Кадрлар тайёрлаш иш берувчиларнинг буюртмаларига боғланади
2027/2028 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида битирувчиларни кейинчалик ишга жойлаштириш шарти билан корхоналар буюртмалари асосида дуал таълим тизими жорий этилади. Талабалар назарий таълимни корхоналардаги амалиёт билан бирлаштирадилар, иш берувчилар эса субсидиялар ва бошқа қўллаб-қувватлаш чораларини оладилар.

Кадрлар тайёрлаш иш берувчиларнинг буюртмалари билан боғланади
Асосий вазифа — олий таълим муассасалари ва иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда меҳнат бозори эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйишдир.
2027/2028 ўқув йилидан бошлаб дуал таълим шаклига қабул корхона ва ташкилотларнинг буюртмалари асосида амалга оширилади. Ҳар йили ОТМлар бакалавриат йўналишлари ва қабул параметрларини белгилаб, уларни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишиб оладилар.
Ўқишга ёки тўғридан-тўғри корхона йўлланмаси бўйича, ёки унинг буюртмаси доирасидаги имтиҳон саралаши натижаларига кўра кириш мумкин бўлади. Ўрта махсус профессионал таълимнинг интеграциялашган дастурлари бўйича таҳсил олган техникум битирувчилари ўқишни бакалавриатнинг тегишли йўналиши бўйича II ёки III курсдан давом эттиришлари мумкин бўлади.
Ўқитиш ОТМ, корхона ва талаба ўртасидаги уч томонлама шартнома асосида ташкил этилади. Иш берувчи ўз бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан талабага ҳар ойда камида 1 Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (МҲТЭКМ) миқдорида иш ҳақи тўлаши шарт. Ўқишни тамомлагандан сўнг талаба корхонада ёки унинг тизимидаги ташкилотларда камида икки йил ишлаб беришга мажбур.
Ўқув жараёнининг камида 30 фоизини ОТМдаги назарий тайёргарлик ташкил этади, қолган қисми эса корхонада устоз раҳбарлигида ўтади.
Талабалар учун қўшимча қўллаб-қувватлаш чоралари кўзда тутилган. Хусусан, «Муҳандислик иши», «Ишлаб чиқариш ва ишлов бериш», «Архитектура ва қурилиш» ҳамда «Қишлоқ хўжалиги» йўналишларида таҳсил олаётганлар учун II курсдан бошлаб давлат грантининг қўшимча квоталари доирасида ўқиш имконияти яратилади. Уларнинг ҳажми тегишли давлат буюртмаси параметрларининг 25 фоизини ташкил этади. Ижтимоий реестрга киритилган оилалар фарзандлари учун дуал шаклда ўқиш I курсдан бошлаб Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
2027 йил 1 январдан бошлаб давлат корхоналарга кўрсатилган йўналишлар бўйича таҳсил олаётган талабаларнинг иш ҳақи харажатларининг 50 фоизини қоплаб беришни бошлайди. Иш берувчиларга, шунингдек, қабул қилинган талабалар сонига қараб, тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингида қўшимча баллар ва давлат харидларида имтиёзлар берилади.
Бундан ташқари, 2030 йил 1 январга қадар корхоналар томонидан дуал таълимнинг амалий базасини яратиш учун олиб кириладиган асбоб-ускуналар ва лаборатория жиҳозлари учун божхона божи ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланди.
2027 йил 1 январдан бошлаб талабалар учун устозларни тайёрлаш ҳам бошланади. Бир нафар устоз кўпи билан 15 нафар таълим олувчига раҳбарлик қилиши мумкин бўлади.
2027/2028 ўқув йили якунидан бошлаб дуал таълим иштирокчиси бўлган ОТМлар ва корхоналарнинг самарадорлик рейтингини юритиш режалаштирилмоқда. Энг яхши учта ОТМ ва учта корхона эгаллаган ўрнига қараб Давлат бюджети ҳисобидан 1, 2 ёки 3 миллиард сўм миқдоридаги мукофотлар билан рағбатлантирилади.

