“Қарши ҳужумда 117 нафар шеригим ҳалок бўлди”. Фарғонада Россия-Украина урушида қатнашган 25 ёшли йигитнинг озодлиги 3 йилга чекланди
Россияга ишлашга борган Р.Б. Россия Қуролли кучлари сафида Украинадаги жанговар ҳаракатларда иштирок этган. У судда моддий қийинчилик ва қарзлари сабаб шартнома имзолаганини айтди. Фарғона суди уни ёлланишда айбдор деб топиб, 3 йилга озодликни чеклашга ҳукм қилди.

“Қарши ҳужумда 117 нафар шеригим ҳалок бўлди”. Фарғонада Россия-Украина урушида қатнашган 25 ёшли йигитга 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди
25-август куни жиноят ишлари бўйича Қува тумани суди (Фарғона вилояти)да Россия-Украина урушида Россия томонида жанг қилган 25 ёшли фуқаро Р.B.ga оид жиноят иши кўриб чиқилди.
Суд ҳужжатларига кўра, Р.Б. 2023-йил 4-ноябрда ишлаш мақсадида Россияга борган. У ерда ишлаб юрган пайтида моддий манфаатдорликни кўзлаб, Россия Қуролли кучлари сафида хизмат қилиш ҳақида шартнома имзолаган.
Р.Б. 2024-йил 23-февралда Россия Қуролли кучлари хизматига кирган. Феврал охири — март бошларида ҳарбий тайёргарликдан ўтиб, 10-март куни Украинадаги Луганск вилояти ҳудудида жанговар ҳаракатларда қатнашиш учун юборилган.
У 130 кишилик пиёда қўшин таркибида жангларда иштирок этган. 15-апрел куни Украина армияси дрони ҳужуми оқибатида ўнг қўлидан жароҳат олиб, икки ҳафта давомида лазаретда (ички шифохона) даволанган.
30-апрелдан бошлаб Р.Б. яна жанговар ҳаракатларга юборилган ва 2024-йил кузига қадар ҳимоя гуруҳи таркибида жангларда қатнашган.
Суд-тиббиёт экспертизаси хулосасида Р.B.ning ўнг елка ва ўнг тирсак бўғимида чандиқлар борлиги қайд этилган. Жароҳатлар портлаш ҳамда портловчи жисмдан ажралиб чиққан парчалар таъсирида юзага келган бўлиши мумкинлиги айтилган.
“Моддий жиҳатдан қийин аҳволда эдим, қарзларим бор эди”
Судланувчи Р.Б. судда айбига иқрор бўлди. Унинг айтишича, 2023-йил 4-ноябрда ишлаш учун Россияга бориб, қабртош тайёрлаш сехида ишлаган.
2023-йил декабр охирида у ишлаш мақсадида Москва вилоятининг Балашиха шаҳридаги отасининг ёнига борган. Шу ерда таниши, Беларус фуқароси Н.Малихов Россия Қуролли кучлари номидан Россия ва Украина ўртасидаги жанговар ҳаракатларда қатнашиш учун шартнома имзолаганини эшитган.
Р.B.ning сўзларига кўра, у ҳам моддий жиҳатдан оғир аҳволда бўлгани ва қарзлари борлиги сабабли Россия Қуролли кучлари сафида жанговар ҳаракатларда қатнашишга қарор қилган.
2024-йил 23-февралда у жанговар ҳаракатларда қатнашиш учун Россия Қуролли кучлари сафида хизмат қилиш бўйича шартнома имзолаган. Феврал охири ва март бошларида ҳарбий тайёргарликдан ўтган.
“Қарши ҳужум натижасида 117 нафар шеригим вафот этди”
Р.Б. 2024-йил 10-мартда Луганск вилояти ҳудудидаги жангларда қатнашиш учун юборилганини айтди. Дастлабки куни жанговар техникалар ёрдамида жангларда иштирок этган.
Кейин у 130 кишилик пиёда қўшин таркибида жанг майдонига кирган. Судланувчининг кўрсатишича, Украина армиясининг қарши ҳужумлари натижасида унинг 117 нафар шериги ҳалок бўлган.
“130 кишилик қўшин билан жанг майдонига кирдик. Украина армиясининг қарши ҳужумлари натижасида 117 нафар шеригим вафот этди. Ўзим ва 12 нафар шеригим билан қуролли тўқнашувлар бўлган жойдан тирик қайтдик”, — деди судланувчи.
Шундан кейин Р.Б. уч кун дам олган ва 48 кишилик пиёда қўшин таркибида бошқа йўналишдаги жанговар ҳаракатларда қатнашган.
“Жароҳат олганимга қарамай, жангларда иштирок этдим”
2024-йил 15-апрелда Украина армияси дрони ҳужуми оқибатида Р.Б. ўнг қўлидан жароҳат олган. У икки ҳафта давомида ички шифохонада даволанган.
2024-йил 30-апрелда у яна жанговар ҳаракатларда қатнашиш учун юборилган. Р.B.ning айтишича, жанглар вақтида оёғидан снаряд зарбаси натижасида яраланганига қарамай, 2024-йил кузига қадар ҳимоя гуруҳи таркибида жанговар ҳаракатларда қатнашган.
“Иккала оёқ тос суяги емирилиши ташхиси қўйилди”
2024-йил сентабрда Р.Б. Москвадаги ҳарбий госпиталга тиббий кўрикдан ўтиш учун борган. Унга “иккала оёқ тос суяги емирилиши” ташхиси қўйилиб, жарроҳлик амалиёти белгиланган.
Шундан сўнг у ҳарбий қисмга қайтиб, идора-штаб ишлари билан шуғулланган. 2025-йил 16-апрелда Москвадаги ҳарбий госпиталда чап оёғининг тос суяги қисмида операция қилинган.
Р.Б. икки ой давомида вақтинча хизматга яроқсизлик таътили асосида даволанган ва 2025-йил июн ойида ҳарбий қисмга қайтган. 17-июл куни шартнома муддати тугагани сабабли Россия Қуролли кучлари сафидан бўшатилган.
“Россия фуқароси бўлмаганим сабабли иккинчи оёғимни операция қилишмади”
Р.Б. Москвага келиб, иккинчи оёғини операция қилиш муддатини кутган. У ижарага олган уйида онаси ва синглиси билан яшаган. Бироқ Россия фуқароси бўлмагани сабабли операция қилинмаган.
Ўзбекистон фуқаролик паспорти ва хорижга чиқиш паспорти йўқолгани учун у Москвадаги Ўзбекистон элчихонасига мурожаат қилган. Элчихона орқали унга 2026-йил 1-майда “Ватанга қайтиш гувоҳномаси” тайёрлаб берилган ва 11-майда Ўзбекистонга қайтган.
“Ҳарбий хизматга оид ҳужжатларни терговга ихтиёрий тақдим этдим”
2026-йил 20-майда ИИБ ходимлари Р.B.ni чақириб, суҳбат ўтказган. У бўлиб ўтган воқеалар ҳақида маълумот бериб, ўзида бўлган ҳарбий хизматга оид ҳужжатларни ихтиёрий равишда тақдим этган.
Жумладан, у ҳарбий гувоҳнома, шахсий рақамли жетон, ҳарбий хизматни ўташ бўйича шартнома, Россия Қуролли кучларининг ҳарбий маълумотномаси, жанговар ҳаракатлар журналига оид кўчирма, ҳарбий шифохонанинг тиббий эпикризлари, ҳарбий тиббий комиссия хулосаси ва бошқа ҳужжатларни берган.
Судда Р.Б. қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдириб, суддан унга енгиллик беришни сўраган.
Суд жазо тайинлашда Р.B.ning айбига иқрорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, жиноятни очишда фаол ёрдам бергани, муқаддам судланмагани ва оилавий шароитини енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида инобатга олган. Жиноятни оғирлаштирувчи ҳолатлар аниқланмаган.
Суд Р.B.ni Жиноят кодексининг 154-моддаси (Ёлланиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди. Унга ЖКнинг 57-моддаси (Енгилроқ жазо тайинлаш) қўлланиб, 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Жазога кўра, Р.Б. яшаш жойидан иш вақтида, шунингдек, иш жойига бориш ва уйига қайтиш учун зарур бўлган вақтдан ташқари чиқиши чекланади. Шунингдек, унга жазони ўташ даврида назорат қилувчи орган розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик мажбурияти юклатилди. Жазо ижросини назорат қилиш Қува туман ИИБ Пробация бўлинмасига топширилди.

