ОАВ яна Ким Чен Ыннинг эҳтимолий комада экани ҳақида гапира бошлади

ОАВ яна Ким Чен Ыннинг комада бўлиши мумкинлигини муҳокама қилмоқда
Британиянинг The Sun газетасининг таъкидлашича, Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ын миясига қон қуйилишини бошидан кечирган ва комага тушган бўлиши мумкин. Нашр сиёсатчининг гўёки шошилинч даволаниш учун Пекинга олиб кетилгани ҳақида ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган хабарларга ҳавола бермоқда. Ушбу маълумотнинг расмий тасдиғи йўқ. Ким Чен Ыннинг соғлиғи ҳақидаги бундай миш-мишлар биринчи марта пайдо бўлаётгани йўқ — у ҳар гал жамоатчилик кўзидан узоқ вақтга йўқолганида шундай бўлади.
The Sun маълумотларига кўра, Ким Чен Ын Хитой тиббиёт коллежлари уюшмаси ҳузуридаги Пекин тиббиёт коллежига юборилган бўлиши мумкин. Нашр манбаларининг ҳисоблашича, Пхеньян клиникаларида зарур асбоб-оскуналар ва шароитлар йўқлиги сабабли КХДРдан ташқарида даволанишга эҳтиёж туғилган.
Ким Чен Ын охирги марта 11 октябрь куни Пхеньяндаги Миллий мудофаа инқилоби музейига ташриф буюрганида жамоатчилик олдида кўриниш берган эди.
Янги хабарлар фонида Шимолий Корея бўйича таҳлилчи Бенедикт Роджерс The Sunга берган изоҳида бу каби баёнотлар илгари ҳам янграганини эслатди. Унинг сўзларига кўра, агар КХДР етакчиси вафот этганида, расмийлар оммавий мотам тадбирларини ташкил этган бўларди, агар у тирик бўлса, мамлакат раҳбарияти тез орада бунинг визуал тасдиқларини тақдим этарди.
Шунга ўхшаш воқеа 2020 йилда ҳам содир бўлган эди. Ўшанда ҳам Ким Чен Ын бир муддат кўздан ғойиб бўлган, шундан сўнг тармоқда унинг комада экани ва ҳатто вафот этгани ҳақида гап-сўзлар пайдо бўлганди. Кейинчалик бу хабарлар унинг жамоатчилик олдида қайта пайдо бўлиши билан рад этилди.
Шимолий Корея етакчисининг аҳволи муҳокамасининг янги тўлқини эҳтимолий ворислар ҳақидаги масалани яна кун тартибига олиб чиқди.
Таҳлилчилар мамлакатга вақтинча раҳбарлик қилиш учун асосий номзодлардан бири сифатида етакчининг кичик синглиси — Ким Ё Чжонни айтишмоқда. У КХДР сиёсий тизимида нуфузли мавқега эга ва ташқи сиёсат ҳамда хавфсизлик масалалари бўйича мунтазам равишда расмий баёнотлар бериб туради. Жумладан, душанба, 19 октябрь куни у Жанубий Корея билан чегарада қўшимча тактик қуролларни жойлаштириш имконияти борлигини маълум қилди.
Яна бир эҳтимолий даъвогар Ким Чен Ыннинг қизи — ҳозирда ёши тахминан 13 да бўлган Ким Чжу Э ҳисобланади. Сўнгги йилларда у отасига ҳарбий ва давлат тадбирларида, жумладан, унинг Хитойга қилган аввалги ташрифи чоғида тез-тез ҳамроҳлик қилмоқда, бу эса уни ворис ролига тайёрлашмоқда деган тахминларни келтириб чиқарди.
Шу билан бирга, Ким Чжу Э расман ворис деб эълон қилинмаган. Таҳлилчиларнинг баҳолашича, кутилмаган ҳолатлар юз берган тақдирда, Ким Ё Чжон, Ким Чжу Э вояга етгунига қадар мамлакатни вақтинча бошқариб туриши мумкин.
Ҳозирги вақтда Ким Чен Ыннинг оғир аҳволи ҳақидаги маълумотлар ижтимоий тармоқлардаги тасдиқланмаган нашрларлигича қолмоқда. Расмий Пхеньян ҳозирча ушбу хабарларга ҳеч қандай изоҳ бергани йўқ.

