Лайфстайл

Питер Паркернинг дарди, ўғирланган Шерлок ва ақлдан озган минёнлар: томоша қилишга арзийдиган янги филмлар (трейлер)

Питер Паркернинг изтироблари, ўғирланган Шерлок ва ақлдан озган минёнлар: томоша қилишга арзийдиган янги филмлар (трейлер)

Питер Паркер ёлғизликдан қийналмоқда, Энола Ҳолмс ўғирлаб кетилган акаси Шерлокни изламоқда, минёнлар эса Голливудни остин-устун қилмоқда. Дунё кино саноати киноманларни янги премьералар билан хурсанд қилишда давом этмоқда. Хусусан, “Кино Маил” нашри қисқа вақт ичида экранларда шов-шув бўлишга улгурган “Одиссея” филмидан ташқари, томошабинлар эътиборига лойиқ энг сара янги филмлар рўйхатини тузиб чиқди.

**“Ўргимчак-одам: Янги кун”**

Питер Паркер уни ҳеч ким танимайдиган дунёга тушиб қолади. У ҳали ҳам жиноятчиларни ўз тўрига илинтиришда ва МЖънинг қалбини қайтадан забт этишдан умид узмайди. Ўргимчак-одамнинг ёлғизлигига “Жазоловчи” билан дўстлиги ҳамда сирли телепатга қарши кураши бироз таскин беради. Кўринишидан, Марвел ниҳоят параллел коинотлар билан ўйнашни бас қилганга ўхшайди. Сабаби “Янги кун” ижодкорлари бор эътиборни Том Ҳолланд билан бирга улғайган қаҳрамоннинг ички дунёсига қаратишган.

**“Минёнлар ва Махлуқлар”**

1920-йиллар. Учта шаддод минён ўз киноларини олиш учун Голливудга йўл олади. Аммо уларнинг қўлига тасодифан сеҳрли китоб тушиб қолади. Шундан сўнг уларнинг дунёсига кинодагидан фарқли равишда ҳақиқий даҳшатли махлуқлар ёпирилиб келади. Мултфилм кино оламидаги кўплаб машҳур асарларга қилинган қизиқарли ишоралар билан тўла. Мултфилм ўз анъанасига содиқ қолган: ҳазиллари жойида, ёш бола ҳам тушунадиган содда ва чиройли маънога эга.

**“Энола Холмс 3”**

Милли Бобби Браун ва Генри Кавилл иштирокидаги саргузаштли детективнинг давоми. Ҳикоя бўйича Энола турмушга чиқиши керак эди, бироқ тўй куни акаси Шерлокни ўғирлаб кетишади. Афсуски, ёш изқувар қиз ҳақидаги сериалнинг бу қисми томошабинлар томонидан жуда паст баҳоланди. Бош ролдаги қиз ҳар доимгидек жозибали, лекин детектив воқеалар севги-муҳаббат можаролари соясида қолиб кетган.

**“Моана”**

Эски қадрдон мултфилмнинг жонли актёрлар иштирокидаги римейки. Ссенарий 2016-йилдаги мултфилмни худди нусха кўчиргандек сўзма-сўз ва кадрларигача такрорлайди. Шунинг учун ҳам кино чиққандан кейин ҳамма: “Ўзи бу филмнинг нима кераги бор эди?”, деган саволни бера бошлади. Тўғри, чиройли табиат манзараларини кўриш, севимли қўшиқларни қайтадан эшитиш мароқли, лекин мултфилмдаги ўша ҳақиқий сеҳр ва жозиба бу филмда йўқолиб қолган.

**“Ёш Вашингтон”**

Франсуз-ҳинд уруши даврида ёш офицер Жорж Вашингтон биринчи жиддий топшириғига отланади. Айнан шу қийин ҳаётий синовлар келажакда АҚШнинг биринчи президенти бўладиган инсоннинг характерини тоблайди. Бу тарихий драма машҳур филмга айланмаган бўлса-да, Вашингтоннинг ёшлигини қизиқарли қилиб кўрсатиб берган. Фақат баъзи жойларда тарихий фактларни жуда соддалаштириб юборишган ва ортиқча баландпарвоз гаплар кўпайиб кетган.

**“Динк”**

Собиқ теннисчи ўзининг спорт клубини касод бўлишдан қутқариш ва отасининг ҳурматини қозониш учун борини тикади. Бунинг учун у таваккал қилиб, янги спорт тури — пиклбол—теннис, бадминтон ва стол тенниси аралашмасини ўйнашни бошлайди. “Динк” енгил ва жуда ёқимли комедия бўлиб, спортдаги тайёр қолиплар устидан чиройли кулади. Бош ролдаги Жейк Жонсон ва бошқа актёрлар жамоаси ролни қойиллатиб ижро этишган.

**“23 000 ҳаёт”**

Берлинлик ёш кўнгиллилар Европага қочиб ўтаётган мигрантларни қутқариш учун Ўрта Ер денгизига йўл олишади. Аммо кўп ўтмай, ўзлари қонун бузувчи сифатида тергов остига тушишади. Реал воқеаларга асосланган ушбу жиддий драма томошабинларни икки гуруҳга бўлиб қўйди: бир гуруҳи филмда очиқчасига сиёсий тарғиботни кўрган бўлса, бошқалари “дунёда ёмон одам бўлмайди, ҳамма ёрдамга лойиқ” деган инсоний ғояси учун филмни кўкка кўтаришмоқда.

**“Иблис оғзи”**

Беш нафар дўст Таиланд қирғоқларидаги сувости ғорларида сузишга қарор қилишади, бироқ кутилмаганда қонхўр акула билан бирга ерости тузоғига тушиб қолишади. Филм ўша тор, ваҳимали ва нафас қисадиган муҳитни яхши етказиб бера олган. Акулалар ҳақидаги оддий даҳшатли филмларга бироз психологик босим ҳам қўшилган. Аммо ссенарий барибир ўша эски қолиплардан чиқолмаган, қаҳрамонларнинг характери ҳам бўшроқ ишланган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш учун cookie файлларидан фойдаланамиз. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сиз қабул қилмагунингизча ҳеч нарса ўлчанмайди.