Чорвоқда чўкиб кетган ота-болалардан бирининг жасади топилди

Чорвоқда чўкиб кетган ота-болалардан бирининг жасади топилди
Чорвоқ сув омборида чўкиб кетган 3 нафар фуқародан бирининг жасади аниқланди.
2-сентябр куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Чорвоқ сув омбори сув ҳавзасида ота ва икки нафар ўғил катерда сайрга чиққан, сўнг сувга тушиш тақиқланган ҳудудга бориб, ҳимоя нимчасиз сувга тушиб чўкиб кетганди.
Хабар келиши билан ФВВ ғаввос-қутқарувчилари воқеа жойига етиб бориб, қидирув ишларини бошлаган. Қидирув кўлами кенглиги ва сув омбори чуқурлигини ҳисобга олиб, Фавқулодда вазиятлар вазири топшириғига кўра ҳодиса жойида штаб фаолияти йўлга қўйилиб, қўшимча равишда Жиззах ва Сирдарё вилоятлари Фавқулодда вазиятлар бошқармаларидан қўшимча кучлар жалб этилди.
“Чўмилиш жараёнида жилетлардан фойдаланишмаган. Шунинг оқибатида отаси ҳамда иккита ўғли чўмилаётганда томири тортишиб қолган. Яъни у ерда шамол бўлиб турган бўлган, яна сувда озгина тўлқин ҳосил бўлган. Ўша жараёнда чўкиш ҳолати юз берган”, деган эди қутқарув отрядининг командири Рустам Бўриев.
Олиб борилган қидирувлар натижасида 9-сентябр соат 13:02 да чўкиб кетган фуқаролардан бирининг жасади топилди. Вазирлик маълумотига кўра, қидирув ишлари барча зарур техника ва замонавий асбоб-ускуналардан фойдаланган ҳолда давом эттирилмоқда.

