Дунё

“Россия ғалабасига ишонаман” — Ким Чен Ин Путинга хат йўллади

“Россия ғалабасига ишонаман” — Ким Чен Ин Путинга мактуб юборди

Ким Чен Ин Владимир Путин ҳамда Россия халқини доимий қўллаб-қувватлашга ваъда берди.

У ушбу телеграммани КХДР ташкил топганининг 78 йиллиги муносабати билан Россиядан юборилган табрикка жавобан жўнатган.

“Мен мамлакат хавфсизлиги ва халқаро адолат манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидаги бугунги муқаддас урушда Россия ғалабасига қатъий ишонаман. Шунингдек, сизни ва қардош Россия халқини доимо қўллаб-қувватлашга ваъда бераман”, — дейилади Путинга йўлланган мактубда.

Ким Чен Ин Москва билан ўзаро ёрдам ва мустаҳкам иттифоқчилик муносабатларига таянган ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда чуқурлаштириш ниятида эканини билдирган.

2024-йил июн ойида Путин ва Ким Чен Ин ҳар томонлама стратегик шериклик ҳақидаги шартномани имзолаган эди. У 23 моддадан иборат бўлиб, савдо, иқтисодиёт, инвестиция, фан, технология ва бошқа йўналишларда ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган.

Шартномада ҳарбий соҳадаги ўзаро ҳамкорликка алоҳида урғу берилади. Ҳужжатнинг тўртинчи моддасига кўра, агар томонлардан бири бир ёки бир нечта давлат ҳужумига учраса, иккинчи томон унга мавжуд барча воситалари билан ёрдам беради.

Жанубий Корея разведкаси маълумотига кўра, Ким Чен Ин КХДР ҳарбийларининг Россия томонида Украинага қарши жанг қилиши эвазига олинган маблағларни бир қатор қурилиш ва қурол-яроғ лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирмоқда.

Сеул маълумотларига кўра, Пхенян сўнгги уч йил ичида Россиядан қурол етказиб бериш ҳамда КХДР ҳарбийларининг Курск вилоятини озод этишда қатнашиши эвазига пул ва турли иқтисодий имтиёзлар кўринишида камида 7,7 миллиард доллар олган. Тўловларнинг умумий ҳажми 14 миллиард долларгача етиши мумкин.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.