Дунё

Қозоғистонда ҳарбийлар ҳалокати юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Қозоғистоннинг Манғистау вилоятида, Каспий денгизида ўтказилаётган ҳарбий-денгиз машғулотлари вақтида 12 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди. Яна икки ҳарбийни қидириш ишлари давом этмоқда. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев 25-сентабрни умуммиллий мотам куни деб эълон қилди.

Қозоғистонда ҳарбийлар ҳалокати бўйича жиноят иши очилди

ДВ хабарига кўра, Манғистау вилояти маъмурияти бу фожиа ҳақида 24-сентабр куни маълумот берган.

Об-ҳаво кескин ёмонлашиб, шамол кучайгани сабаб 17 нафар ҳарбийни денгиз олиб кетган. Улардан уч нафари қутқарилган, 12 нафари эса ҳалок бўлган.

Ҳодисадан сўнг тиббиёт муассасасига олиб борилган ҳарбий хизматчининг аҳволи барқарор экани, унинг ҳаётига хавф йўқлиги айтилган.

Қозоғистон бош вазири ўринбосари Қанат Бозумбаев ҳукумат комиссияси йиғилишини ўтказган. Ички ишлар вазири ўринбосари Санжар Адиловнинг билдиришича, оғир оқибатларга олиб келган хизматга совуққонлик билан муносабатда бўлиш ва кема бошқариш қоидаларини бузиш ҳолатлари юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Айбдор шахсларни аниқлаш учун тергов ва тезкор-қидирув тадбирлари, шунингдек, экспертизалар олиб борилмоқда.

Расмийлар ҳалок бўлган ҳарбийларнинг оилаларига ижтимоий ва моддий ёрдам кўрсатилишини маълум қилган.

«Каспий мудофааси - 2026» машғулотлари 22-сентабрдан бери ўтказилмоқда. Унда 500 нафардан ортиқ ҳарбий, жумладан, жанговар кемалар экипажлари ва қирғоқ бўлинмалари қатнашмоқда.

Машғулотларга Миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара хизматининг Манғистау вилояти бўйича қирғоқ қўриқлаш кучлари ва воситалари, шунингдек, Қозоғистон Қуролли кучларининг Ҳаво мудофааси кучлари ҳам жалб этилган. Уларнинг вазифаси жанговар шайлик ва кучлар ўртасидаги ҳамкорлик даражасини оширишдан иборат.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.