“Ўргимчак одам” филмидаги кўпчилик пайқамаган хатолар

Суперқаҳрамонлар ҳақидаги филмлар ҳам инсонлар томонидан суратга олинади, шунинг учун уларда хатолар бўлиши табиий. Келинг, 2002-йилда Сем Рейми режиссёрлигида суратга олинган, Тоби Магуайр ва Кирстен Данст бош ролларни ижро этган "Ўргимчак одам" филмидаги ба'зи камчиликларни кўриб чиқамиз. Бу филм Марвел оламидаги Мултикоинот ҳақида ҳеч ким билмаган даврда яратилган бўлса-да, прокатга чиққанидан сўнг рекорд даражада томошабинларни жалб қилиб, йилнинг энг кўп даромад келтирган филми бўлди. Унинг муваффақияти яна икки қисмнинг суратга олинишига сабаб бўлди, Тоби Магуайр йиллар ўтиб Марвел киносериалига қайтди ва филм кўплаб интернет мемларига илҳом берди. Бироқ, ушбу машҳур картинада э'тибордан четда қолган бир қанча қизиқарли кинохатолар мавжуд.
**Бор эди-ю, ғойиб бўлди**
Питер Паркер ўзининг суперқобилиятларини кашф этганидан сўнг, мактаб ошхонасида Мери Жейнни тўкилган шарбат устида сирпаниб кетишдан сақлаб қолади. Аммо бир дақиқа ўтиб, Питер патнис билан боғлиқ воқеадан кейин ошхонадан шошилиб чиқиб кетганида, полга тўкилган шарбат аллақачон ғойиб бўлган бўлади.
Филмда ба'зи буюмлар ҳам ўз-ўзидан пайдо бўлади. Масалан, Питер автобус ортидан югураётган саҳнада Мери Жейннинг илтимоси билан ҳайдовчи тўхтайди ва уни автобусга чиқаради. Ўша пайтда автобус олдидаги йўл мутлақо бўш бўлади. Аммо Питер салонга кирганида, автобус олдида бирдан юк машинаси пайдо бўлади.
Яна бир шунга ўхшаш хатони Питер хонасида ўргимчак тўридан фойдаланишни машқ қилаётган саҳнада кўриш мумкин. У аввал газли ичимлик солинган банкани, кейин эса стол чироғини ўзига тортади. Чироқ деворга урилиб, синади. Аммо шовқинни эшитиб хонага кирган Мей хола чироқнинг жойида бус-бутун турганини кўради.
**Вақт билан боғлиқ номувофиқликлар**
Питер ва Мери Жейн ишлайдиган кафеда суҳбатлашаётган саҳнада ҳам вақт билан боғлиқ номувофиқлик бор. Камера Питерга қаратилганда, унинг ортидаги соялар қуёш юзига қараб тургандек кўринади. Аммо кадр Кирстен Данстга ўтганда, соялар бошқа томонга тушади. Гўё суҳбат давомида қуёш туш пайтидан ўтиб, кечга яқинлашиб қолгандек. Кадр алмашгани сайин соялар ҳам ўзгариб туради.
Бироқ бундан ҳам қизиқроқ вақт хатоси Питер ва Мери Жейн касалхонада Мей хола билан суҳбатлашаётган саҳнада кузатилади. Дераза ортида илиқ баҳор куни акс этиб туради. Аслида эса бу суҳбат Шукроналик кунининг эртасига бўлиб ўтади. Шукроналик куни эса ноябр охирида нишонланади. Бу пайтда Ню Ёркда ҳаво анча совуқ, дарахтлардаги барглар эса деярли тўкилиб бўлган бўлади.
**Журналистикадаги “инқироз”**
Питер Паркер фотограф бўлиб ишга кирган Даилй Бугле таҳририятида ҳам қизиқ хатолар бор. Бош муҳаррир Жей Жонаҳ Жеймсон ходимлар газетанинг олтинчи саҳифасини тайёрлай олмаётганидан жаҳли чиқади. Питер Ўргимчак одамнинг бир нечта суратини олиб келгач, Жеймсон уларни бирма-бир кўриб чиқади. Суратлар орасида Ўргимчак одам юқоридан пастга қараб олинган кадр ҳам бор. Аммо сурат столга қўйилиши билан ундаги тасвир бирдан ўзгаради: энди Ўргимчак одам пастдан юқорига қараб, мовий осмон фонида тасвирланган.
Ўргимчак одам ҳақидаги биринчи мақолада ҳам қизиқ хатони кўриш мумкин. Экранда катта қилиб кўрсатилган мақоланинг биринчи ва иккинчи устунларидаги матн деярли ҳарфма-ҳарф бир хил.
**Ню Ёрк — клонлар шаҳри**
2002-йилда Ню Ёркда шаҳар атрофларини ҳисобга олмаганда қарийб 8 миллион киши яшаган. Аммо филмга қараганда, айрим ню ёркликлар бир вақтнинг ўзида бир неча жойда пайдо бўлиш қобилиятига эга. Масалан, Гоблиннинг “Бирлик куни” фестивалига ҳужуми вақтида Питер балконнинг юқоридан қулаётган бўлаклари остидан кулранг палто кийган эркак ва қора кийимли аёлнинг қочиб кетаётганини кўради. Питер уларга ёрдам беришга қарор қилади ва ўргимчак тўри ёрдамида хавфсиз жойга худди шундай кийинган бошқа жуфтликни олиб чиқади. Бу жуфтлик эса аввал ҳеч нарсадан хавотирланмай, воқеани томоша қилиб турган эди.
Яна бир “клонлар босқини”ни Питер Норман Осборн билан танишаётган саҳнада кўриш мумкин. Айнан шу саҳна Уиллем Дефо иштирокидаги машҳур мемга ҳам сабаб бўлган. Қаҳрамонлар суҳбатлашаётган пайтда уларнинг ортидан қуёш кўзойнаги таққан, қора рюкзакли қиз уч марта ўтиб кетади. Қиз ҳар сафар бошқа томонга қараб ҳаракатланади.
Аммо “клонлар” бўйича рекорд Питер ва Мери Жейн кафеда суҳбатлашаётган саҳнага тегишли. Қаҳрамонлар гаплашаётган пайтда Паркер ортидаги бурчакдан кепка кийган тўла эркак чиқиб келади. Кадр алмашгач, кўчада худди шундай яна бир эркак пайдо бўлади. Кейин учинчиси, тўртинчиси ва бешинчиси ҳам кўринади.

