
Космосга йўл
Қирғизистон тарихда илк бор ўз йўлдошини орбитага чиқаришга тайёр. Қурилмани учириш 1 октябрга АҚШнинг Калифорния штатидаги майдончадан режалаштирилган.
Марказий Осиёнинг ушбу мамлакатида яратилган биринчи йўлдошни республика ҳукумати раисининг ўринбосари — сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазири Эрлист Акунбеков тақдим этди. Унинг сўзларига кўра, космосдан олинадиган тасвирлар ва бошқа маълумотлардан фойдаланиш аграр секторни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш имконини беради. Бундай маълумотлар яқинлашиб келаётган совуқ уриши ёки қурғоқчиликни кузатиб боришга ёрдам беради. Бундан ташқари, мутахассислар қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ошириш бўйича ҳаракатлар режасини тайёрлаш учун маълумотларни таҳлил қила оладилар.
Мулозимнинг аниқлик киритишича, йўлдош илгари компьютерлар ва назорат-касса машиналарини (НКМ) йиғиш билан шуғулланган «Кыргыз электроника» корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган. Қирғизистонлик муҳандисларга қурилмани лойиҳалаш ва ишлаб чиқариш учун 2,5 йил вақт кетди.
Журналистларга космик аппаратнинг техник параметрлари кўрсатилди. Унинг вазни 5 килограммни ташкил этади. Йўлдошнинг қиймати 10-12 млн сомга (тахминан $130 минг) баҳоланмоқда.
Ўз навбатида, «Кыргыз электроника» директори Илья Черный йўлдошни кўп функцияли деб аташ мумкинлигини таъкидлади: хусусан, у юқори аниқликдаги камералар билан жиҳозланган бўлиб, улардан олинадиган тасвирлар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги учун жуда зарур.
Шу билан бирга, корхона раҳбари ушбу ишланмани тўлиқ Қирғизистонники деб ҳисоблаб бўлмаслигини тан олди, чунки уни яратишда фойдаланилган технологияларнинг катта қисми Россияникидир. Агар йўлдошни «нолдан» бошлаб ясаш керак бўлганида, бунинг учун 10-15 йил талаб этиларди, дея тушунтирди Черный.
Қирғизистон ўз йўлдошини учираётган Марказий Осиёдаги биринчи давлат эмас. Яқинда Ўзбекистон ҳам шундай ютуқни қайд этган эди. Аппаратни учириш хитойлик ҳамкорлар иштирокида амалга оширилди. Жорий йилнинг август ойида ХХР компанияси борт тизими Ўзбекистонда сунъий интеллект технологиялари асосида ишлаб чиқилган модуль билан жиҳозланган Samarkand-2028 гиперспектрал йўлдошини космосга муваффақиятли чиқаргани хабар қилинган эди.
Қозоғистон ҳам янги йўлдош тайёрламоқда. Ҳукумат амалдаги KazSat-3 ўрнини босувчи KazSat-3R ни яратиш учун 10,4 миллиард тенге ажратди. Ҳозирги аппаратнинг хизмат қилиш муддати 2029 йилда тугайди. KazSat тизими орқали 19 та алоқа оператори ишлайди ва икки миллиондан ортиқ телевидение абонентларига хизмат кўрсатилади.

