Жавобидан ҳайратда қоласиз: “Сеними, шошмай тур” мултфилмида одамлар қаерга ғойиб бўлган?

Жавобидан ҳайратда қоласиз: “Сеними, шошмай тур” мултфилмида одамлар қаерга ғойиб бўлган?
Аксарият кишилар “Сеними, шошмай тур!” мултфилмини совет даври манзаралари фонида бўри билан қуённинг қувлашмачоқ ўйинидан иборат, ёқимли анимацион филм деб билади. Аммо унга бошқача назар билан қараш мумкинми?
Ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган бир назарияга кўра, “Сеними, шошмай тур!” мултфилмининг оламида одамлар мавжуд эмас. Шаҳарлар, кўчалар, кафелар, пляжлар – барчаси ақлли, антропоморфик ҳайвонлар билан гавжум. Бироқ архитектура, транспорт воситалари, техника – барчаси аниқ инсон ўлчамларига мос келади. Аммо энг даҳшатли жиҳат бу эмас.
Сериалнинг бир қисмида қаҳрамонлар музейга тушиб қолганида, жангчиларнинг манекенлари инсон қиёфасида ясалганини кўрамиз. Демак, бу оламда одамлар мавжуд бўлган... аммо кейинчалик йўқолиб кетган.
Назарияга кўра, бунинг ягона изоҳи шуки, одамлар биологик қурол таъсирида бутунлай қирилиб кетган. Вайрон бўлган бинолар, ёниб кул бўлган кўчалар ёки ядро урушининг излари кўринмайди – ҳамма нарса бутун, гўё сивилизация бир зумда ғойиб бўлиб, шаҳарлар бўм-бўш қолгандек. Ақлли ҳайвонлар эса уларнинг ўрнини эгаллаб, инсонларнинг турмуш тарзи, кийим-кечаклари ва транспорт воситаларини ўзлаштириб олган ва худди шундай бўлиши керакдек ҳаёт кечиришмоқда.
Шу нуқтаи назардан, мазкур мултфилм беғубор болалар ҳикояси эмас, балки сайёравий фожиа якуни ҳақидаги мултфилмдир. Қаҳрамонлар бир-бирларини қувлашади, кулишади, соҳилда дам олишади, аммо уларнинг оёқлари остидаги ер ўзларидан олдин яшаб, бир лаҳзада ҳалок бўлганларнинг кули билан тўйинган. Улар ўтмишдаги фожиа изларини босиб юрганларини билмай, бир-бирини қувлашда давом этади.

