Кураш майдонидаги қотиллик: Деновда таниқли полвонни пичоқлаган шахсга ҳукм ўқилди
Сурхондарё вилояти Денов туманида ўтказилган миллий кураш мусобақасида қотиллик юз берган: воҳанинг таниқли полвонларидан бири Низомиддин Чўтбоев пичоқланиб, шифохонада ҳаётдан кўз юмган. Суд полвонни пичоқлаган 29 ёшли йигитга 19 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Кураш майдонидаги қотиллик: Деновда таниқли полвонни пичоқлаган шахсга ҳукм ўқилди
Денов туманида таниқли полвон Низомиддин Чўтбоевни пичоқлаган шахсга суд ҳукми чиқарилди.
Суд қарорига кўра, 1997-йилда туғилган Достон Жабборов бундан олдин ҳам безорилик ҳамда қасддан баданга оғир шикаст етказиш жиноятлари учун икки марта судланган.
2026-йил 9-май куни Достон Жабборов Денов тумани Янгиариқ маҳалласида ўтказилган миллий кураш мусобақасини томоша қилиш учун борган. Мусобақада унинг укаси Бўстонбек Жабборов полвон Низомиддин Чўтбоевнинг ўғли Аюбхон Хуррамов билан гиламга чиққан.
Курашда Бўстонбек Жабборов мағлуб бўлган. Бундан ғазабланган Достон Жабборов мусобақа ўтаётган жойни тарк этган. Йўлда такси ҳайдовчисидан кураш майдонида отаси Асл Худойқулов билан Низомиддин Чўтбоев ўзаро тортишиб қолганини эшитган. Шундан жаҳли чиққан Достон Жабборов ортига, мусобақа бўлаётган жойга қайтган.
У яқин атрофдаги озиқ-овқат дўкони ичида турган ошхона пичоғини олиб, кураш майдонига борган. У ерда Низомиддин Чўтбоевга фарзандлари кўз ўнгида 4 марта пичоқ санчган.
Полвон оғир жароҳат олиб, шифохонада вафот этган.
Достон Жабборов судда айбини тан олган. У полвонга неча марта пичоқ урганини билмай қолганини, барчаси жаҳл устида содир бўлганини айтиб, суддан енгиллик сўраган.
“Пичоқни неча марта санчганимни эслолмайман. Ўша вақтда ҳеч ким олдимга яқинлаша олмади, ҳамма 2 метрча нарида қўрқиб келолмай турди. Жуда жаҳл устида эдим. Сўнг пичоқни ташлаб, ўзимдан узоқлаштириш учун Низомиддин Чўтбоевни бир марта сурдим. У юзини кўтариб, боши билан чап юзимга урди. Зарбадан карахтланиб, орқага қараб тез юрдим ва ундан қочдим”
Судда Аюбхон Хуррамов отаси Низомиддин Чўтбоев кўз олдида пичоқланганини, бундан қаттиқ изтиробга тушганини айтган. У судланувчига умрбод қамоқ жазоси тайинлашни сўраган.
ЖИБ Қумқўрғон туман судининг ҳукми билан Достон Жабборов Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “ж, л” бандларида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган. Унга 19 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.

