Женьшень, чинни ва корейсча кечки таом. Жанубий Корея Мирзиёевни қандай кутиб олди

Женьшень, чинни ва корейсча кечки таом. Жанубий Корея Мирзиёевни қандай кутиб олди
Жанубий Корея Президенти Ли Чжэ Мён мамлакатга давлат ташрифи билан келган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев учун бир нечта махсус совғалар ва дастур элементларини тайёрлади. Улар орасида Президент учун қизил корейс женьшени ва биринчи хоним Зироат Мирзиёева учун кумуш билан ишланган оқ чинни буюм бор.
SBS News хабарига кўра, қизил женьшень ўзбек етакчисига соғлиқ ва фаровонлик тилаш рамзи сифатида танланган. Зироат Мирзиёева учун эса Кореянинг анъанавий эстетикасини акс эттирувчи, кумуш элементлар билан безатилган оқ чинни буюм тайёрланди.
Давлат ташрифи доирасида Сеулда бир қатор рамзий эҳтиром белгилари ҳам тайёрланди. Lotte World Tower биноси фасадида Жанубий Корея ва Ўзбекистон байроқлари жойлаштирилди. Сеулдаги ҳукумат мажмуасининг электрон таблосида корейс ва ўзбек тилларида қутлов хабарлари пайдо бўлди.
Расмий кутиб олиш маросимига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Президент Мирзиёевга анъанавий фахрий қоровул ва ҳарбий оркестрнинг 70 га яқин аъзоси ҳамроҳлик қилди. Йўналиш бўйлаб яна 280 га яқин ҳарбий хизматчи, жумладан, қуролли кучларнинг учта тури фахрий қоровули вакиллари саф тортди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Президентини кутиб олиш учун 30 нафар боладан иборат делегация чиқди, уларнинг ўн нафари ўзбекистонлик болалар эди.
Давлат қабули учун корейс томони анъанавий таомлар ва маҳсулотлардан иборат меню тайёрлади. Шу тариқа ташкилотчилар пазандачилик орқали икки мамлакатнинг маданий яқинлигини таъкидладилар.
Кечки таом анор соуси солинган омар ва денгиз тароқчаларидан тайёрланган совуқ салат билан бошланди. Сўнгра меҳмонларга ширин қовоқ ва хурмо қўшилган таракжук — анъанавий сутли бўтқа тортилди.
Асосий таомлар сифатида "необиани" услубида зираворлар солинган корейс хану сигири лаҳм гўшти ва маринадланган қўзичоқ қовурғалари тортилди. Шунингдек, менюдан Ичхонча гуруч ва дакгомтан — анъанавий корейс товуқ шўрваси жой олди.
Десертга мевалар ва Санжу қуритилган хурмоси қўшилган крем-брюле тортилди. Бунга қўшимча сифатида уч турдаги ичимлик, жумладан, "Пунчжон Сагье Чун" анъанавий корейс ичимлиги тақдим этилди.
Давлат қабули Мирзиёевнинг Жанубий Кореяга ташрифи дастурининг бир қисми бўлди, у ерда "Марказий Осиё – Корея Республикаси" бизнес-саммити доирасида томонлар сиёсий, иқтисодий ва гуманитар алоқаларни ривожлантиришни муҳокама қилмоқдалар.

