Дунё

Ким Чен Ин комада экани айтилди, КХДР бунга жавобан унинг суратларини эълон қилди

Ғарб матбуотида КХДР етакчиси Ким Чен Иннинг комада экани ҳақида миш-мишлар тарқалди. Бунга жавобан Шимолий Корея ҳукумати унинг янги суратларини эълон қилди.

Ким Чен Ин комада экани айтилгач, КХДР бунга жавобан унинг суратларини тарқатди

19-октабр куни Кимнинг комага тушгани ҳақида Британиянинг Тҳе Сун, Американинг Нев Ёрк Пост таблоидлари ва Ҳиндистоннинг Эсономис Тимес нашри хабар берди. Улар «ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари»га таянган ҳолда, КХДР етакчиси миясига қон қуйилиши оқибатида комага тушиб қолгани ва Пекиндаги шифохоналардан бирига ётқизилганини таъкидлади.

КХДР бу хабарларга изоҳ бермади, бироқ 20-октабр куни Корея марказий телеграф агентлиги Ким ўз оиласи билан Пхеняндаги кийим-кечак ва поябзал кўргазмасига ташриф буюргани ҳақида репортаж эълон қилди. Таъкидланишича, бу воқеа бир кун аввал содир бўлган.

АҚШда яшовчи таниқли хитойлик диссидент Ванжун Се томонидан Х ижтимоий тармоғида қолдирилган хабар миш-мишларнинг асосий манбаси бўлган. Се дастлабки постида Кимнинг Хитойда шифохонага ётқизилганига қарамай вафот этганини иддао қилган.

Жанубий кореялик дипломатлар ва разведкадаги манбалар Ким Чен Иннинг комага тушгани ҳақидаги даъволарни тасдиқловчи “ҳеч қандай маълумот эшитмаганликлари”ни билдирди.

Сентабр ойида Жанубий Корея разведкаси парламентга ҳисобот тақдим этиб, унда Ким ўта оғир даражадаги семизликдан азият чекаётганини таъкидлаган эди: бўйи 170 сантиметр бўлгани ҳолда, у 140 килограмм тош босяпти. Шу билан бирга, разведка ҳисоб-китобларига кўра, “даволовчи шифокорлар гуруҳининг синчков кузатуви инобатга олинса”, КХДР етакчисининг соғлиғида жиддий муаммолар борлигидан дарак берувчи аломатлар йўқ.

КХДР расмийлари Кимнинг соғлиғи ҳақида ҳеч қачон хабар бермаган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.