Контрактнинг 30 фоизини давлат тўлайди: тиббиёт ходимлари фарзандларига маблағ ўтказиш бошланди
Давлат тиббиёт муассасаларида камида 15 йил ишлаган тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг фарзандлари учун контракт тўловининг бир қисмини қоплаш бошланди. Аризаси тасдиқланган ходимлар фарзандлари ўқиётган олийгоҳларга субсидия маблағлари ўтказилмоқда.

Контракт тўловининг 30 фоизини давлат қоплайди: тиббиёт ходимлари фарзандлари учун маблағ юбориш бошланди
Мазкур имтиёз Вазирлар Маҳкамасининг 2026-йил 12-июндаги 310-сон қарорида белгиланган.
Унга мувофиқ, тегишли тоифадаги ходимларнинг республика олий таълим ташкилотлари бакалавриат босқичида таҳсил олаётган фарзандлари учун йиллик тўлов-контракт суммасининг 30 фоизи қоплаб берилади.
Бунда субсидиянинг энг юқори миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваридан ошмаслиги лозим. Яъни контрактнинг 30 фоизи ушбу чегарадан юқори бўлса, тўлов белгиланган лимит доирасида амалга оширилади.
Хабарга кўра, ариза топширган ва мурожаати тасдиқланган ходимларнинг фарзандлари ўқиётган олийгоҳларга маблағлар келиб туша бошлаган.

