Қозоғистонда 25-сентябр миллий мотам куни деб эълон қилинди

Қозоғистонда 25-сентябр миллий мотам куни деб эълон қилинди
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Манғистов вилоятидаги машғулотлар вақтида ҳарбийлар ҳалок бўлгани муносабати билан мамлакатда миллий мотам эълон қилди.
Оқорда матбуот хизматининг хабар беришича, давлат раҳбарининг фармойиши билан хизмат бурчини бажариш чоғида ҳарбийлар ҳалок бўлгани сабабли 2026-йил 25-сентябр куни Қозоғистон Республикасида миллий мотам куни этиб белгиланди.
Бугун, 24-сентябр куни Манғистов вилоятида Қозоғистон Қуролли кучлари Ҳарбий-денгиз кучларининг машғулотлари бўлиб ўтаётган эди. Каспий денгизи қирғоғида жанговар тайёргарлик топшириғини бажараётган 19 нафар ҳарбийни об-ҳаво кескин ёмонлашгани ва кучли шамол эсгани сабабли сув оқизиб кетган.
Мудофаа вазирлиги аввалига 9 нафар ҳарбий ҳалок бўлгани ва уч киши қутқариб олинганини маълум қилганди. Сўнгги маълумотларга кўра эса қурбонлар сони 12 нафарга етган.
Бош прокуратура Оқтов гарнизонидаги машғулотларда ҳарбийлар ҳалок бўлгани ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди. Ҳодисадан сўнг ҳукумат комиссияси тузилди. Бош вазир ўринбосари Қанат Бозумбаев фожиа юз берган жойга борди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳарбийлар ҳалок бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирди ҳамда фожиа сабабларини атрофлича тергов қилишни буюрди. Фожиа сабабли Оқтов шаҳрида “Шаҳар куни” муносабати билан ўтказилиши режалаштирилган барча байрам тадбирлари бекор қилинди.

