Манғистовда ҳалок бўлган ҳарбийларнинг оилаларига 5 миллион доллардан ортиқ миқдорда ёрдам кўрсатилади

Манғистовда ҳалок бўлган ҳарбийларнинг оилаларига 5 миллион доллардан ортиқ ёрдам ажратилади
Манғистов вилоятида Каспий денгизидаги машғулотлар пайтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оилаларига 2,3 миллиард тенгедан ортиқ (тахминан 5,2 миллион доллар) молиявий кўмак кўрсатилади. Маблағлар «Әділет» партияси ва Қозоғистон халқ кенгаши аъзолари томонидан тақдим этилади.
«Әділет» партияси ўз Ишбилармонлар кенгаши билан биргаликда ҳалок бўлган ва жабрланган ҳарбий хизматчиларнинг оилаларини қўллаб-қувватлаш учун 1,5 миллиард тенге (3,3 миллион доллар) йўналтиради. Пуллар ёрдам йиғиш бўйича ягона оператор этиб белгиланган «Ұлттық рух» жамғармасига тушади. Бадаллар ихтиёрий равишда амалга оширилмоқда.
Ҳалок бўлганларнинг оилаларига ёрдам бериш учун яна 815 миллион тенге (1,8 миллион доллар) Қозоғистон халқ кенгаши аъзолари томонидан йиғиб бўлинди. Ушбу маблағлар тўғридан-тўғри ҳарбий хизматчиларнинг яқинларига топширилади.
Эслатиб ўтамиз, фожиа 24 сентябрь куни Каспий денгизи соҳилида Қозоғистон Ҳарбий-денгиз кучларининг машғулотлари пайтида юз берган эди. Ўқув-жанговар топшириқни бажариш чоғида об-ҳаво шароити кескин ёмонлашиб, шамол кучайган, бунинг оқибатида 17 нафар ҳарбий хизматчи очиқ денгизда қолиб кетган. Уч киши қутқариб қолинган, 14 киши ҳалок бўлган. Қидирув-қутқарув операцияси 25 сентябрь куни бедарак йўқолган охирги икки ҳарбий хизматчининг жасади топилганидан кейин якунланди.
Ҳарбий хизматчиларнинг ҳалок бўлиши ҳолати бўйича хизматга совуққонлик билан қараш, оғир оқибатларга олиб келиш ва кема бошқариш қоидаларини бузиш моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳодиса сабаблари ва тафсилотларини ҳукумат комиссияси ўрганмоқда.
Фожиа муносабати билан 25 сентябрь Қозоғистонда умуммиллий мотам куни деб эълон қилинган эди.
Манғистов вилояти ҳокимлиги аввалроқ ёрдам беришни истовчиларни маблағларни фақат расмий «Ұлттық рух» жамғармаси орқали ўтказишга чақирган эди. Маблағларнинг ҳаракати давлат ва ҳуқуқ-тартибот идоралари назоратида турибди.

