“Жазони Ўзбекистонда ўташ учун имзо қўйдим, лекин у ҳарбий шартнома экан”. Украинада жанг қилган фуқаронинг озодлиги 4 йил 4 ойга чекланди
Россияга ишлашга бориб, 9 йилга қамалган 37 ёшли Т.Н. ҳарбий хизмат шартномасига имзо қўйиб, Украинадаги жангларда иштирок этган. У мина портлашида жароҳатланиб, Россиядан Қозоғистон орқали Ўзбекистонга қайтган. Тойлоқ тумани суди уни 4 йил 4 ойга озодликни чеклашга ҳукм қилди.

“Жазони Ўзбекистонда ўташ учун имзо қўйдим, лекин у ҳарбий шартнома экан”. Украинада жанг қилган фуқаронинг озодлиги 4 йил 4 ойга чекланди
25-август куни жиноят ишлари бўйича Тойлоқ тумани (Самарқанд вилояти) судида Россия-Украина урушида Россия томонида жанг қилган 37 ёшли фуқаро Т.N.ga оид жиноят иши кўриб чиқилди.
Суд ҳужжатларига кўра, Т.Н. Россияда жазони ўташ жараёнида 2025-йил 9-декабрда мамлакат Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий қисм билан шартнома тузиб, Россия Қуролли кучлари сафига ёлланган. У Донецк вилоятидаги ҳарбий қисмда тайёргарликдан ўтган ва 2026-йил январда Украинага қарши жангларда қатнашган.
Жанглар вақтида у мина портлаши оқибатида жароҳат олган. Тезкор-қидирув тадбирлари чоғида унинг Россия Мудофаа вазирлиги билан тузган шартномаси, ҳарбий шифохонада даволангани ҳақидаги маълумотлар ҳамда ҳарбий жетони фотосурати аниқланган.
Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, жароҳатлар портлаш тўлқини ва снаряд бўлаклари таъсирида юзага келган бўлиши мумкин. Улар ўртача оғирликдаги шикастлар тоифасига киритилган.
Судланувчи судда айбига тўлиқ иқрорлик билдирди. Унинг айтишича, 2007-йилдан бери Россиянинг Москва ва Санкт Петербург шаҳарларига бориб, турли хусусий фирмаларда ишлаб келган. 2022-йил 29-январда ишлаш ва даромад топиш мақсадида Санкт Петербургга йўл олган.
Унинг сўзларига кўра, 2023-йилда Россия фуқароси бўлган аёл билан танишган. Кейинчалик улар ўртасида келишмовчилик юзага келган ва аёл ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган. Т.Н. 2024-йил ноябрда Россия Жиноят кодексининг 131-моддаси (Номусга тегиш) 2-қисми билан айбланиб, 9 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
“Жазони Ўзбекистонда ўташ учун имзо қўйдим, кейин бу ҳарбий хизмат шартномаси эканини билдим”
2025-йил январда у жазони Томскдаги ИК-3 муассасасида ўташ учун юборилган. Т.N.ning айтишича, 2025-йил декабрда маҳбусларга жазонинг қолган қисмини ўз мамлакатида ўташ имконияти ҳақида маълум қилиниб, турли ҳужжатларга имзо қўйдирилган. Кейинроқ бу ҳужжатлар Россия Мудофаа вазирлиги билан ҳарбий хизмат шартномаси эканини билган.
“Жазонинг қолган қисмини Ўзбекистонда ўташга рози бўлганлигим учун берилган қоғозларга имзо қўйиб бердим. Кейинчалик билсам, Россия Мудофаа вазирлиги билан ҳарбий хизматни ўташ бўйича шартномага имзо қўйган эканман”, — деди судланувчи.
Т.N.ning айтишича, 2025-йил декабрда у ва бошқа марказий осиёлик маҳбуслар ҳарбий машиналарда олиб кетилиб, Донецк вилоятидаги полигонга жойлаштирилган.
У ерда улар тахминан икки ҳафта давомида қуролни қисмларга ажратиш ва йиғиш, ўқ отиш, граната улоқтириш, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, одамларни асирликка олиш ва йўқ қилиш каби ҳарбий тайёргарликлардан ўтган.
28-декабрда улар Донецк вилоятидаги Бошатири шаҳарчасига олиб борилган ва уларга қурол-аслаҳа берилган. Т.N.ning сўзларига кўра, 7-январ куни гуруҳга жанговар топшириқ берилган.
“Қочишни режалаштирган ҳарбий хизматчилар ҳамманинг кўз олдида отиб ўлдириларди”
Т.N.ning айтишича, 9-январ куни улар жанглар олиб борилаётган ҳудудга яқинлашган. У ерда у Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманидан бўлган У.Х. ва Тожикистон фуқароси “Лақай” билан бирга ҳудуддан қочиш режасини тузган.
Унинг сўзларига кўра, аввалига Украина ҳудуди орқали Европага чиқиш режалаштирилган, бироқ кейинроқ у Москва орқали Ўзбекистонга қайтишга қарор қилган.
Т.N.ning кўрсатмасига кўра, у орқага қараб юра бошлаган. Ҳарбий қисм командири буйруғига кўра, қочишга уринган ҳарбий хизматчилар отиб ўлдирилгани ҳақида билганига қарамай, Ўзбекистонга қайтишга қарор қилган.
“Биз хизмат қилаётган ҳарбий қисм командирининг буйруғига кўра, орқага қайтишни ёки қочишни режалаштирган ҳарбий хизматчилар ҳамманинг кўз олдида отиб ўлдириларди, шунга қарамасдан у Ўзбекистонга қайтишга қатъий қарор қилдим”, — деди судланувчи.
“Минани босиб олиб жароҳат олдим”
9-январ тонгида у йўлда оёғи остидаги мина портлаши оқибатида икки оёғи ва ўнг қўлидан жароҳат олган. Кейин Россия ҳарбийлари уни топиб, биринчи тиббий ёрдам кўрсатган ва госпиталга олиб борган.
Т.Н. бир нечта ҳарбий госпиталларда даволанган. 22-январда Саратовда чап оёғидан операция қилинган. Кейин Москва вилояти ва Звенигороддаги госпиталларда ҳам даволанган.
“Жангда яраланганим учун 2,9 млн рубл олдим”
Т.N.ning айтишича, жангларда иштирок этгани ва яралангани учун 10-апрел куни Россия банк картасига жами 2,9 млн рубл (тахминан 34,5 минг доллар) тушган. У 2,5 млн рублни нақдлаштириб, шундан 2 млн рублини госпиталдаги шифокорга берганини билдирди.
Унинг сўзларига кўра, бунинг ортидан унга ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишга яроқсизликни билдирувчи “Д” категорияси берилган. Т.Н. яна икки ҳафтадан сўнг ушбу категорияни тасдиқловчи расмий ҳужжатни олган.
14-апрел куни Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасига мурожаат қилиб, ҳарбий хизмат ва даволанишига оид ҳужжатларни тақдим этган ҳамда Ўзбекистонга қайтишда амалий ёрдам сўраган.
Унинг сўзларига кўра, элчихона вакиллари паспорти борлиги сабабли Ўзбекистонга ўтиб олиши мумкинлигини айтган.
“Мени яна Донецкка жўнатмоқчи бўлишди”
Т.N.ning айтишича, 24-апрел куни у ўзи даволанаётган 45-госпиталдан йўлланма билан Челябинск шаҳридаги ҳарбий қисмга олиб борилган. У ерда уни яна жанговар ҳаракатларда иштирок эттириш ёки ҳарбий тиббий пунктда даволаш масаласи муҳокама қилинган.
4-май куни уни Донецк вилоятидаги жанговар ҳаракатлар олиб борилаётган ҳудудга жўнатмоқчи бўлишган. Т.Н. шу куни оиласи ва яқинлари Челябинскка келганини айтиб, улар билан хайрлашиб келиш учун рухсат олган. У Москвага кетган ва Телеграм орқали Қозоғистонга олиб ўтиш билан шуғулланадиган шахсни топган.
6-май куни Оренбург шаҳрига бориб, “Талғат” исмли шахс билан Россиядан Қозоғистонга ўтиш бўйича келишган. Унинг сўзларига кўра, Россияда унга 2025-йилда депортация, 400 минг рубл жарима ва мамлакатдан чиқишга тақиқ қўйилгани сабабли “Талғат” билан келишган. Келишувга кўра, “Талғат” уни Россиядан Қозоғистонга қонуний тарзда ўтказиб қўйиши, эвазига Т.Н. унга 1,2 млн рубл тўлаши керак бўлган.
“Ўз хоҳишим билан ИИБга бориб, барча ҳолатларни маълум қилдим”
Т.N.ning айтишича, “Талғат” уни Россия-Қозоғистон чегарасидан ўз паспортига тегишли муҳр ва штампларни қўйдирган ҳолда олиб ўтган. “Талғат”нинг билдиришича, Оренбургдаги чегара постида Россия фуқароси бўлган чегара ходимига 1 млн рубл берган.
Т.Н. 8-май куни Қозоғистондан “Қоплонбек” чегара пости орқали Ўзбекистонга кирган. 11-май куни эса ўз хоҳиши билан Тойлоқ тумани ИИБга бориб, бўлиб ўтган воқеалар ҳақида маълум қилган.
Судланувчи қилган ишидан пушаймонлигини билдириб, унга нисбатан енгиллик беришни сўраган.
Суд Т.N.ning айбига тўлиқ иқрор бўлгани, қилмишидан пушаймонлиги ва муқаддам судланмаганини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб баҳолади. Шунингдек, унинг шахси, оилавий шароити, яшаш жойидан ижобий тавсифлангани ҳамда жиноятдан кейинги хулқ-атворини инобатга олди. Унинг жиноятни ғаразли ниятда содир этганини жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб топди.
Т.Н. Жиноят кодексининг 154-моддаси (Ёлланиш) 1-қисми ва 154−1-моддаси (Чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириш, ёлланиш) 1-қисми билан айбдор деб топилди. ЖКнинг 154-моддаси 1-қисми бўйича унга 4 йил озодликни чеклаш, 154−1-моддаси 1-қисми бўйича эса иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолиш шарти билан 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Жазоларни қисман қўшиш орқали Т.N.ga узил-кесил 4 йил 4 ой озодликни чеклаш жазоси берилди.
У жазони Тойлоқ туманидаги яшаш хонадонида ўтайди. Ишга бориш ва уйига қайтиш учун зарур вақтдан ташқари уйидан чиқиши чекланади.
Шунингдек, назорат қилувчи орган розилигисиз яшаш жойини ўзгартириш ва Самарқанд вилояти ҳудудидан чиқиш тақиқланди. Жазонинг ижросини назорат қилиш Тойлоқ туман ИИБ пробация гуруҳига юклатилди.

