Дунё

Канадага қулаган «фазо бомбаси». СССРнинг ядровий реакторли сунъий йўлдоши нега ҳалокатга учраганди?

1978-йил 24-январ куни Канаданинг деярли аҳоли яшамайдиган шимолий ҳудудлари узра осмонни ёрқин оловли шар кесиб ўтади. Сўнг кучли портлаш содир бўлади. Аввалига одамлар ерга улкан метеорит урилди деб ўйлайди. Ҳудуд текшириб кўрилганда, атрофда топилган металл бўлакларида радиация нурлари аниқланади. Шунда Канадага СССРнинг ядровий реактор билан жиҳозланган сунъий йўлдоши қулаб тушгани ойдинлашади

Канадага қулаган «фазо бомбаси». СССРнинг ядровий реакторли сунъий йўлдоши нега ҳалокатга учраганди?

Иккинчи жаҳон урушидан кўп ўтмай, дунё сиёсий майдонида икки қутб етакчилари — АҚШ ва СССР — ҳар соҳада, айниқса қуролланиш борасида рақобатга киришади. Шу тариқа «совуқ уруш» даври бошланади. Икки давлат атом бомбаси, турли қуроллар, ҳарбий кемалар, самолётларни такомиллаштириш, узоқ масофаларга учувчи баллистик ракеталар яратиш, кейинроқ эса космосга парвоз қилиш бўйича кимўзарга пойга бошлайди.

1960-йилларга келиб навбати билан космосга одам чиқарилади, 10-15 минг километргача учиб борувчи қитъалараро ракеталар яратилади. Ҳар икки томон ўз ютуқларини кўз-кўз қилишни одатга айлантиради, айниқса СССР. Советлар бирор ютуқни «социализмнинг капиталистик тузум устидан ғалабаси» деб талқин қилишни хуш кўрарди.

Ана шундай вазиятда АҚШ ва СССР космосда устунликни қўлга киритиш учун сунъий йўлдошларни ядровий реактор билан жиҳозлаш устида иш бошлайди. Бундай СЙ орқали рақиб флоти, сувости кемалари, авиаташувчиларни кузатиш мақсад қилинганди. Денгиз усти ва остини юқори аниқликда кузатувчи радиолокация ускуналари катта энергия талаб қиларди. Ўша даврдаги қуёш панеллари бу эҳтиёжни қоплай олмас, шу сабаб ядровий реактор вариантига тўхталишади.

Ядровий реактор билан жиҳозланган СЙни фазога биринчи бўлиб олиб чиқиш ҳам пойгага айланиб кетади. 1960-йилларнинг биринчи ярмида СССР ва АҚШ фазога ядровий реактор билан жиҳозланган қурилма чиқариш режаси устида ишлай бошлайди. Америкаликларнинг дастури СНАП (Сйстемс фор Нуслеар Аухилиарй Повер) деб номланади. Советлар эса бундай турдаги илк сунъий йўлдошга «Ромашка» деб ном беради.

«Ромашка» синовдан яхши ўтганига қарамай, фазога чиқишга улгурмайди. Бу ишни биринчи бўлиб америкаликлар амалга оширади. 1965-йилда АҚШ ядровий реактор билан жиҳозланган биринчи сунъий йўлдошини фазога чиқаради. СССР бу ишни 1970-йилга келиб амалга оширади. Унгача 1969-йилда ядровий реактор билан жиҳозланган иккита СЙ парвоздан кўп ўтмай қулаб тушганди.

1973 ва 1974-йилларда советларнинг яна иккита ядровий реактор ўрнатилган сунъий йўлдоши парвоз вақтида портлаб кетади. Умумий ҳисобда СССРнинг ядровий реактор ўрнатилган ўнтача сунъий йўлдоши аварияга учраганига қарамай, лойиҳа давом этаверади.

1977-йил сентабрда СССР Бойқўнғир космодромидан ядро реактори билан жиҳозланган СЙни фазога учиради. «Космос-954» деб номланган бу қурилма расмий баёнотларда оддий илмий аппарат сифатида кўрсатилса-да, АҚШ ва иттифоқчилари бу ҳарбий мақсад учун учирилганини билиб турарди. Қурилмага бойитилган уран билан ишлайдиган кичик ядровий реактор ўрнатилиб, 90 фоизгача бойитилган 30 кг уран жойлаштирилади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.