Маҳаллий

Талабага маош тўлаган корхона харажатининг ярмини қайтариб олади

2027-йил 1-январдан белгиланган тўрт таълим соҳасида дуал шаклда ўқиётган талабаларга корхоналар тўлаган иш ҳақи харажатларининг 50 фоизи субсидия орқали қопланади. Шунингдек, корхоналарга барқарорлик рейтингида қўшимча баллар ва ўқув жиҳозлари учун божхона енгиллиги берилади.

Талабага маош тўлаган корхона харажатининг ярмини қайтариб олади

Дуал таълимда кадрлар тайёрлашга оид фармонда корхоналарнинг ушбу жараёнда фаол қатнашишини қўллаб-қувватлаш бўйича чоралар белгиланган.

Унга мувофиқ, корхоналар ҳар бир талабага тўлаган иш ҳақи харажатларининг ярми ўқув йили якунида субсидия тарзида қоплаб берилади.

Субсидия қайси соҳаларга тегишли?

Мазкур тартиб қуйидаги таълим йўналишларида дуал шаклда таҳсил олаётган талабалар учун амал қилади: муҳандислик иши; ишлаб чиқариш ва ишлов бериш; архитектура ва қурилиш; қишлоқ хўжалиги.

Субсидия талабага бевосита берилмайди. У корхонанинг талабага иш ҳақи тўлаш учун қилган харажатларининг 50 фоизини қоплашга йўналтирилади.

Корхоналар рейтингига қўшимча балл берилади

Дуал таълим шаклига қабул қилинган талабалар сонига мутаносиб равишда корхоналарга «Тадбиркорлик субьектларининг барқарорлик рейтинги» платформасида қўшимча баллар берилади.

Шу тариқа, корхонанинг дуал таълимдаги иштироки унинг рейтингини баҳолашда ҳам инобатга олинади.

Амалиёт базаси учун жиҳозларга бож — 1 фоиз

Корхоналар олий таълим муассасаси ҳудудида дуал таълим учун амалиёт базасини ташкил этиш мақсадида олиб келадиган жиҳозлар, ускуналар ва лаборатория жиҳозларига божхона божи ставкаси 1 фоиз этиб белгиланади.

Ушбу ставка 2030-йил 1-январга қадар амал қилади.

Ўқув ускуналарига тезлаштирилган амортизация қўлланади

Корхоналарга дуал таълим дастуридаги амалий машғулотлар учун харид қилинган ўқув ускуналари ва жиҳозларига нисбатан уч йил муддатга тезлаштирилган амортизация қўллаш ҳуқуқи ҳам берилади.

Белгиланган чоралар корхоналарнинг талабаларга иш ҳақи тўлаш ва амалий таълим учун моддий база яратиш харажатларини енгиллаштиришга қаратилган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.