Олти ойда 11 мингдан зиёд магистрант хотин-қизлар контракти давлат томонидан тўлаб берилди

Олти ой ичида 11 мингдан ортиқ магистратура талабасидаги хотин-қизларнинг контракти давлат ҳисобидан қопланди
Ўзбекистонда 2026-йилнинг И ярмида магистратурада таҳсил олаётган 11 минг нафардан зиёд хотин-қизларнинг тўлов-контракти давлат бюджетидан тўлаб берилди. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров 15-сентябр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги йиғилишда маълум қилди.
Ҳукумат вакили давлат бюджетининг олти ойлик ижроси юзасидан парламентга ҳисобот тақдим этди. Қайд этилишича, олти ой давомида 11 мингдан зиёд магистрант хотин-қизларнинг тўлов-шартномаси учун жами 75,5 миллиард сўм ажратилган. Таққослаш учун, 2025-йилнинг шу даврида бундай субсидиялар 48 млрд сўмни ташкил этган.
“Бундан ташқари, қарийб етти минг нафар хотин-қизга 88 миллиард сўм миқдорида фоизсиз таълим кредити, 1,8 минг нафарга яқин талабага 26 миллиард сўм миқдорида имтиёзли таълим кредити ажратилди”, деди вазир.
Жамшид Қўчқоров ярим йил давомида олий таълим соҳасига 6,3 триллион сўм ёки таълим харажатларининг 12,7 фоизи йўналтирилганини билдирди. Шундан 2,1 триллион сўм ўрта махсус ва касбий таълимга, 3,6 триллион сўми олий таълимга сарфланган.
“Бунда касбий таълим сифатини ошириш мақсадида 14 та техникумда халқаро таълим дастурларини жорий этишга 72 миллиард сўм ажратилди. Ҳисобот даврида давлат олий таълим муассасаларидаги талабалар турар жойлари сони 386 тага, уларнинг сиғими 156 мингдан ошиб, ётоқхонага эҳтиёжи мавжуд талабаларнинг 57 фоизи қамраб олинди. Талабалар турар жойларини барпо этиш, хусусий шерикларни қўллаб-қувватлаш ва ижара харажатларини қоплаш учун 182 миллиард сўм субсидиялар ажратилди”, деди ҳукумат вакили.
Таҳлилларга кўра, мамлакатда олий таълим қамрови 44 фоизга, талабалар сони эса 1,6 миллион нафарга етган.
Бундан олдин давлат бюджетининг олти ойлик ижроси бўйича кенгроқ маълумот берилганди.

