги санскритча мантрин – маслаҳатчи, вазир сўзининг ўзгарган шакли бўлган.
Давлат унвони қандай қилиб оддий мевага айланиб қолди, дерсиз? Мандариннинг мева номи сифатида қўлланиши ҳам Хитой билан боғлиқ эди. Бунга турлича сабаб кўрсатилади. Бир фаразга кўра, ситрус мева ва хитойлик амалдорлар либосининг рангидаги ўхшашлик мандарин нинг мевага айланишига туртки бўлган. Бошқа бир талқинга таянилса, ушбу ситрус асосан юқори лавозимли амалдорлар дастурхонига тортилгани учун уларнинг унвонини ўзига ном қилиб олган. Бора-бора халқ тилида мандарин деганда амалдор эмас, ҳаммамиз севадиган ширин мева тушуниладиган бўлиб қолган.
Жадидларни норози қилган атама: “сарт” аслида нима дегани?
Тарихимизда сарт атамаси атрофида кўплаб баҳс-мунозаралар юзага келган. Бунга атаманинг турли даврларда турлича маъно касб этгани сабаб бўлган. Масалан, Маҳмуд Кошғарий бу сўзни савдогар маъносида изоҳласа, Юсуф Хос Ҳожиб ҳам уни шу маънода қўллайди. Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур эса бу атамани тожик тилида сўзлашувчиларга нисбатан ишлатган. Хусусан, Навоий ўз замондоши Саййид Ҳасан Ардашерни “Бу фақир турк ва сорт орасида андин тамомроқ киши кўрмайдурмен” дея таърифлайди. Бунда сорт деганда форсий тилли аҳоли назарда тутилган.
Вақт ўтиши билан сарт атамаси воҳалардаги ўтроқ, деҳқончилик билан шуғулланувчи аҳолини ифодалаш учун ҳам қўллана бошлаган. ХХ аср бошларига келиб унинг ўзбекларга нисбатан қўлланиши атрофида матбуотда кескин баҳс-мунозаралар юзага келди. Хусусан, Маҳмудхўжа Беҳбудий “Оина” журналида эълон қилинган “Сарт сўзи маълум бўлмади” номли мақоласида бу атаманинг келиб чиқиши ва қўлланиши ҳали узил-кесил аниқланмаганини таъкидлаган.
Нуфузли манбаларда сарт атамаси санскритча сāртҳавāҳа – карвонбоши, савдогар сўзи билан боғланади. Бу сўзнинг қадимги маъноси билан Кошғарий келтирган сарт – савдогар изоҳининг мос келиши мазкур этимологик талқинни қўллаб-қувватлайди.
Қозонга тушса – чалпак, бошга тушса-чи?
Ҳиндистонга борган инглизлар бош уқалашга асосланган муолажани ўзлаштириб, уни ифодаловчи шампун сўзини ҳам инглиз тилига олиб киради. Инглиз тилида илк бор 1762-йилда қайд этилган бу сўз ҳиндча чампо – босмоқ, уқаламоқ сўзидан олинган эди. Унинг илдизи эса санскритча сапаяти – эзмоқ, уқаламоқ феълига бориб тақалади.
Бир аср давомида инглизлар бу сўзни асосан массаж муолажаси маъносида ишлатган. Сочни кўпиртириб ювиш маъноси илк бор 1860-йилда қайд этилган.
Хушбўй мойлар билан бош уқалаш анъанасини Британияда бенгал сайёҳи, шифокор ва тадбиркор Шайх Дин Муҳаммад оммалаштиради. У 1814-йили Брайтонда даволовчи буғли ҳаммом очиб, мисли кўрилмаган довруқ қозонади. Ҳатто Буюк Британия қироллари Жорж ИВ ва Уилям ИВ нинг расмий “Қиролнинг шампунловчи жарроҳи” – Шампооинг Сургеон унвонига лойиқ кўрилади.
Мушук овлолмайдиган “сичқон”лар
Товуш таркибига қараб мушк сўзини араб ёки форс тилидан ўзлашган деб ўйлаш мумкин. Изоҳли луғатимиз буни қисман тасдиқлаб, сўзнинг форсча эканини таъкидлайди. Лекин этимологик манбалар мушк форс тилига санскритчадан ўтганини кўрсатади. Аслида табиий мушк моддаси муск кийигининг қорин остидаги халтасимон безидан олинади. Митти халтачанинг шакли ва кўриниши сабабли қадимги ҳиндлар уни санскритча сўз билан мушка – мояк деб атаган. Бу атаманинг ўзи эса қадимги ҳинд-европа тилидаги мус – сичқон ўзагидан ясалган. Европа тилларида сичқонни билдирувчи сўзлар, масалан, инглизча моусе ёки русча мышь айни шу ўзакдан тарқалган.
Тилимиздаги мушак ва мускул сўзлари ҳам ана шу қадимий илдизга бориб тақалади. Мушакларнинг лотинча муссулус номи “кичкина сичқон” деган маънони англатган. Ҳақиқатан ўхшаш-да: мушагини ўйнатаётган спортчини эсланг, мушак қўлда у ёқдан бу ёққа югуриб ўтаётганга ўхшайди.
Қадимги туркий тилда мушк йипар деб аталган. У ҳозирги ўзбек тилида ипор шаклида сақланиб қолган.
“Банги”нинг ранги
Ўзаро сўзлашувда ёки ёши каттароқ кишиларнинг тилида банги сўзини эшитгандирсиз? Нашаванд, гиёҳвандни англатади. Ўзбек тилининг этимологик луғати бу сўзни форсча деб кўрсаца, изоҳли луғат ҳиндча эканини таъкидлайди. Аслида ҳар икки манбанинг изоҳида ҳам жон бор.
Наша ўсимлиги ва ундан тайёрланадиган маст қилувчи ичимлик қадимги санскрит тилида бҳанга деб аталган. Қадимий ҳинд битикларида бҳанга муқаддас ўсимликлардан бири сифатида тилга олинади. Кейинчалик бу сўз форс тили орқали банги шаклида бизнинг тилимизга ҳам кириб келган.
Бугун банги сўзини эшитган пайти кишининг тасаввурида рангида ранг қолмаган, озғин, кўзлари нурсиз қиёфа жонланади. Сўзлар баъзан ўзи ҳақида ўзи сўзлайди, ундаги маъно товушларга сингиб кетганга ўхшайди. Рангсизлик ва нурсизликни ўзида мужассам этган банги атамаси ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.
Тўнингиз кўкмиди, Нилуфар?
Нилуфар сўзидан шеърият уфуриб туради, унда нафислик ва оҳанг бор. Йирик баргли, чиройли катта гуллар очадиган бу сув ўсимлигининг номи санскритча нīлотпала – сувда ўсадиган кўк гул сўзининг ўзгарган шаклидир. Биз кўча-кўйда кўрадиган нилуфарлар асосан оқ рангда бўлади. Нега бу сув гулининг номида кўк ранг маъноси бор? Жавоби жуғрофия билан боғлиқ: Ҳиндистон ва унинг атрофидаги ҳудудларда мовий сув нилуфари қадимдан машҳур бўлган ва эъзозланган.
Бу нафис сўз Европа тилларига ҳам кириб борган. Масалан, франсуз ва испанлар уни Шарқ тиллари орқали ненуфар шаклида қабул қилган.
Сўзнинг биринчи қисми нил тилимизда алоҳида ҳам қўлланади, нил, нилий сўзлари кўк ранг билан боғлиқ маъноларни беради. Масалан, кўк гумбазлар иборасини шоирлар нилий гумбазлар деб қўллаши мумкин.
Таомларга маза берган “пул”лар
Мурч – дунё ошхоналарида энг кўп ишлатиладиган зираворлардан бири. Мурч сўзи санскритча марича атамасидан келиб чиққан.
Бу атамага қариндош санскритча пиппали сўзининг кечмиши ҳам қизиқ. У асли узун қалампирнинг номи бўлган. Бу сўз юнон, лотин тиллари орқали Европага ёйилган. Узун қалампирнинг ўрнини мурч эгаллагач, бу ном асосан мурчга нисбатан ишлатила бошлаган. Натижада лотинча пипер , инглизча пеппер , немисча пфеффер , русча перец сўзлари дунёга келган.
Ўрта асрларда мурч жуда қимматбаҳо товар бўлган: айрим жойларда ундан ижара, солиқ ва бошқа тўловларда ҳам фойдаланилган. Европанинг айрим шаҳарларида зиравор савдосидан бойиган савдогарларга “мурч қоплари” каби лақаблар берилган. Ўша даврларда Европада мурч сўзи хушбўй зираворларнинг умумий номига айланган.
Болалигимизда севиб еганимиз ширин кулча – пряник нинг номи ҳам мурч ва зираворлар тарихига бориб тақалади. Хамирига қимматбаҳо зираворлар қўшиб пиширилган асалли тансиқ кулчани олмонлар пфефферкучен – мурчли кулча деб атаган. Қадимги рус тилида эса пряный – зираворли, хушбўй сифатидан ширинлик номи – пряник шаклланган. Сўзнинг эврилишини қаранг: аччиқ мурч тиллар оша саёҳат қилиб, ширин пишириқнинг номига айланиб кетган!
Бизда урф бўлган, Европада тақиқланган
Ҳозир энг арзон матолардан бўлган чит бир пайтлар Европани васвасага солганини, уни олиб кириш ва ундан фойдаланиш ҳатто қонун билан чекланганини кўпчилик билмаса керак.
Чит матоси одатда гул ва нақшлар билан безатилади. Унинг номи ҳам шу хусусиятни акс эттиради. Чит сўзи қадимги санскрит тилидаги читра — чиройли, ёрқин, ранго-ранг, ола-була маъноларини билдирувчи сўздан олинган. Демак, унинг номидаёқ ранг-баранглик ва безак тушунчаси мужассам.
Ушбу атама ҳинд тили орқали Шарқ ва Европа тилларига тарқалган. ХВИИ асрда Ҳиндистон билан савдо-сотиқ қилган инглизлар бу матони ҳам, унинг номини ҳам ўзлаштириб, чинтз деб атай бошлаган. Инглиз тилида бу сўз бугун ҳам йирик гулли ва нақшли пахта матосини англатади.
Шарқдан келтирилган бу ёрқин мато Европада шиддат билан урфга кириб, маҳаллий ипак ва жун тўқимачилигини жар ёқасига келтириб қўяди. Оқибатда 1686-йили Франсия, 1700-йиллардан бошлаб эса Англия ҳам чит ва бошқа босма пахта матоларини чеклаш ва тақиқлашга киришади. Бироқ тақиқларга қарамай, читга бўлган қизиқиш сўнмади: у Европада мода ва ҳашамат билан боғлиқ матолардан бири бўлиб қолди.

