“Вёрцка”: Россияда урушга ёлланган маҳбус аёллардан жинсий хизматлар талаб қилинган

“Вёрстка” нашрининг хабар беришича, Россияда урушга жалб қилинган маҳбус аёллардан жинсий хизматлар талаб қилинган.
Россия Мудофаа вазирлиги 2024-йилда илк бор ахлоқ тузатиш колонияларидаги аёлларни урушга оммавий равишда жўнатишни бошлади. Бироқ, уларга ваъда қилинган афв этиш ўрнига, кўпчилик қўмондонлар томонидан жинсий зўравонлик, пул ундириш ва бошқа таҳдидларга дуч келган. Бу маълумотлар ҳарбийлар ва уларнинг қариндошларининг овозли хабарлари, ҳужжатлари, ёзишмалари ва кўрсатмаларига асосланган.
Ёлловчилар маҳбусларга бир йиллик шартнома, 220 минг рублдан (қарийб 3 минг доллар) бошланадиган маош, жароҳат учун 1–3 миллион рубл, ҳалок бўлган тақдирда 5 миллион рубл (60 минг доллардан ортиқ) ҳамда судланганликни олиб ташлашни таклиф қилган.
“Вёрстка” нашрининг ёзишича, ушбу лойиҳа “Танлов” деб номланган. Биринчи гуруҳ 2024-йил бошида Россия жанубида саралаш ва тайёргарликсиз тўпланган. Бу гуруҳ ўз-ўзини отиш, гиёҳвандлик, ички можаролар ва жангларда тезда талафот кўрган. Омон қолганлар фронт ортидаги госпиталларга “санитарка” қилиб ўтказилган.
“Санитарка”лардан бирининг сўзларига кўра, уларга нисбатан номақбул ҳаракатлар дарҳол бошланган. Биринчи баталён командирининг ўзи аёлларга уларни фронт чизиғига юбориши ёки госпиталда қолдириши мумкинлигини, аммо бунинг учун тунда унинг олдига келишлари кераклигини айтган. Баъзилар рози бўлган, аммо кейинчалик офицернинг тақсимотга умуман таъсир ўтказа олмаслигини тушуниб етган.
2024-йилнинг кузида ёлловчилар Иркуцк вилоятининг Бозой қишлоғидаги колонияга келган. У ерда “Вагнер” жангчилари икки ҳафта давомида аёлларга тактик тиббиётни ўргатган. 73 нафар маҳкумдан иборат экспериментал тиббий бўлинма тузилиб, 2025-йил Луганск вилоятидаги 370-тиббиёт баталёнига олиб кетилган.
Улар орасида гиёҳванд моддалар савдоси учун 14 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган, илгари армлифтинг бўйича халқаро тоифадаги спорт устаси бўлган 37 ёшли Людмила Полтаракова ҳам бор эди. Унинг ҳарбий терговчига берган аризасига кўра, 12-танк полки командири Сергей Житков 2025-йилнинг февралидан мартигача уни “спорт массажи” баҳонасида ҳузурига чақириб, зўрлаган, апрел ойида эса келган дивизия командирига “хизмат кўрсатиш” учун аёлларни юборишни талаб қилган.
Бошқа “санитарка”лар ҳам тазьиқ ва таҳдидлар ҳақида гапирган. Жумладан, 23 ёшли Даря Чирухина унга қандли диабетни даволаш рад этилгани ва тиббий ёрдамдан воз кечиш ҳақида билдиришнома ёзишга мажбурланганини айтган. Аёллар судланганликлари сабабли уларга таътил ва мукофотлар берилмаётганидан шикоят қилган.
Жанг майдонидан 300 дан ортиқ ярадорни олиб чиққан ва ўзи ҳам икки марта яраланган Полтаракова 2026-йил июн ойида уруш ҳақидаги ўз ҳикоясини З-каналда эълон қилди. Шунингдек, у аскарлардан 300 минг рублдан йиғишдан бош тортган старшинанинг ўлимига гувоҳ бўлганини айтди. Унинг сўзларига кўра, взвод командири старшинанинг квадросиклига портловчи қурилма ўрнатган.
Офицер бу айбловларни рад этиб, ёлланган аёлни “патологик ёлғончи” деб атаган. Ушбу постдан сўнг Полтараковага нисбатан, унинг ўз сўзлари билан айтганда, “Мудофаа вазирлигининг бенуқсон обрўсига доғ туширгани” учун баённома расмийлаштирилган. 30-июн куни эса у Биринчи танк армияси ҳарбий прокурорининг ўринбосарига ўзини зўрлашгани ҳақида ариза берган.
“Вёрстка” манбасининг айтишича, Иркуцк колонияларидаги маҳкум аёлларнинг учинчи гуруҳи юқоридан берилган кутилмаган буйруқ билан бекор қилинган, лойиҳа муваффақияциз деб топилган. Полтараковага жанговар топшириққа бориш буйруғини бажаришдан бош тортгани учун жиноий иш қўзғатилган, зўрлаш иши қўзғатилмаган, Житков эса 2025-йилда Кантемиров дивизияси қўмондони лавозимига кўтарилган.

