“Катта қирғин”даги қатағон. Унда аёллар нима учун қамалган, болаларнинг тақдири қандай кечган?
1930-йиллардаги “Катта қирғин”да 18 мингдан ортиқ — зиёли-ю уй бекасигача бўлган хотин-қизлар Совет ҳокимияти томонидан сургун қилинган. Айримлари қамоқхоналарда ҳомиладор бўлиб қолган, баъзилари қайтгач фарзандини тополмаган бу маҳбуслар орасида ўзбек аёллари ҳам бўлган.

"Катта қирғин" давридаги қатағонлар: Аёллар нима учун қамалган ва болалар тақдири қандай кечган?
1938-йил 8-март куни Совет матбуоти аёлларнинг жамиятдаги ўрни ва ҳуқуқлари ҳақида мақолалар чоп этди. "Социалистик ватаннинг жонбоз патриот хотин-қизлари" сарлавҳали мақолада 9 миллиондан ортиқ аёл давлат идораларида, 100 мингга яқин аёл муҳандис ва техниклар фабрикаларда ишлаши, 18 миллион меҳнаткаш аёл социалистик далаларда меҳнат қилиши таъкидланган. Шунингдек, 57 мингдан ортиқ аёл тракторчи колхозларда фаолият юритиши, аёлларнинг колхоз раиси, бошқарув аъзоси, бригадир бўлиши оддий ҳол эканлиги қайд этилган. Мақолада фақат СССРда аёл тўлақонли эркин бўлгани, давлатни бошқаришда ва социалистик жамият қуришда фаол иштирок этгани, Сталин Конституциясида аёлларга эркаклар билан тенг ҳуқуқлар берилгани ва бу ҳуқуқлар социализм мамлакатининг бутун бойлиги билан таъминлангани урғуланган.
Шунингдек, мактаб ва олий ўқув юртларининг эшиклари совет аёллари учун кенг очилгани, 1936-1937 ўқув йилида бошланғич ва ўрта мактабларда 13 миллион қиз, олий ўқув юртларида эса талабаларнинг 41 фоизи аёллар бўлгани айтилган. Халқ хўжалиги ва маданият соҳасида кўплаб аёл мутахассислар фаолият юритгани, 1937-йилда йирик саноатда 100 мингга яқин аёл муҳандис ва техниклар, мамлакатда 50 мингга яқин аёл шифокор ишлагани келтирилган. Мақолада совет давлатида аёл жамиятнинг тўла ҳуқуқли аъзоси бўлиб, унинг олдида кенг ҳаёт йўли очиқ эканлиги, капиталистик жамиятда эса аёллар аҳолининг энг ҳуқуқсиз, эксплуатация қилинадиган ва жабрланган қисми эканлиги, Европанинг аксарият мамлакатлари, Жанубий Американинг 16 давлати, Япония, Хитой, Миср ва кўплаб мустамлака мамлакатларида аёллар барча сиёсий ҳуқуқлардан маҳрум этилгани таъкидланган.
Бироқ, 1938-йил 8-мартда Совет матбуоти аёлларнинг ҳуқуқлари ва ютуқлари ҳақида ёзган бир пайтда, "Катта қирғин" авжига чиққан эди. Қатағон қурбонлари ва сургун қилинганлар орасида аёллар ҳам бор эди. Фуқаролик ва инсоний ҳуқуқлари топталган, аксарияти бегуноҳ аёллар "байрам"ни совуқ қамоқхона ва лагерларда, оиласи ва фарзандларидан узоқда ўтказганлар.
1937-1938-йиллардаги "Катта қирғин" Октабр тўнтарилишидан СССР парчалангунига қадар давом этган Ленин ва Сталин давридаги қатағонларнинг энг шафқациз ва қонлиси эди. Бу қатлиом 1937-йил 30-июлда "Собиқ қулоқ қилинганлар, жиноятчилар ва бошқа советларга қарши унсурларни қатағон қилиш операцияси ҳақида"ги 00447-сонли буйруқ билан бошланган.
Ушбу буйруққа кўра, қатағон қилинадиган шахслар икки тоифага бўлинган. Биринчи тоифага "қулоқлар", жиноятчилар ва бошқа аксилсовет унсурларнинг энг ашаддий душманлари киритилган. Уларни зудлик билан ҳибсга олиб, ишлари "учликлар" (НКВДнинг суддан ташқари ҳукм чиқариш ваколатига эга ҳудудий органлари) томонидан кўриб чиқилгач, отувга ҳукм қилиш белгиланган. Иккинчи тоифага фаолияти нисбатан сустроқ бўлса-да, барибир душман деб баҳоланган қолган барча шахслар киритилган. Улар ҳибсга олиниб, 8 йилдан 10 йилгача муддатга лагерларга юборилиши, улар орасидаги энг ашаддий ва ижтимоий жиҳатдан хавфли деб топилганлар эса "учлик" қарори билан худди шу муддатга қамоқхоналарга жўнатилиши белгиланган.
1992-йилда ташкил этилган Архивларни махфийликдан чиқариш комиссияси ерости металл бункерларида сақланган махфий материаллар орасидан республикалар ва областлар бўйича қанча одам қатағон қилиниши белгиланган ҳужжатларни топган. Шу асосда, "Труд" газетасининг 1992-йил 4-июндаги сонида "Разнарядка асосида отув ёки болшевиклар буни қандай амалга оширганди" ("Расстрел по разнарядке, или Как это делали большевики") мақоласи эълон қилинган.
Республика НКВД халқ комиссарлари ҳамда ўлка ва вилоят НКВД бошқармалари бошлиқлари томонидан тақдим этилган ҳисоб маълумотларига кўра, Марказий Осиё ҳудуди бўйича қатағонга тортилиши лозим бўлган шахсларнинг қуйидаги сони тасдиқланган:
- Ўзбекистон ССРдан жами 4750 киши қатағонга маҳкум қилинган: биринчи категория бўйича 750, иккинчи категория бўйича 4000 нафар.
- 100 990 нафар шахсга ҳукм ўқилган, улардан 14 305 кишига (Ўзбекистонда 175 нафарига) ҳукм ўқилган.
- 248 244 киши (Ўзбекистонда 6566 нафари) ҳибсга олинган.
- 143 339 кишига (Ўзбекистонда 1523 нафарига) ҳукм ўқилган.
- 575 070 киши (Ўзбекистонда 10 700 нафари) ҳибсга олинган.
- 584 899 кишига (Ўзбекистонда 10 700 нафарига) ҳукм ўқилган.
- Жами 606 420 киши (Ўзбекистонда 10 250 нафари) ҳибсга олинган. 612 472 кишига (Ўзбекистонда 10 700 нафарига) ҳукм ўқилган.
- 1936-йил 1-октабрдан 1938-йил 1-июлгача 1 420 711 киши (Ўзбекистонда 32 413 нафари) ҳибсга олинган. 1 124 000 кишига ҳукм ўқилган. Қамоққа олинганларнинг 21 880 нафари ўзбек бўлган.
Тарих фанлари номзоди, доцент Нилуфар Жўраеванинг "Сосиал Ссиенсес анд Ҳуманитиес Ресеарч Фундаменталс" журналида чоп этилган мақоласида эса 1937-1938-йилларда Ўзбекистонда 41 минг киши қамоққа олиниб, улардан 6920 нафари отиб ташлангани, қолганлари эса узоқ ўлкаларга сургун қилингани айтилади.
Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейининг экспозиция бўлими бошлиғи Азизахон Аҳророванинг сўзларига кўра, "Катта қирғин"да Ўзбекистондан минглаб бегуноҳ кишилар – ватанпарвар раҳбарлар, маърифатпарвар ижодкорлар, сиёсатнинг нотўғрилигига ақли етган озодлик куращилари қатағонга учраган, отувга ҳукм қилинган ва жисмонан маҳв этилган. Улар орасида зиёли аёллар ҳам бўлган, масалан, 4 қатор шеър ёзгани ёки Германияда таълим олгани учун душманга чиқарилган аёллар, шунингдек, 00486-сонли буйруқ асосида ҳеч қандай далил-исбоциз олиб кетилган уй бекалари ҳам бор эди.
НКВДнинг 00486-сонли "Ватан хоинларининг аёллари ва фарзандларини қатағон қилиш тадбири тўғрисида"ги буйруғи 1937-йил 15-августда, "Катта қирғин" доирасида имзоланган. Унда "ватан хоини" деб судланганларнинг хотинларини ижтимоий хавфлилик даражасига кўра 5-8 йилдан кам бўлмаган муддатга лагерларга юбориш белгилаб қўйилган. Азиза Аҳророва ўзининг "Ўзбекистон ССРда хотин-қизларнинг қатағон қилиниши" номли диссертациясида, айрим аёллар белгиланган 8 йиллик муддат тугаганидан кейин ҳам айблов олиб ташланмагани сабабли сургундан 25 йил ўтгач қайтганини таъкидлаган. Қамоққа олинган аёлларнинг ёши асосан 30-40 атрофида бўлган.
00486-сонли буйруқ чиққан 1937-йил августидан 1938-йил 15-октабргача бўлган даврда, тўлиқ бўлмаган маълумотларга кўра, 18 мингдан ортиқ "ватан хоинлари"нинг рафиқалари қатағон қилинган. Азиза Аҳророванинг тушунтиришича, ҳали ўрганилмаган ҳужжатлар мавжудлиги сабабли Ўзбекистон ҳудудида қамоққа олинган ва қатл этилган ўзбек хотин-қизларининг аниқ сони ҳозирча номаълум.
Азиза Аҳророва Газетаъга берган интервюсида архив ҳужжатлари таҳлил қилинганда, аёлларга деярли бир хил саволлар берилгани – эри билан қанчадан буён бирга яшаётгани, танишлари, уйига кимлар, нима мақсадда келгани ҳақида сўралгани маълум бўлганини айтади. Аёллар турмуш ўртоғининг аксилинқилобий фаолиятига шериклик қилиш ва буни ҳукуматдан яширишда айбланган. Аммо уларнинг аксарияти шунча йил бирга яшаган умр йўлдошининг ҳукуматга қарши иш қилмагани, унинг аксилинқилобий фаолиятига ишонмаслигини таъкидлаган.
Ўзбекистон Халқ комиссарлари советининг раис ўринбосари Жўра Тўрабековнинг рафиқаси Сора Тўрабекованинг 1937-йил 2-октабрда қамоққа олинганидан кейинги тергов жараёни Азиза Аҳророванинг аёлларнинг сўроқ қилинишига доир фикрларига исбот бўла олади. "Қор қўйнида лолалар" манбасидан олинган Сора Тўрабекованинг "жиноий-архив иши" қайдномаси парчасида кўрсатмалар одатда рус тилида олингани кўрсатилган. Худоёрхоннинг набираси Саодатхон Аминованинг "Тоштурма"дан ёзган аризаси эса русча билмаганлар қандай сўроқ қилингани ҳақида тасаввур беради. Саодатхон 1938-йил 13-июлда аксилинқилобий қозоқ миллатчилик ташкилотида иштирок этганлик ва жосусликда шубҳаланиб қамоққа олинган.
Азиза Аҳророванинг қайд этишича, рус тилини билган ёки таржимон бўлган тақдирда ҳам терговда аёллар тазьиқ остида мослаштирилган справкаларга имзо қўйишга мажбурланган. Буни у Германияда ўқиб қайтган Марям Султонмуродованинг тақдири мисолида тушунтиради. Маълум бўлишича, Марям Султонмуродовага 5 ойлик қизини олиб қўйиш билан таҳдид қилиниб, айблов қоғозига имзо қўйдирилган.
"Ватан хоини" ва "халқ душмани" деб эълон қилинганлар, шунингдек, уларнинг 00486-сонли буйруқ асосида қатағон қилинган рафиқалари қамоқ ва мажбурий меҳнат лагерларига юборилган. ГУЛАГ (Ахлоқ тузатиш-меҳнат лагерлари бош бошқармаси) СССРдаги мажбурий меҳнат лагерлари тизимини бошқарган тузилма эди.
"ГУЛАГ тарих музейи" 1918-йилдан 1960-йилгача СССРда фаолият юритган совет лагерлари тизими тарихи ва географиясини акс эттирувчи "Совет лагерларининг интерактив харитаси"ни ишлаб чиққан. "ГУЛАГ мап"да "Катта қирғин" бўлаётган 1937-йилда умумий сони 30 минг атрофида бўлгани айтиладиган меҳнат тузатиш лагерларида 820 881 нафар маҳбус сақлангани, 25 376 нафари вафот этгани, 1938-йилда 996 367 нафар маҳбус бўлгани, уларнинг 90 546 нафари ўлгани қайд этилган.
Нилуфар Жўраеванинг мақоласида айтилишича, 1939-йил 1-январ ҳолатига кўра, НКВД мажбурий меҳнат лагерларида жазо муддатини ўтаётганларнинг 23 855 нафари, 1942-йил 1-январга келиб эса 26 907 нафари, яъни 2 фоизи ўзбек бўлган.
Тарихчилар Арсений Рогинский ва Александр Даниелнинг тадқиқотида ёзилишича, 1937-йилнинг июлида Ғарбий Сибир ва Қозоғистонда аёллар учун махсус лагерлар ташкил қилиш буюрилган. Лекин улар тайёрлаб улгурилмагани туфайли 00486-сонли буйруқда маҳбусларни жўнатиш керак бўлган жой сифатида Москва яқини, Мордовияда жойлашган Темниковский меҳнат тузатиш лагери – "Темлаг" кўрсатилган.
1937-йил сентабрга келиб у ерда "ватан хоинлари"нинг оила аъзоси бўлган аёллар учун биринчи махсус бўлим ташкил этилган. Лекин "Темлаг"га юборилганлар сиғмай қолгани боис қўшимча лагер пунктлари бўшатила бошланган. Маҳбус аёлларнинг эслашича, "Темлаг"да 7 мингга яқин "ватан хоинлари"нинг оила аъзоси бўлган хотин-қизлар сақланган. Мавжуд маълумотларда эса аслида уларнинг сони бироз камроқ, тахминан 4500-5000 нафардан иборат бўлгани қайд этилади. "Темлаг" махсус бўлимидан сўнг Томскда ҳам маҳаллий қамоқхонага туташ шундай бўлим очилган. 1937-йил охиридаги ҳолатга кўра, унда "ватан хоинлари"нинг 4 мингга яқин аёл оила аъзоси жазо ўтаган.
Хотин-қизларнинг айримлари чиндан ҳам эркаклар қамоқхонаси, масалан, "Бутирка" (бутирская тюрьма)га юборилганини тасдиқлаган тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Азиза Аҳророва ўзбек аёлларининг аксарияти "Тоштурма"да бўлгани, баъзи зиёли аёллар эса Сибир, Магаданга жўнатилганини қўшимча қилади.
"Қамоқхонада 'бу аёл-ку, айбсиз-ку' деган муносабат бўлмаган – эркаклар қандай қийноққа солинган бўлса, аёллар билан ҳам худди шу ҳолат бўлган. Зўравонлик асосида болалар ҳам дунёга келган. Айримларининг кўзи ёриганидан кейин чақалоқлари тортиб олинган. Болаларга бир маҳал 80 граммдан сут берилган – жуда кўп болалар вафот этган. Эри, боласининг тақдири номаълум ва яна тазьиқларга учраган маҳкум аёлларнинг руҳий ҳолати қандай бўлганини бир тасаввур қилиб кўринг", – дейди Азиза Аҳророва. Унинг айтишича, қамоқхонада ҳомиладор бўлиб қайтган аёллардан бири Мақсуда Исхоқова эди.
Одатда жазога ҳукм қилинган аёллар доимий равишда бир лагердан бошқасига ўтказиб турилган. Масалан, биргина "Бутирка" қамоқхонасининг ўзидан Қозоғистондаги "Ватан хоинлари рафиқаларининг Ақмўлиндаги лагери" – АЛЖИРга 1600 нафар аёл олиб келинган. СССРнинг турли нуқталари – Ўрта Осиё, Москва, Ленинград, Украина, Грузия, Арманистондан келтирилган маҳбуслар шунчалик кўплигидан АЛЖИРда жой етмаган пайтлар ҳам бўлган.
АЛЖИР (Акмолинский лагерь жён изменников родины) ХХ асрда Қарағанда меҳнат-тузатув лагерининг Ақмўла вилоятидаги Р-17 мажбурий меҳнат лагери бўлган. Ушбу жой 2007-йилда "Сиёсий репрессия ва тоталитаризм қурбонларининг хотирасига бағишланган "АЛЖИР мемориал музей комплекси"га айлантирилган. Аянчли воқеаларнинг рамзи сифатида музейнинг ташқи ҳудудида Мотам аркаси, АЛЖИРда бўлган 62 миллат вакилининг руҳини абадийлаштириш мақсадида хорижий мамлакатларнинг элчихонаси томонидан ўрнатилган Эсдалик белгилари, "Умидсизлик ва кучсизлик", "Кураш ва умид" композицияларини кўриш мумкин. Шунингдек, "Кўз ёшлари" стеласи, "ижтимоий хавфли ва антисовет фаолиятга қодир" сифатида қаралган аёллар сақланган бино – барак, Алаш парки, лагерда жазо ўтаган 7 минг аёлнинг исми ёзилган Хотира девори ҳам бор.
АЛЖИРда қарийб 8 минг аёл жазо муддатини тўлиқ ўтаган. Унга "айб"и – "ватан хоинлари"нинг рафиқаси, онаси, опа-сингли ёки қизи бўлган хотин-қизлар "краснуха" номи билан машҳур бўлган қирмизи рангдаги "сталинский вагон"ларда ташилган.
Виртуал саёҳат қилса бўладиган музейдан жой олган экспонатлардан бири – қирмизи вагонга берилган таърифда шундай ёзилади: "Аёллар эрлари билан учрашувга кетаётганига ишонгани учун ҳам чиройли кийинган, аммо уларни лагерга йўл кутган. Вагон ичида жойлашган икки қаватли сўрилар 'буржуйка' ёрдамида иситилган. Аёллар мактуб битган. Йўлда уларга нон, қоғозга ўралган селд балиғи берилган, аёллар ўша қоғозни майда бўлакларга бўлиб, бир томонига тишланган бармоқларидан чиққан қон билан 'Биз тирикмиз, ҳаммаси яхши, бизни Қозоғистонга олиб кетишмоқда', дея ёзиб, орқа томонида манзилни кўрсатишган".
Ушбу мажбурий меҳнат лагерига янги келган маҳбуслар бўронли ва қорли кунларда, жазирама иссиқ ва ёмғирда ўзлари учун бараклар қуриб, ичига ёғоч сўрилар ўрнатган. Қамиш ёрдамида иситилган – печга эрта-ю кеч қамиш солинса-да, бараклар ичидаги ҳарорат 6-8 даражадан ошмаган. Маҳбуслар тикув фабрикасида ишлаган, далаларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш-саралаш, полиз-боғдорчилик, чорвачилик билан шуғулланган.
Ҳа, зиёли-ю оддий одамлар, эркак-аёл, кекса-ю болаларни қон қақшатган "Катта қирғин" Ленин ва Сталин "меъморлиги"даги қатағонларнинг энг чиркин, қонлиси эди. Аммо ўша қатағон машинаси – шахсий манфаатини "давлат учун" деган баҳона ортига яширган мулозимлар, нима буюрилса, шуни сўзсиз бажарадиган "солдат"ларсиз бунчалик шиддат билан ишламаган бўларди. Тепадан берилган буйруққа қуллуқ қилган адолациз суд, халқ учун эмас, амалдорларнинг тантиқликларига мослаштирилган қонунлар ва тоталитар тизимнинг бундай ҳадсизликларини оқлаб-кўклаб берган матбуот бу машинага ёқилғи бўлган.
Бу қора кунларнинг аччиқ сабоғи шу – ҳокимият, уни маълум муддат бошқарган шахслар, умуман, ҳеч нарса абадий эмас. Тарих зулмни ҳам, золимни ҳам унутмайди. Келажак авлод эса кун келиб, ҳамма нарсани ўз номи билан атайди – биз бугун бир вақтлар "ватан учун" деган шиор остида содир этилган қилмишларни жиноят, "ватан хоини" деб тамғаланганларнинг аксариятини чинакам ватанпарвар сифатида тан олаётганимиз каби.

