АҚШ: Россия орбитага сунъий йўлдошларга қарши қурол чиқармоқда
АҚШ Космик қўмондонлиги баҳосига кўра, Россия орбитадаги сунъий йўлдошларга қарши технологияларни синашдан амалдаги тизимларни жойлаштириш босқичига ўтган. Бироқ кузатилаётган Россия аппаратларининг аниқ вазифалари мустақил техник далиллар билан тўлиқ тасдиқланмаган. АҚШ ҳарбийлари ҳам орбитада ўз қуроллари борлигини очиқ тан олган.

**АҚШ: Россия орбитага сунъий йўлдошларга қарши қурол жойлаштирмоқда**
АҚШ Космик қўмондонлиги раҳбари генерал Стивен Уайтинг Россиянинг орбитал тизимлари ҳақидаги баҳосини 2026-йил 21-апрел куни Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази — ССИС тадбирида маълум қилди.
«Бизнинг баҳолашимизча, улар синовларни якунлаб, энди амалдаги тизимларни орбитага чиқармоқда», — деди Уайтинг.
Бу баёнот Америка томонининг баҳосини акс эттиради. У орбитада манёвр қилаётган ҳар бир Россия аппаратининг вазифасини мустақил равишда тасдиқловчи техник хулоса эмас.
**«Космос-2558» нега эътиборни тортди?**
Учрашувнинг эълон қилинган видеоси ва стенограммасида, жумладан, Россиянинг «Космос-2558» аппарати ҳам муҳокама қилинган.
Тадбирда кўрсатилган видеоматериалга кўра, аппарат 2022-йил августида учирилганидан сўнг АҚШнинг давлат сунъий йўлдоши орбитасига яқин текисликда жойлашган. 2025-йил июнида эса ундан кичикроқ обьект ажралиб чиққан ва кейинчалик мустақил манёврлар бажарган.
Ҳарбий кузатувчиларнинг диққатини айнан шундай кетма-кет ҳаракатлар тортмоқда. Бироқ ССИС видеосининг ўзида ҳам «Космос-2558» ва ундан ажралган обьектнинг аниқ вазифаси номаълум экани қайд этилган.
Бошқа аппаратга яқинлашиш ва унинг ёнида ҳаракатланиш сунъий йўлдошларнинг бир-бирига нисбатан жойлашувини бошқариш имкониятини кўрсатади. Аммо бу кузатувлар уларнинг ичида қандай ускуна борлигини очиб бермайди.
Траектория орқали манёврни аниқлаш мумкин. Бироқ муайян қурилма кузатиш, алоқа, халақит бериш ёки бошқа таъсир учун мўлжалланганини билиш анча мураккаб.
**Яқинлашиш қобилияти ҳар доим қурол дегани эмас**
Орбитадаги сунъий йўлдошларга қарши аппарат Ердан тўғридан тўғри нишон томон учириладиган тутувчи воситадан фарқ қилади. У аввалдан космосда бўлади ва бошқа обьектга яқинлашиш учун орбитасини ўзгартириши мумкин.
Айни пайтда бундай технологиялар икки хил мақсадда ишлатилиши мумкин. Ўхшаш ҳаракатлар сунъий йўлдошларни текшириш, уларга техник хизмат кўрсатиш, ёқилғи қуйиш ва ишдан чиққан аппаратларни олиб ташлаш учун ҳам зарур.
Шу сабабли таҳдидни баҳолашда фақат яқинлашиш қобилиятининг ўзи етарли эмас. Аппаратнинг ҳаракатлари, вазият ва миссия ҳақидаги мавжуд маълумотлар ҳам ҳисобга олиниши керак.

