Маҳаллий

Ўқиш пайтида маош, дипломдан кейин иш: ОТМда янги тизим

2027-2028 ўқув йилидан олий таълим муассасаларида корхоналар буюртмаси асосида, битирувчини ишга қабул қилиш шарти билан дуал таълим тизими жорий этилади. Корхона талабага ўқиш даврида ойлик тўлайди, талаба эса битиргандан кейин шу корхонада камида икки йил ишлаб бериши керак бўлади.

Ўқиш даврида маош, диплом олгач иш: ОТМларда янги тизим

Бу тартиб президентнинг 2026-йил 29-сентабрдаги «Олий таълимда дуал таълим шаклида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–209-сон фармонида белгиланган.

Ҳужжатга мувофиқ, юқори малакали кадрлар тайёрлашда «корхона – олийгоҳ – мақсадли кадр» тамойили жорий этилади. Кадрлар иш берувчи корхоналар буюртмалари асосида тайёрланади.

Дуал таълим шакли бўйича қабул қилинадиган бакалавриат йўналишлари ва қабул параметрларини олий таълим муассасасининг ўзи белгилайди. Бироқ бу Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган бўлиши керак.

Қабул иш берувчи корхона буюртмасига асосан, тўлов-контракт шаклида ҳар йили 1-октабрга қадар амалга оширилади.

Дуал таълим олий таълим муассасаси, корхона ва талаба ўртасида тузиладиган уч томонлама шартнома асосида йўлга қўйилади.

Шартномага кўра, корхона талабага бутун ўқиш даври давомида ҳар ой меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган иш ҳақи тўлаши шарт.

Шунингдек, кадрлар тайёрлаш тизими битирувчини буюртма берган корхонага ишга қабул қилиш шартини ҳам назарда тутади.

Талаба ўқишни тугатгач, мазкур корхонада камида икки йил ишлаб бериши керак. Бу мажбурият ҳам уч томонлама шартномада белгиланади.

Шу тариқа, янги тизимда корхонанинг кадрга эҳтиёжи, олийгоҳдаги таълим ва битирувчининг кейинги меҳнат фаолияти бир-бири билан боғланади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.