Дуал таълимда ўқиётган айрим талабаларга ижтимоий стипендия тўланади
Талабанинг дуал таълим шаклида таҳсил олган даври умумий меҳнат стажини ҳисоблашда инобатга олинади

Дуал таълимда таҳсил олаётган айрим талабаларга ижтимоий стипендия берилади
“Олий таълимда дуал таълим шаклида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди.
Ҳужжатга мувофиқ, 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида иш берувчи корхоналар буюртмаси асосида, битирувчиларни ишга қабул қилиш шарти билан дуал таълим шаклида кадрлар тайёрлаш тизими йўлга қўйилади.
Дуал таълим ОТМ, корхона ва талаба ўртасида тузиладиган шартнома асосида ташкил этилади. Бунда корхона талабага ўқиш даврида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган ойлик иш ҳақи тўлайди. Талаба эса ўқишни тугатгач, камида икки йил мазкур корхонада ишлаб бериши шарт бўлади.
Фармонга кўра, Ижтимоий реестрга киритилган ва дуал таълим шаклида таҳсил олаётган талабаларга ижтимоий стипендия тўланади.
Шунингдек, муҳандислик иши, ишлаб чиқариш ва ишлов бериш, архитектура ва қурилиш, қишлоқ хўжалиги таълим соҳаларида дуал таълимда ўқиётган талабаларга 2-курсдан бошлаб давлат гранти квоталари доирасида ўқишни давом эттириш имконияти яратилади.
Талабанинг дуал таълим шаклида таҳсил олган даври умумий меҳнат стажини ҳисоблашда инобатга олинади.
2027 йил 1 январдан дуал таълим шаклида кадрлар тайёрлаш истагини билдирган корхоналар учун талабаларга бириктириладиган мураббийларни тайёрлаш бўйича махсус курслар ташкил этилади.
2027/2028 ўқув йили якунидан бошлаб дуал таълим бўйича ОТМ ва буюртмачи корхоналарнинг самарадорлик рейтинги юритилади. Рейтингда энг юқори натижа кўрсатган учтадан ОТМ ва корхона эгаллаган ўрнига мос равишда 1, 2 ва 3 миллиард сўмдан рағбатлантирилади.

