Дунё

Женшен, теннис ракеткаси ва сервис: Жанубий Корея раҳбари Марказий Осиё президентларига қандай совғалар берди?

Женшен, теннис ракеткаси ва сервис: Жанубий Корея раҳбари Марказий Осиё президентларига қандай совғалар берди?

Жанубий Корея президенти Ли Же Мёнг 14–16-сентябр кунлари Сеулда Марказий Осиё давлатлари президентлари билан учрашиб, уларга турли дўстона совғалар топширди.

Минтақа етакчилари 16–17-сентябр кунлари ўтказиладиган биринчи Жанубий Корея—Марказий Осиё саммитида қатнашади. Саммит арафасида мезбон давлат раҳбари хорижлик ҳамкасблари билан алоҳида икки томонлама учрашувлар ўтказди.

Дастлабки учрашув 14-сентябр куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан бўлиб ўтди ва давлат раҳбарига қизил женшен маҳсулотлари совға қилинди.

“Етакчи Ли президент Мирзиёевга мустаҳкам саломатлик ва фаровонлик тилаб, Жанубий Кореянинг премиум саломатлик маҳсулоти бўлган қизил женшенни тақдим этди”, дейилади Жанубий Корея президенти девони баёнотида.

Биринчи хоним Зироат Мирзиёевага эса унинг коллексион ва антиквар керамикага бўлган қизиқиши инобатга олиниб, анъанавий корейс эстетикаси акс этган, кумуш билан ишланган оқ чинни чой сервиси ва унга мос патнис ҳадя этилди.

Бундан ташқари, Жанубий Корея президенти девони Мирзиёевнинг давлат ташрифи дастурига Ўзбекистон маданиятини акс эттирувчи, Жанубий Кореянинг меҳмондўстлиги ҳамда икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларни намойиш этувчи ҳурмат-эҳтиром тадбирларини киритган. Меҳмондўстлик рамзи сифатида Лотте Ворлд Товер биносида Жанубий Корея ва Ўзбекистон байроқлари кўрсатилган. Шунингдек, Сеул ҳукумат мажмуаси ташқарисидаги дисплейда корейс ва ўзбек тилларида қутлов хабарлари акс этган.

Икки давлатнинг турли соҳаларидан 50 нафарга яқин вакил қатнашган давлат зиёфатида эса Ўзбекистон президенти учун ҳар икки мамлакатнинг таомланиш маданияти ва масаллиқлари уйғунлиги ҳисобга олинган ҳолда корейс миллий таомлари тортилган. Менюда денгиз маҳсулотларидан тайёрланган салатлар, гўшт (Ханву моли ва маринадланган қўй қовурғаси) ҳамда Ичеон гуручидан тайёрланган асосий таомлар бўлган. Десерт сифатида хурмодан тайёрланган ширинликлар ва анъанавий ичимликлар тақдим этилган.

Жанубий Корея президенти 15-сентябр куни Туркманистон ва Қозоғистон раҳбарлари билан ҳам учрашувлар ўтказган. От спортига қизиқадиган президент Сердар Бердимуҳамедовга Когурё давридаги Муюнчхон мақбарасидаги машҳур ов саҳнаси акс эттирилган, анъанавий чилбо усулида ишланган рамкали санъат асари совға қилинган.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг севимли спорт тури стол тенниси экани ва келаси йили Қозоғистон таеквондо бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилишини инобатга олиб, президент Ли унга икки давлат байроқлари ва Тўқаевнинг исми туширилган премиум стол тенниси ракеткалари ҳамда таеквондо формасини берган. Ракетка анъанавий корейс ҳанжи қоғозидан ясалган махсус ғилофга жойланган. Формада эса икки давлат байроқлари ва Қозоғистоннинг таниқли рамзларидан бири бўлган қор қоплони тасвири бор.

16-сентябр куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан учрашувда унга совға сифатида исми ўйиб ёзилган Кореянинг Голд Фиве премиум брендига мансуб голф паттери топширилган. Совғани танлашда 2026-йил июл ойида Қирғизистонда илк халқаро стандартдаги голф майдони очилгани ҳисобга олинган. Шунингдек, Жанубий Корея раҳбари Садир Жапаровга ҳам Ўзбекистон президенти каби мустаҳкам саломатлик тилаб, қизил женшен совға қилган.

Биринчи хоним Ойгул Жапаровага эса анъанавий корейс торли чолғу асбоби шаклидаги декоратив буюм топширилган. Президент маъмуриятининг тушунтиришича, танловда Қирғизистоннинг хорижий етакчиларга миллий мусиқа асбобларини тақдим этиш анъанаси ҳисобга олинган.

Ли Же Мёнг Марказий Осиёнинг маданий хусусиятларини ҳисобга олиб, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон учун ҳам махсус совға тайёрлаган. Бироқ совға ўрамида нима борлиги ошкор этилмаган, чунки Тожикистон томони ўзаро алмашилган совғалар мазмунини матбуотга маълум қилмасликни сўраган. Марказий Осиё давлатлари президентлари жанубий кореялик ҳамкасбига жавобан айнан қандай совғалар бергани ҳақида расмий маълумот берилмаган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.