Маҳаллий

Сурхондарёда 32 ёшли йигитни калтаклаб, унинг ўлимига сабаб бўлган 5 киши 4 йилдан 9 йилгача қамалди

Сурхондарё вилояти Денов туманида мулкий низо сабаб 32 ёшли йигитни бир гуруҳ бўлиб дўппослаган беш нафар шахс судланди. Жабрланувчи оғир тан жароҳатлари оқибатида шифохонада вафот этган. Суд уларга 4 йилдан 9 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Сурхондарёда 32 ёшли йигитни калтаклаб, унинг ўлимига сабаб бўлган 5 киши 4 йилдан 9 йилгача қамалди

Сурхондарё вилояти Денов туманида мулкий низо сабаб 32 ёшли йигитни бир гуруҳ бўлиб калтаклаб, унинг вафотига олиб келган беш нафар шахсга нисбатан суд ҳукми чиқарилди. Уларга 4 йилдан 9 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди.

Жиноят ишлари бўйича Денов туман судида кўриб чиқилган иш ҳужжатларига кўра, ҳодиса 27-апрел куни юз берган. 37 ёшли фуқаро ўзига таниш бўлган яна тўрт киши билан бирга Ласетти ва Нехиа автомашиналарида автомобил ювиш шохобчасига келган. Улар олдиндан давом этиб келаётган мулкий низо юзасидан таниши билан ҳисоб-китоб қилмоқчи бўлган.

Гуруҳ аъзолари танишини унинг отаси кўз ўнгида қўл ва оёқлари билан танасининг турли жойларига уриб, дўппослаган. Сўнг уни мажбуран Ласетти автомашинасига ўтқазиб, Узун тумани ҳудудига олиб кетган. У ерда ҳам унга нисбатан зўравонлик давом эттирилган.

Кейин жабрланувчи Денов тумани тиббиёт бирлашмасининг шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига ташлаб кетилган. Шифокорлар томонидан тиббий ёрдам кўрсатилган бўлса-да, у 28-апрел куни вафот этган.

Шунингдек, судланувчилардан бирининг яшаш хонадонида 28-апрел куни ўтказилган тинтувда кийим чўнтакларидан марихуана қолдиқлари, шунингдек, тўртта гугурт қутиси ичида марихуана ва опий қолдиқлари топилган.

Суд Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 59-моддаси (Бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиб, судланувчилардан бирига 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган. Қолган судланувчилардан бири 8 йил 6 ой, яна бири 8 йил 10 ой, икки нафари эса 4 йилдан озодликдан маҳрум қилинган.

Вилоят ИИБ воқеа пул олди-бердиси туфайли юзага келган низо ортидан содир бўлганини билдирган. 28-апрел куни оғир тан жароҳатлари олган 30 ёшли йигит вафот этгани хабар қилинган. Шундан сўнг ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “к”, “е” бандлари (Бир гуруҳ шахслар томонидан безорилик оқибатида қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тўрт киши қамоққа олинган эди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.