Лукашенко: уруш бўлмаслиги учун урушга тайёргарлик кўряпмиз
Беларус раҳбари Александр Лукашенко мамлакат Қуролли кучларида кенг кўламли текширувлар давом эттирилиши ва улар сафарбарлик тайёргарлигини ҳам қамраб олишини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, «уруш бўлмаслиги учун унга тайёргарлик кўриш» керак.

**Лукашенко: уруш бўлмаслиги учун урушга тайёргарлик кўряпмиз**
Александр Лукашенко 11-сентабр куни Брест вилоятидаги «Обуз-Лесновский» умумқўшин полигонида журналистлар билан суҳбатда армияда олиб борилаётган текширувлар ҳақида фикр билдирди.
Унинг айтишича, Беларус Қуролли кучларининг барча бўлинмалари босқичма-босқич текширилади ва бу жараён сафарбарлик тайёргарлигигача давом этади.
«Мен аввал ҳам оддий қилиб айтганман: армияни силкитиш керак, вақти келди. Бутун армияни. Ҳаммани, ҳатто сафарбарликкача текширамиз», - деди у.
Беларус раҳбарининг сўзларига кўра, танк ва мотўқчи бўлинмаларда текширувлар аллақачон ўтказилган, ҳозир эса артиллерия бригадасида шундай тадбирлар давом этмоқда.
«Уруш бўлмаслиги учун урушга тайёргарлик кўряпмиз», - деди Лукашенко.
У барча Қуролли кучлар текширувдан ўтказилишини таъкидлаб, ҳарбий тайёргарлик шароитлари имкон қадар ҳақиқий жанг вазиятига яқин бўлиши кераклигини айтди.
Лукашенко бу ёндашувни Россия расмийлари «махсус ҳарбий операция» деб атайдиган Украинадаги урушдан чиқарилган сабоқлар билан изоҳлади.
«Ҳаммаси худди жангдагидек бўлиши керак. Қўшинларимизни шундай тайёрлаш зарур. Бу - махсус ҳарбий операция сабоқлари. Шунинг учун бутун Қуролли кучларни силкитамиз», - деди у.
Суҳбат чоғида Лукашенко 22 ёшли кичик ўғли Николай армияда хизмат қилаётганини ҳам маълум қилди.
Николай Лукашенко ёзда Пекин университети ва Беларус давлат университетининг «Биотехнология» қўшма дастури бўйича диплом олган.
Лукашенконинг айтишича, унинг ўғли бошқалар билан бирга ҳарбий хизматга чақирилган ва ҳозир лейтенант сифатида хизмат қилмоқда.
«Ҳатто ҳеч ким билмасди. Виктор [мудофаа вазири Виктор Хренин] чақирди. Армияда ҳамма қатори хизмат қиляпти. Лейтенант. Қаердалигини айтмайман, аммо энг мураккаб бўлинмада», - деди Лукашенко.
Унинг қўшимча қилишича, Николай хизматдан бўш вақтида биотехнология йўналишидаги ўқишини ҳам давом эттирмоқда.

