Дунёнинг энг овлоқ икки қишлоғи қандай қилиб бойимоқда?
Кутилмаган бурилиш эса кейин юз берди: энг баланд овоз билан суратга олиш ишларига қарши чиққан,

**Дунёнинг икки чеккасидаги қишлоқлар қандай қилиб гуллаб-яшнамоқда?**
**Мултфилм сабаб тинчи бузилган Хускар**
Испаниянинг Андалусия тоғлари бағрида жойлашган Хускар қишлоғида ҳаёт асрлар давомида ўзгармас эди. Аҳолининг асосий тирикчилиги тоғдан қўзиқорин териш, эчки боқиш ва кичик деҳқончиликдан иборат эди. Оқ деворли уйлари билан ажралиб турадиган бу сокин масканда кунлар шу қадар тинч ўтардики, ҳатто шаҳардан келган сайёҳлар ҳам бу ерда узоқ қолмасди.
Аммо 2011-йилда бу осойишта ҳаёт тубдан ўзгарди. Қишлоққа Голливуднинг йирик медиакорпорацияси — Сонй Пистурес вакиллари ташриф буюрди. Улар «Смурфлар» 3Д мултфилмининг глобал промо-кампанияси учун кутилмаган ва ғайриоддий таклиф билан келишган эди: қишлоқдаги барча уйларни, жумладан, тарихий черков ва ҳатто қабристондаги қабр тошларини ёрқин мовий рангга бўяш.
Голливуднинг бу ғояси маҳаллий аҳоли томонидан бир овоздан қабул қилинмади. Аксинча, қишлоқ икки қутбга бўлиниб қолди. Айниқса, асрий черков ва боболари мангу қўним топган қабристон деворларига кўк бўёқ суртилишини кўпчилик муқаддас қадамжоларга ва тарихга нисбатан ҳурмацизлик деб билди.
Ищилар бўёқ ва мўйқаламлар билан иш бошлаганида, баъзи норози хонадон эгалари ўз уйлари деворига қайтадан оқ бўёқ суртиб, ишга халақит беришга уринди. Қишлоқ марказида «Биз смурф эмасмиз, биз деҳқонмиз!», «Тинчлигимизни қайтаринг!» деган шиорлар билан норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Чунки суратга олиш гуруҳининг шовқини, кўчаларда пайдо бўлган улкан кўк жонзотлар ҳайкаллари ва доимий тасвирга олиш жараёнлари тинч ҳаётга ўрганган одамларнинг асабига тегарди.
Аммо киноижодкорлар суратга олиш ишлари тугагач, уйларни яна аввалгидек оқ рангга бўяб бериш ваъдаси билан аҳолининг маълум қисмини кўндиришга эришди. Қишлоқ уйларини бўяш учун эса нақ 4000 литрдан ортиқ бўёқ ишлатилди.
Ва ниҳоят, 2011-йилнинг июл ойида мултфилм намойиш этилди ва мўжиза юз берди. Илгари йилига атиги 300 нафар сайёҳ аранг келадиган Хускарга 6 ой ичида 80 000 дан ортиқ одам ёпирилиб келди! Тоғ орасидаги кичик кўчалар сайёҳларга тўлиб кетди. Одамлар кўк деворлар ёнида суратга тушиш, смурф-қўзиқоринларни сотиб олиш ва маҳаллий қаҳвахоналарда овқатланиш учун узун навбатларда тура бошлашди.
Илгари кунига 50 евро ишлашга зўрға кучи етадиган оилалар, энди кунига минглаб евро даромад топа бошладилар. Меҳмонхоналар, сувенир дўконлари ва транспорт хизмати гуллаб-яшнади. Қишлоқда ишсизлик даражаси деярли барҳам топди.
Кутилмаган бурилиш эса кейин юз берди: энг баланд овоз билан суратга олиш ишларига қарши чиққан, деворларга оқ бўёқ отган собиқ норозилардан бири, кейинчалик қишлоқда энг биринчи бўлиб «Смурф-кафе ва сувенирлар» дўконини очди ва энг катта тадбиркорга айланди!
Шартнома муддати тугаб, Сонй Пистурес уйларни қайта оққа бўямоқчи бўлганида, яна аҳоли қишлоқ марказига тўпланди. Ва 141 киши уйларни кўк рангда қолдиришга, 33 киши эса оқ рангга қайтаришга овоз берди.
Аммо қишлоқ ҳикояси шу билан тугамади. 2017-йилда Сонй Пистурес ва муаллифлик ҳуқуқи эгалари қишлоқдан «Смурфлар» брендидан фойдалангани учун катта фоиз талаб қила бошлади. Келишмовчиликлар сабаб, қишлоқ «Смурфлар қишлоғи» номидан ва расмий брендидан маҳрум бўлди.
Тирикчилик тўхтаб қолдими? Йўқ! Хускар аҳолиси дарҳол қишлоқ номини «Кўк қишлоқ» деб ўзгартирди. Бренд номи кетган бўлса-да, унинг тарихи ва ёрқин кўк уйлари қолган эди. Бугунги кунда ҳам минглаб сайёҳлар бу ерга айнан иқтисодий бурилиш тарихини ўз кўзи билан кўриш учун келишда давом этмоқда.
**Қорли тоғлар орасида қолиб кетган Сиракава-го**
Испаниянинг Хускар қишлоғи Голливуднинг шов-шувли маркетинги ва тасодифий бурилиш эвазига оёққа турган бўлса, Япониянинг тоғлар орасида жойлашган Сиракава-го қишлоғи бутунлай қарама-қарши жозибага эга.
Сиракава-гонинг бойлиги асрлар давомида шаклланган, интизомга, жамоавий масъулиятга таянадиган ягона ижтимоий ва иқтисодий тизимда.
Сиракава-го Япониянинг Хонсю ороли шимоли-ғарбидаги муқаддас Хаку-Сан тоғи этагида, гуруч пайкаллари ва тоғ дарёси атрофида жойлашган. Бу тинч ва табиий қишлоқ ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган бўлиб, ўзининг 114 та тарихий уйи билан машҳур. Уларнинг баъзиларининг ёши 250 йилдан ошган.
Қишда бу ерда қор қалинлиги бир неча метрга етади. Шу сабабли маҳаллий аҳоли асрлар давомида «Гассхо-дзукури» (ибодат учун бирлаштирилган кафтлар) деб аталадиган ноёб меъморчилик услубини яратган.
Уйларнинг томи 60 даражали тик қияликда, фақат ёғоч ва арқонлардан фойдаланиб, бирорта ҳам мих ишлатмасдан сомон ва пўпанакдан ёпилади. Бундай конструксия оғир қор босимига ва тебранма зилзилаларга бардош беради.
Муаммо шундаки, бундай томнинг сомон қатламини ҳар 30–40 йилда тўлиқ янгилаш талаб этилади. Замонавий бозор иқтисодиёти тилида айтганда, битта уйнинг томини янгилаш ўн минглаб долларлик меҳнат ва ресурсни талаб қиладиган, оддий деҳқон оиласининг чўнтаги кўтармайдиган жараён.
Айнан шу молиявий ва жисмоний қийинчилик Сиракава-года ноёб ижтимоий тизим — «Юи» ни шакллантирди. «Юи» бизнинг тилимизда ҳашар деган сўзни англатади, аммо у қишлоқда аниқ тартибга солинган ижтимоий мажбурият. Битта уйнинг томини янгилаш куни белгилангач, қишлоқ аҳолиси эрта тонг азонлаб бир жойга йиғилади. Иш шу қадар аниқ ва дақиқаларигача режалаштириладики, улкан томни алмаштириш ишлари 1-2 кун ичида тўлиқ якунланади.
Энг муҳими бу хизмат учун ҳеч кимга бир иен ҳам ҳақ тўланмайди. Бугун бутун қишлоқ сизнинг уйингиз томини ёпиб берса, эртага сиз бошқа хонадонга бориб меҳнат қиласиз. Бу тизим маҳаллий аҳолини оғир молиявий харажатлардан озод қилибгина қолмай, жамоа ичидаги жипсликни ҳам сақлаб туради.
1995-йилда Сиракава-го ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилди. Шу ондан бошлаб қишлоққа инвестиция киритмоқчи бўлган инвесторлар ва йирик меҳмонхона тармоқларининг ёпирилиб келиши бошланди. Аммо маҳаллий аҳоли йиғилиб, учта қатъий ва муросасиз қоидани қабул қилди: қишлоқдаги уй ёки ер майдонлари бирорта ташқаридан келган шахсларга ёки хорижий инвесторларга сотилмайди, уйларни ташқи бизнес субьектларига тижорат мақсадида ижарага бериш тақиқланади. Қишлоқнинг тарихий қиёфасига зид бўлган замонавий бино, пластик конструкторлик ёки ёрқин реклама баннерлари ўрнатилмайди.
Улар йирик меҳмонхоналар ва шовқинли кўнгилочар марказларни қишлоққа киритмаслик орқали оммавий, арзон туризмдан воз кечишди. Сиракава-го аҳолиси замонавий дунёга мослашмади, аксинча, замонавий дунёни ўз тартибларига бўйсундириб, юқори қийматли этно-туризм моделини яратди.
Сайёҳлар йирик меҳмонхоналарда эмас, айнан маҳаллий аҳолининг асрий сомон томли уйларида, оилалар билан бирга яшайди. Бунинг учун йилига минглаб одамлар бир неча ой олдин навбатга туриб, юқори нарх тўлайди.
Бу ерда қишлоқ ташқарисидан келтирилган озиқ-овқатлар эмас, балки маҳаллий деҳқонлар томонидан етиштирилган гуруч, тоғ сабзавотлари ва анъанавий япония овқатлари сотилади. Сиракава-годаги бир нечта тарихий уйлар музейга айлантирилган ва кириш чипталаридан тушган даромад тўлиқ маҳаллий инфратузилма ҳамда «Юи» тизимини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.
Испаниянинг Хускар қишлоғи бизга замон талабига мослашиш, моделни тезкор ўзгартириш ва дадил маркетинг орқали ночор ҳудудни оёққа турғизиш мумкинлигини кўрсатган бўлса, Япониянинг Сиракава-го қишлоғи ўзликни ва қадриятларни тижорат учун қурбон қилмасликнинг ўзи энг қимматбаҳо капитал эканини исботлайди.
Бири тезкор тренд ва кинематографик шов-шув эвазига бойиди, иккинчиси эса асрий интизом ва жамоавий масъулият орқали ўз мустақиллигини сақлаб қолди. Аммо иккаласининг ҳам натижаси қувонарли, муҳими қишлоқлар харитадан ўчмади, аҳоли шаҳарга кўчиб кетмади, балки ўзларининг мавжудлигини бутун дунёга сайёҳлар орқали исботлаб фаровон ва обод гўшага айланди.

