“Лой ичидан пайпаслаб топдик” — Чорвоқ тубидан ота-болаларнинг жасадларини олиб чиққан ғаввослар

“Лой ичидан пайпаслаб топдик” — Чорвоқ тубидан ота-болаларнинг жасадларини олиб чиққан ғаввослар
2-сентябр куни Чорвоқ сув омборида бир оиланинг уч аъзоси — ота ва унинг икки ўғли чўкиб кетди. Расмий маълумотга кўра, улар сувга тушиш тақиқланган ҳудудга кирган ва ҳимоя нимчасисиз чўмилган.
Чорвоқ Ўзбекистондаги энг чуқур сув омборларидан бири ҳисобланади. У ерда чўкиб кетган одамни топиш ва сувдан олиб чиқиш осон эмас. Чунки сув остида, кўриш деярли имконсиз бўлган шароитда мураккаб ва хавфли қидирув ишлари олиб борилади.
Ҳалокатдан кейин қидирув қарийб саккиз кун давом этди. Охир-оқибат, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ғаввослари сув тубидан уч нафар марҳумнинг жасадини топиб, юзага олиб чиқди.
“Дарё” сув тубига тушиб, чўкиб кетганларни қидирган ва олиб чиққан ФВВ ғаввослари билан суҳбатлашди. Улар қидирувнинг энг оғир паллалари, Чорвоқ тубидаги шароит ва марҳумларни қандай топгани ҳақида гапириб берди.
Ўзи нима бўлган эди?
Воқеа тафсилотларига кўра, бир оила сув омборига катерда сайр қилишга чиққан. Сувнинг чўмилиш тақиқланган қисмида расмга тушиш учун тўхташган. Кейин чўмилишни хоҳлашган.
“Чўмилиш жараёнида улар жилетлардан фойдаланишмаган. Шунинг оқибатида отаси ҳамда иккита ўғли чўмилаётганда томири тортишиб қолган. Ўша вақтда шамол туриб, сувда бироз тўлқин ҳосил бўлган. Ўша жараёнда чўкиш ҳолати юз берган”, дейди қутқарув отряди командири Рустам Бўриев.
Катер бошқарувидаги одам жилециз чўмилиб бўлмаслигини айтган, бироқ фуқаролар тавсияга амал қилмаган.
“Биринчиси тушган ва оёғида томир тортиб қолган. Кейин отаси қутқараман деб тушган. Шунда яна бир ўғли тушган. Кетма-кет шу аянчли вазият юзага келган”, — дейди вазирлик вакили.
Катерда эркакнинг турмуш ўртоғи ва синглиси ҳам бўлган. Аёллар атрофдагилардан ёрдам сўраган. Катерни бошқараётган ҳайдовчи ҳам сувга тушиб, уларни қутқаришга уринган, аммо уддалай олмаган.
Чорвоқ Ўзбекистондаги энг катта ва чуқур сув ҳавзаларидан бири саналади. Сув омборининг майдони қарийб 40 километр квадрат, айрим жойларида кенглиги 10 километрга етади. Ўртача чуқурлиги 50 метр, энг чуқур жойлари эса 130–150 метр атрофида. Сув омборининг лойиҳавий сиғими қарийб 2 миллиард куб метрни ташкил этади.
Шу билан бирга, Чорвоқ ёз ойларида минглаб одамлар дам олиш учун келадиган йирик туризм маскани ҳамдир. ФВВ маълумотига кўра, фақат расмий рекреацион обьектларнинг ўзи бир вақтнинг ўзида қарийб 7 минг кишини қабул қила олади.
Қидирув нега чўзилди?
“Дарё” журналисти билан суҳбатда Чорвоқ сув омборига тушиб, чўкиб кетганларни қидиришда қатнашган ва биринчи жасадни олиб чиққан ғаввос, Чирчиқ шаҳар махсус қутқарув отряди командири маёр Умиджон Тўлаганов қидирув жараёни ҳақида сўзлаб берди.
Унинг айтишича, фожиа содир бўлган куни кучли шамол ва тўлқин кузатилган. Бу эса ҳалок бўлганларни сув остида анча масофага силжитиб юборган. Бундан ташқари, уларнинг айнан қаерда чўкканини ҳеч ким аниқ кўрсатиб бера олмаган. Натижада қидирув ҳудуди 5 километр диаметргача кенгайган ва қидирув ишларига етти нафар қутқарув жамоаси жалб қилинган.
“Анча вақт чўкканларнинг жойини топа олмадик. Чорвоқ сув омборининг ҳудуди жуда катта. Энг катта муаммо эса улар чўккан жойнинг аниқ локациясини ҳеч ким кўрсатиб бера олмагани бўлди.
Қидирувни қийинлаштирган яна бир омил — сувнинг чуқурлиги. Биз ишлаган жойларда чуқурлик 22–23 метр атрофида эди. Бундан ташқари, сув туби тошлоқ эмас, лой. Ғаввос сув тубига тушганда, ҳаракат натижасида лой кўтарилиб, сувни худди тумандек хиралаштириб юборди. Бундай шароитда кўриш масофаси баъзан ярим метргача тушиб кетади”, — деди Умиджон Тўлаганов.
“Лой ичида пайпаслаб топдим”
Чирчиқ шаҳар махсус қутқарув отряди командирининг айтишича, ғаввослар қидирувни секторларга бўлиб, сув тубини бирма-бир текшириб чиққан.
“Сув остида фонардан ҳам фойдаланамиз. Фонар сув тубини тиниқ кўрсатмайди, масофани ҳам аниқ кўриш қийин. Лекин у сув остидаги нарсаларнинг шаклини илғашга ёрдам беради.
Масалан, сув туби бўйлаб бир текис ҳаракатланаётганингизда, ҳамма жойнинг ранги деярли бир хил кўринади. Агар каттароқ тош ёки бошқа бирор нарса, хусусан, жасадга дуч келсангиз, унинг ранги ёки шакли бошқачароқ кўринади.
Фонарни ёққанимда, сув тагида қанақадир қора доғга ўхшаш нарса кўринди. Яна икки қадам олдинга юрганимда, ўша нарса ёнимга келди. Шунда чўкиб кетган инсонлардан бирининг жасади эканини англадим”, — деди у.
Иккинчи жасадни сувдан олиб чиққан ғаввос — Чирчиқ шаҳар махсус қутқарув отряди ходими Ғиёс Имомов ҳам “Дарё” журналистига қидирув жараёни қандай кечгани ҳақида сўзлаб берди.
У 22 метр чуқурликда, кўриш деярли имконсиз бўлган шароитда жасадни сув тубидаги лой ичидан қўллари билан пайпаслаб топганини таъкидлади.
“Тахминан 20 метр чуқурликда, сув тубини пайпаслаб қидириб юргандим. Кўриш деярли имконсиз эди. Шу пайт қўлим нимагадир тегди. Яхшилаб олдига бориб қарасам, ҳақиқатан ҳам чўкиб кетганлардан бири экан. Уни ушладим, тепага сигнал бердим ва олиб чиқиб келдим”, — деди ғаввос.
Маёр Умиджон Тўлаганов чўкиб кетганлардан бирини топган пайтда ичидан қандай фикрлар ўтганини айтар экан, қидирувнинг дастлабки кунларида натижа бўлмагани сари ғаввосларнинг ўзига бўлган ишончи ҳам синовдан ўта бошлаганини таъкидлади.
“Жасадни сув остидан тепага олиб чиқишнинг ўзи ҳам вақт олади. Уни олиб чиқаётганимда, “Худога шукур, биттаси топилди. Демак, қидирув майдони ҳам қисқарди, радиуси аниқроқ бўлди. Худо хоҳласа, қолганларини ҳам топамиз”, деб ўйладим.
Шундан кейин анча одам енгил тортди. Чунки бир ҳафтадан ошиқ вақт давомида қидирув олиб бораётган эдик. Кунлар ўтгани сари одамнинг ўзига бўлган ишончи ҳам синовдан ўтади: “Наҳотки шунча одам ишлаяпти-ю, топа олмаяпмиз?” деган ўй пайдо бўлади. Биринчи жасаднинг топилгани эса бизга катта умид берди”, — деди у.
Чорвоқдаги сув жозибадор ва гўзал кўринса-да, унинг сувлари бир неча сония ичида инсонни ўз қаърига тортиб, ҳаётига нуқта қўйиши мумкин. Шу сабаб Чорвоқда дам олишнинг энг оддий, аммо энг муҳим қоидаси — фақат рухсат этилган жойларда чўмилиш ва тақиқланган ҳудудларда хавфсизлик жилециз сувга тушмаслик, дея таъкидлайди мутахассислар.

